Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 57 фоизи мамлакатда коррупция бор, деб ҳисоблайди

  • Жамият
  • 17-06-2017, 09:07
  • 891
  • Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 57 фоизи мамлакатда коррупция бор, деб ҳисоблайди
    «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари 2017—2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида фуқароларнинг ушбу иллатга муносабатини ўрганди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га таяниб «Соф.уз» хабар бермоқда.

    Сўровда қатнашганларнинг аксарият қисми — 91,5 фоизи давлат раҳбарининг ушбу иллатни илдизи билан йўқ қилиш, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни қарор топтиришга қаратилган қонунчилик ташаббусини қўллаб-қувватламоқда.

    Респондентларнинг ярмидан кўпи (56,8 фоиз) жамиятда коррупция бор, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси кўпроқ қайд этган. Сўров шуни кўрсатдики, шаҳар аҳолиси қишлоқ одамларига қараганда жамиятда коррупция мавжудлигини кўпроқ таъкидлаган.

    Тадқиқотда қатнашганларнинг 76,3 фоизи фикрича, мазкур иллат ҳамма жойда эмас, балки жамиятнинг айрим соҳаларида бор. Масалан, респондентларнинг 37,6 фоизи томонидан соғлиқни сақлаш коррупция энг кўп кириб борган соҳа сифатида кўрсатиб ўтилган. Ундан кейин таълим соҳаси турибди (31,4 фоиз).

    Сўровда иштирок этганларнинг ҳар тўртинчиси айрим ҳуқуқ-тартибот органлари коррупциялашган, деган фикрни билдирган. Бандлик, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат, банк, солиқ ва божхона идоралари, ҳокимликлар ҳамда бошқалар фаолиятида ҳам коррупция учраши билдирилган.

    Марказ ходимлари муаммонинг илдизини аниқлашга ҳаракат қилди. Респондентларнинг 64,4 фоизи коррупцияни ҳуқуқий, 51 фоизи иқтисодий, 46,3 фоизи ижтимоий, 45,8 фоизи ахлоқий муаммо сифатида билади.

    Ўзбекистонликлар фикрича, фуқаролик жамияти кенг миқёсда ривожланмаганлиги, жамоатчилик назорати яхши йўлга қўйилмаганлиги, ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги каби муаммолар коррупциянинг турли идоралар фаолиятида кенг тарқалишига сабаб бўляпти. Мансабдор шахслар ваколат доирасининг кенглиги, уларнинг фуқаролар фаровонлиги билан боғлиқ қарорларни қабул қилишга таъсир этиш имконияти ҳам коррупциянинг пайдо бўлиши эҳтимолини оширади.

    Моддий аҳволини яхшилаб олиш ҳамда бойиш истаги мансабдор шахсларни коррупцияга ундайди. Айни пайтда шахсий муаммоларини ҳал қилиш эвазига фуқароларнинг ўзлари берадиган моддий мукофот ёки бошқа кўринишдаги ҳадялар ҳам коррупцияга йўл очади. Шу боис аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва коррупцияга қарши ахлоқ стандартларини яратиш жуда муҳим.

    Кейинги пайтда коррупцияга олиб келувчи сабаблар сифатида ушбу соҳада қонунчилик базаси такомиллашмаганлигини кўрсатувчи фуқаролар сони 8 фоизга камайгани (10,4 фоиз) эътиборга молик. Қонунга ҳурматсизлик, маҳаллий бошқарув органлари фаолияти шаффоф эмаслиги ҳам коррупцияга олиб келаётган сабаблар сифатида қайд этилган.

    » » Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 57 фоизи мамлакатда коррупция бор, деб ҳисоблайди
    Яндекс.Метрика