19:06 / 23.07.2017
6 597

Яна кириш имтиҳонлари ҳақида: Сабабсиз оқибат қонунияти...

Яна кириш имтиҳонлари ҳақида: Сабабсиз оқибат қонунияти...
Кўпчилигимизга таниш ва севимли бўлган бир ўзбек фильмида йигит севган қизига севги изҳорини билдира туриб, «Мен шоир эмасман аммо не қилай, муҳаббат қўлимга тутқазди қалам...», дея хитоб қилади. Бироқ бунақа пайтда шоирликка даъво қилмайдиган ҳар қайси йигит ҳам бир уриниб кўради шеър ёзишга.

Мен ҳам журналист ёки блогер эмасман. Очиғини айтсам, ижтимоий тармоқларда ҳам унчалик фаолмасман. Фақат маълумот алмашиш учун мессенжерлардан фойдаланиб тураман. Бироқ бу имло луғатидаги сўзларни ҳар доим ҳам ўз ўрнида қўллай олишим учун етарли эмас. Шу боис, сўз бирикмаларини ёки сўзларнинг кетма-кетлигини ноўрин ишлатиб юборсам, олдиндан узр сўрайман.

Қоғоз «қоралаш»га (бу ҳам ҳақиқий журналистларнинг мақоласидан олинган ибора) сабаб бўлган мавзу эса блогер Хушнуд Худойбердиевнинг Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини адолатли ва ҳаққонийлигини таъминлашга қаратилган таклифларидир.

Блогер мавзуга тўғри ёндашган. Дарҳақиқат, «Нима қилса, тестларда бутунлай ҳаққонийликни таъминлаш мумкин?». Бу савол бугунги кунга қадар ҳам бўлган ва кейин ҳам бўлади.

Айтайлик, мен биринчи марта абитуриентлик даражасига бундан 17 йил илгари эришганман. Бироқ ўша пайтда ҳам тестларнинг ҳаққонийлиги ва адолатли ўтиши юзасидан блогер айтганидай «ҳамма ўз дунёқараши, тажрибасидан келиб чиқиб фикр, таклиф айтишга ҳаракат» қиларди. Бироқ 2000-йилларда уяли телефон билан имтиҳонга кириш нари турсин, уяли телефони бор фуқаро абитуриентлик давридан ҳам анча узоқда юрарди.

Бу ҳам бир таклиф-да...
Бугунги кунда Олий ўқув юртига кириш имтиҳонларининг адолатли ва ҳаққонийлигини таъминлашни блогер айтганидай биргина ислоҳот билан ёки Хушнудга ўхшаган жонкуяр блогерларнинг таклифлари орқали амалга ошириш мураккаб масала. Шунингдек, буни фақат уяли телефонлар билан боғлаш ва ечимини ҳам ўша жойдан қидириш тўғри эмас, деб ўйлайман. Аввало, бунга бутун бир миллат муаммоси сифатида қарашни таклиф қилган бўлардим. Сабаби 1997 йилда «Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури» қабул қилинган бўлишига қарамай, бизда ҳалиям кадрларга бўлган жуда катта эҳтиёж мавжуд. Ҳаммаси бориб ўша имтиҳонларнинг адолатли ўтишига тақалмоқда.

Олий ўқув юртига киришнинг осон йўлини танлаган абитуриент эртага ўқиш жараёнида ҳам, ишга киришда ва ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда ҳам табиийки, шу йўлдан кетишга кўникади ва интилади. Олий таълим тизимидаги ўқишни тамомлаган ўша талабага 4 йилдан кейин барибир диплом берилади. Иш жараёнига кириб келган талабанинг қўлида маълумоти ОЛИЙ эканлигини исботловчи ҳужжат ўша диплом ҳисобланади.

Шундай бўлса-да, имтиҳонларда уяли телефондан фойдаланиш мавзусини тугатиб қўйсак. Бир неча йилдирки 31 июль куни уяли алоқа компаниялари ўз мижозларига минг бир хижолатчилик билан 1 август куни соат 09:00 дан 13:00 га қадар СМС хабар хизматининг ишламаслиги юзасидан «Узрнома» юборади. Аслида бу абитуриентларнинг имтиҳон залларига телефон билан киришини 100 фоизга чеклашнинг имконияти йўқлигини тан олганлигимиздан далолат эмасми?

Ғояга қарши ғоя билан курашмоқ...
Биз яшаётган XXI асрни ахборот технологиялари асри, деб бонг урамиз. Тўғри АКТ борасида инсон тафаккурига гап бўлиши мумкин эмас. Буни инкор қилиб бўлмайди. Ҳақиқатда буюк ихтиролар. Бироқ яна бир кинофильмни эсга оламиз. Имтиҳонга радиоалоқа воситаси билан кирган талабанинг кашфиётини аниқлаган ва тўлқинни ушлай олган домла тўғрисидаги воқеалар бундан 40-50 йил илгари ҳам бўлган-ку. Наҳотки, бугунги ривожланган технологиялар билан 200 метр радиусдаги тўлқинни аниқлаб, уни блоклай оладиган радарлардан фойдаланиш (агар мавжуд бўлса) мураккаб масала бўлса?

Балки бунга ҳали эртадир...
Яна бир кичик таклиф - фуқаронинг (балки талабанинг) маълумоти олий эканлигини исботловчи ҳужжатни олиш жараёнидаги имтиҳонларни ҳам бир кунда, айтайлик 1 июлда бўлишини тавсия қилган бўлардим. Ушбу имтиҳонларга барча битирувчи талабалар ҳозирги абитуриентлардек тайёргарлик кўришса дейман. Имтиҳондан ўтолмадими, марҳамат, кейинги йили келсин ва имтиҳонни қайтадан топширсин. Имтиҳондан ўтса — дипломини олиб, ишлаб чиқаришга (иш жойига) йўналтирилсин. Шунда ота-оналар ҳам абитуриентнинг ўзи ҳам бир ўтириб ўйлаб кўришарди. Умрининг 4 йилини, балки ундан ҳам кўпроғини ҳавога сафлаш тўғрисида.

Ўқишга кириш жараёнларини ҳам тоифаларга ажратсак фойдадан холи бўлмайди. Олий ўқув юртларининг кечки, яъни пуллик тизимларини ташкил қилиш вақти келгандир балки. Бу имтиҳондан ўтишнинг қинғир йўлларни излаган абитуриентларга қўл келади. Марҳамат, давлат бюджетига белгиланган пулни тўла ва ўқигин. Лекин энди кириш имтиҳони эмас, чиқиш имтиҳони бўлади. Ўйлайманки, бунинг зараридан фойдаси кўпроқ бўлади. Натижада кечки таълим ривожланади.

Исомиддин Нуриддинов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яна кириш имтиҳонлари ҳақида: Сабабсиз оқибат қонунияти...