03:46 / 16.06.2017
8 828

Шавкат Мирзиёев хотин устига хотин олиш ҳолатларини танқид қилди

Шавкат Мирзиёев хотин устига хотин олиш ҳолатларини танқид қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида қўшхотинлик билан боғлиқ ҳолатларни танқид остига олди, деб ёзмоқда «Дарё» нашри.

«Шу ўринда яна бир нозик масала бўйича алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Баъзан ҳаётда ЗАГС, яъни Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, минг афсуски, учраб турибди», — деди давлат раҳбари.

«Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий ‘Ўткан кунлар’ романида кундошлик туфайли бутун бир оила бошига тушган фожиаларни жуда таъсирчан тасвирлаб бергани наҳотки сабоқ бўлмаган бўлса? Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган никоҳдан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди», — қўшимча қилди Президент.

Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда ана шундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

«Ҳурматли имом-хатиблар, сизлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатни кўрмасдан туриб, турли бойваччаларга шаръий никоҳ ўқиб бераётганингизда мана шундай ишингиз оилаларга қандай бахтсизлик, жамиятга қандай катта муаммо олиб келаётганини лоақал тасаввур қиласизларми ўзи?!», — хитоб қилди Шавкат Мирзиёев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев хотин устига хотин олиш ҳолатларини танқид қилди