00:01 / 03.06.2017
7 658

Нега собиқ советлар даврида қурилиш батальонини «Қироллик батальони» деб аташган?

Нега собиқ советлар даврида қурилиш батальонини «Қироллик батальони» деб аташган?
ОТРЯДНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШ ТАРИХИ
Кимки собиқ советлар даврида яшаган ва армияда хизмат қилган бўлса, яхши билади. Ўша пайтларда қурилиш батальони бўларди. Бу тўлиқлигича Ҳарбий қурилиш отряди деб юритилган. Нега йигитлар бу батальонда хизматни ўташга ор қилишган? Унинг бошқа ҳарбий қисмлардан нима ёмон жиҳати бор эди? «Қироллик батальони» деган атама қаердан кириб келган?..
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, собиқ советларнинг ҳарбий қурилиш отрядлари 1942 йил 13 февралда собиқ советлар халқ комиссарлари кенгаши қарорига асосан ташкил этилган. Уни ташкил этишдан мақсад гитлерчилардан озод этилган шаҳарларни қайта тиклаш бўлган. «Қироллик отряди» деб аташларига бирдан-бир сабаб шуки, ўшанда бу батальонда 300 дан 400 минггача аскар хизмат қилган. Ҳарбий десант отрядларида 60 минг, денгиз пиёдалар қўшинларида 15 минг, чегара қўшинларида 220 минг аскар хизмат қилган. Кўриниб турибдики, ҳарбий қурилиш батальонида аскарлар сони сезиларли даражада кўпчиликни ташкил этган. Мана шунинг учун ҳам бу батальонни «қироллик батальони» деб аташган.

АСКАР ТАНЛАМАС МАКОН
Хўш, нега ҳарбий хизматга чақирилувчилар қурилиш отрядида хизмат қилишдан бу қадар қўрқишган? Биринчидан, бошқа ҳарбий қисмларда аскарларни қуролдан отишга ўргатишган. Аскарлар ҳарбий илмни ўша қисмларда олишган. Бу ҳарбий қисмлар ҳақиқий эркакларники деб ҳисобланган. Қурилиш отрядида хизмат қилиш учун эса битта белкурак керак бўлган холос. Қўлида белкурак кўтара оладиган йигитни агар билим савияси паст бўлса, тўғри қурилиш отрядига жўнатишган. Ҳатто бошқа қисмларда хизматни ўташга саломатлиги йўл бермайдиганлар ҳам қурилиш отрядларида хизмат қилган. Отрядга илгари судланганлар ҳам сиғиб кетаверган.

РУС ТИЛИНИ БИЛМАСЛИК БАЛОСИ
Ниҳоят, қурилиш отрядларида хизмат қиладиганларнинг 90 фоизи Ўрта Осиё ва Кавказ йигитларидан иборат бўлган. Хўш, нега айнан кавказлик ва ўрта осиёликлар қурилиш батальонларига тушган. Асосий сабаби улар рус тилини ёмон ўзлаштиргани бўлган. Ҳарбий корчалонлар рус тилини яхши билмайдиган аскар билан ишлашни аҳмоқлик деб ҳисоблашган. Ундайларга қуролни ишониб топшириш ҳам хавфли саналган.

«ДЕДОВЩИНА» НИМА?..
Қурилиш отрядларида «дедовщина» деган мараз «қонун» мавжудлиги ростакам фожиа эди. Бир йил хизмат қилиб қўйганлар ёш аскарлар устидан истаганча кулишган, уларни қийноқларга солишган, ўта жирканч ишларни адо этишга мажбурлашган. Қийноқларга чидай олмаган кўплаб ёш аскарлар қисмдан қочишга, ё жонига қасд қилишга мажбур бўлган. Бундан ташқари, қурилиш отрядлари аксар ҳолларда гиёҳванд моддалар омбори, бозорига айлантирилган. Аскарларнинг кўпчилиги ҳарбий хизматни тугатгач, уйга ҳақиқий наркоман кўринишида кириб борган.

Қурилиш отрядларини нафақат аскарлар, балки қўмондонликдагилар ҳам хуш кўришмаган. Улар ҳарбий қурилиш отрядлари умуман кераксиз деб ҳисоблашган. 1956 йили мудофаа вазири Георгий Жуков ҳарбий қурилиш отрядлари ташкил этилгани мамлакат конституциясига зид дея атаган. Бу ҳам бир ёқда қолиб, қурилиш отрядида хизмат қилаётган аскарлар қаҳратон совуқ кунлари ҳам чала битган, иситиш мосламаларига эга бўлмаган биноларда яшашга маҳкум эди. Натижада уларнинг кўпи турли кўринишдаги хавфли хасталикларга дучор бўлган.

ЧЕРНОБИЛДА ЎЛГАН АСКАРЛАР
Яна бир минус. 1986 йили собиқ советлар ҳарбий қурилиш отрядларини Чернобил атом электр станциясида содир бўлган портлаш оқибатларини бартараф этиш учун ташлашган. Аскарлар ва ҳарбийлар жуда узоқ вақт заҳар ютиб яшашга мажбур бўлган. Уларнинг кўпчилиги, афсуски, уйига қайтмаган. Афғонистондаги урушда ҳам худди шу қурилиш отрядлари вайрон бўлган аэропортлар, бинолар, иншоотлар, турар жойларни қайта тиклаш билан шуғулланган. Бу ерда ҳам аскарлар ҳаёти жиддий хавф остида қолган.
Хайриятки, бугунги кунда шундай хатоликларга йўл қўйилмаяпти. Қурилиш тури борки, махсус ташкилотлар тарафидан амалга оширилмоқда. Собиқ советлар давридаги даҳшатлар тарихда қолгани рост бўлсин.

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нега собиқ советлар даврида қурилиш батальонини «Қироллик батальони» деб аташган?