10:33 / 25.07.2017
6 440

1 август: Бункер, оёқ кийимга яшириладиган телефон ёхуд таниш-билишчилик

1 август: Бункер, оёқ кийимга яшириладиган телефон ёхуд таниш-билишчилик
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси. Илмий мақолам учун маълумот тўплаш мақсадида жавонлар оралаб юрибман. Керакли китобларни топишгаку топиб олдим, аммо ўтириш учун бўш жой қидиравериб роса сарсон бўлдим. Одам шунақаям кўп-ки… Танга ташласангиз ерга тушмайди. Қўлида мактаб дарсликларию тест тўпламларини бир қучоқ қилиб кўтариб олган йигит-қизларни кўриб билдимки, келганларнинг аксарияти абитуриентлар.

Ҳа, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига ҳам саноқли кунлар қолди. Ақалли бир-икки саҳифа кўпроқ бўлса ҳам маълумот ўқиб, билимини мустаҳкамлаб олиш илинжида шошинқираган нигоҳлар… Талаба деган фахрли номга эга бўлиши истагида ёнаётган юраклар…

Тамадди қилиб олиш мақсадида кутубхона буфетига йўналдим. Қўшни столда ўтирган йигитларнинг суҳбати диққатимни тортди.

– Э, бунинг бўлмайди. Янаям кичикроқ, ихчамроғи йўқми? Яширишинг осонроқ бўларди.

– Билмасам, шунинг ўзи ҳам туфлимнинг пошнасига сиғса керак?! Фолгага ўраб олиб жойлаштирсам, анавиларнинг детектори ҳам аниқлай олмайди.

– Ҳа, қара, қулайроқ қилиб жойлаштиргин. Олиб киришга олиб кириб, кейин ишлата олмай қовун тушириб юрма тағин. Худонинг раҳми келиб, бир гуруҳга тушиб қолсак, билимингни мен билан баҳам кўрарсан…

«Абитуриентлар»нинг «илм-фан тўғрисидаги қизғин суҳбат»ларидан кайфиятим тушиб кетди. Телефонни қандай қилиб олиб киришу қай йўсинда уни ишлатиш ҳақида қотираётган бошингни ўқилган мавзуларни такрорлаш учун ишлатсанг яхшироқ бўлармиди, дегим келди. Лекин бундан қандайдир наф чиқишига кўзим етмади. Бутун йил давомида «Болагинам ўқияпти», деб юрган ота-онасининг кўзини шамғалат қилиб нима иш билан машғул бўлганини худо билади. Энди имтиҳонга 3 кун қолганда оёғи куйган товуқдек типирчилаб қолишадию, ўзининг билимига ишонмай, жилла қурса контрактга илиниб олишнинг турфа йўлларини ўйлаб топишга шўнғиб кетишади.

Гардеробдан сумкамни олиш мақсадида навбат кутиб ўтирганимда «Дадам кеча айтдилар. Анави бункер билан келишиб олишибди. Ҳар битта фанга беш юз кўк сўрабди. Ҳар ҳолда ёмон эмас, учта фаним учун бир яримта билан кириб кетсам, ошиғим олчи. Телефонни амаллаб киргизиб олсам бўлди», дея ёнидаги йигитга сўз қотаётган “абитуриент”нинг гаплари мен учун ўлганнинг устига чиқиб тепгандек бўлди . Отасининг пулига орқа қилаётган экан, кутубхонага келиб нима қилади? Ўзидан “ақлли абитуриентни” ни ясаб олиб, кўзбўямачилик қилиш учунми?

Қайсидир ҳикоя қаҳрамони тилидан айтилган сўзлар хотиримга келди. «Қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган инсонлар нольга ўхшайди. Ноль олдида бошқа бир сон бўлганидагина қийматга эга бўлганидек, бундай инсонлар ҳам мустақил тарзда ҳеч бир ишни эплай олишмайди. Ниманингдир уддасидан чиқиш учун суянчиққа эҳтиёж сезишади…»

Наҳотки бизнинг жамиятимизда ҳам нольга ўхшайдиган инсонлар бўлса? Масаланинг энг аччиқ томони мана шундай «ноль»ларнинг ёшлар орасида ҳам борлигидадир.

Уч соат….180 дақиқа… Ақалли мана шу қисқагина фурсатда талаба бўлиш илинжидаги ёшлар мустақил иш тутишсин. Ҳеч кимга суянмай… На телефонга, на ота-онанинг мансабига, на «бункер»га… Фақатгина ўзининг кучи ва билимига ишонсин. «Мен қилмаганим билан бошқалар нима каромат кўрсатяпти?» дейдиганларга ҳам жавобимиз бор. Агар чиндан ҳам қунт билан керакли билимларни ўзлаштирган бўлсангиз, адолат, албатта, тантана қилади. Билим ҳар қандай пул, мансаб, таниш-билишчиликдан устун келади…

Саодат АБДУРАҲМОНОВА

Манба: mulohaza.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 1 август: Бункер, оёқ кийимга яшириладиган телефон ёхуд таниш-билишчилик