18:38 / 28.07.2017
5 676

Бензин нархини ошириб, муаммони ҳал этмоқчи бўлганлар, ичимиздан нефтдек қайнаб чиқаётган саволларга ким жавоб беради?

Бензин нархини ошириб, муаммони ҳал этмоқчи бўлганлар, ичимиздан нефтдек қайнаб чиқаётган саволларга ким жавоб беради?
Бензин муаммоси:
КИМ ЖАВОБГАР?!
Келинг, бир бошдан бошлаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 октябрдаги “Автобензин чакана нархининг ўзгариши тўғрисида”ги 360-сонли қарори билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бензин нархлари оширилди. Унга мувофиқ Аи-80 маркали бензиннинг
1 литри 2800 сўм, Аи-91, Аи-92, Аи-93 – 3000 сўм ҳамда Аи-95 учун 3300 сўм этиб белгиланди.

Кўпчилик яхши эсласа керак, мазкур қарор одамлар орасида ўзига хос акс-садо берган эди. Акс-садоларки, мазмуни бир хил:
“Нега бу тарзда кескин кўтарилиб кетди?”
“Бензинни юртимизнинг ҳамма ҳудудларида бир хил қийматда сотишда маҳсулотни ташиш харажати ҳар хил бўлганлиги боис шундай қарорга келинибди”
“Энди ҳамма АЁҚШларда бензин бўлади!”
“Метан газ баллон ўрнатаман”

Ва, ҳоказо...
Ўша воқеликдан сўнг ҳақиқатан республикамизнинг энг олис гўшалари ҳам автомобиль ёқилғисидан бебаҳра қолмади. Соҳа тадбиркорлари шохобча­ларига янгитдан зеб беришди, энг муҳими, олис сафарга чиққан ҳайдовчи-йўловчи “кўчада қолиб кетмайдиган” бўлди.
Мана орадан қарийб тўққиз ой ўтди.
Бу муддат амалга оширилган янги тизимнинг қай тариқа ишлаётганини билиш учун етарли, деб ҳисобладик ва айрим кузатувларни амалга оширдик.

Тўй баҳона...
Ҳаётнинг оҳанрабоси – йиллар силсиласидаги бахт учқунларидир. Шу пайтга қадар яшаб ўтган умрингизни сарҳисоб қилсангиз, дастлаб ўша митти чақинлар кўз олдингизга келади. Хоҳланг, уларни бир жойга жамланг-да, БАХТ деб атанг ёхуд шодасидан ситиб, толе, савоб, байрам, тўй, туғилган кун, лавозим-мартаба, бахтиёр оила, фаровон турмуш... кабиларга ажратинг. Мулоҳазангиз қай йўсинда бўлмасин, кўп ҳолларда мамнунлик туйғуси ғолиб келади. Чунки Ҳазрати Инсон табиати шунақа: эзгуликка талпиниб, эргашиб яшаш.
Хуллас, Сурхон тупроғида бир замонлар довруғ қозонган полвон, кейинчалик кўп йиллар устоз-ўқитувчи мақомига эришган падари бузрукворимизнинг олтмиш ёшга тўлганини сезмай ҳам қолибмиз.
– Келяпсизми, ўғлим?
– Эртага йўлга чиқаман...
***
– Эрталабдан тайёргарлик авжида-ку, “Хўжаипок ота”нинг шифобахш сувидан опкелайми? – дейман махсус елим идишларни багажга жойлаётган аёлимдан.
– Бензин олмайсизми? – риторик савол беради у. – Биласиз-ку, у тарафларда қиммат. Кеча акам билан гаплашувдим, “бизда бензин қўлга чиқиб кетди” дегандай бўлувди-да, шунга...
– Бензин бор! Бўлди тушир идишларни, тақиқланган контейнерларда ёнилғи ташиш мумкинмас: йўлда “пожарний” гаранг қилса, нима дейман?..

Хавотир
Таъсирчанлик кўпгина ҳолатларда панд беради, тўғрими? Салгина эпкин кайфиятига ўтадиган одамларни-ку, қўяверинг. “Фарход бозори” атрофидаги “Интран сервис” ёқилғи қуйиш шохобчасидан бакни тўлдириб оларканман, саҳарги гурунг хаёлдан кетмайди. “Мана, навбат кутиш йўқ, ҳамма эмин-эркин эҳтиёжига яраша олиб кетаяпти, Тошкентнинг барча мавзеларида ҳолат шундай. Наҳот Сурхонда?..”.
Топдингиз! Шундай қиламан ҳам.
– Ало, ука, яхшимисан?
– Шукр, юрибмиз.
– Йўлга тушдим, фақат бир нарса ҳақида сўрамоқчийдим: туманимизда бензин борми?
– Бор шекилли, мен “пропан”да юраман-ку – ишим тушмайди. Лекин “бензоколонка”лар олди гавжумлашиб қолади баъзан...

Демак, бор. Умид яхши-да...
М-39нинг йўллари
Қоронғулик бағрини тилиб бораётган машина ва унинг чироқларига узоқдан боқсангиз, худди икки оппоқ дулдул жиловланган извошга ўхшайди. Метан газ қуйиш шохобчалари пештоқида порлаётган ёғдулар эса эртаклардаги нақшинкор қасрларни ёдга солади. Ростдан, бу каби шохобчалар йўлда жуда-жуда кўп. Эҳтиёждан келиб чиқиб, албатта. Аммо бензин ғамловчи объектлар бу ҳудудларда кам.
...Жиззах довони. Ана, битта АЁҚШ кўринди. Афсуски, махсус тўсиқ билан ёпиб қўйилган. Бу ёғи ўзбекчилик, бақириб қўябердик: бензин борми-и?

Ғира-ширалик ортида бир йигит икки билагини баравар кўтариб, алвидо дегандай қўл силкийди.
Кейин нариги, ундан наригисида ҳам...
Булунғур, Жомбой ортда қолади. Самарқанддамиз. Катта трактдан юрганлар яхши билади – шаҳарга кираверишда иккита алоҳида кўзга ташланиб турадиган автомобилларга бензин қуйиш шохобчаси бор. Бири чап томонда, шундоққина метан газ, дизель ёқилғиси шохобчаларининг биқинида, иккинчиси эса тахминан икки чақиримча нарида – ўнг тарафингиздан чиқади.
Лекин ҳар иккиси-да ёпиқ. Бензин йўқ. “Қачон бўлади?” деган синовчан сўроғимиз эса мужмал жавобга тақалади: келгани ҳамоно тугаб кетопти...

Қашқадарё бой ресурслар манбаи. Айниқса, газ захираси ҳақида гап кетганда, бу вилоят республикамиз локомотивларидан бири ҳисобланади. Шунга монанд бўлса керак, машиналар эҳтиёж учун тўхтайдиган манзилларда фақат метан ва пропан бор. Истаганингизча! Бензин эса...
...Ёқилғи кўрсаткичи тобора пастлаб бораяпти, Сурхондарёга-ку етармиз, аммо қайтиш-чи? Деҳқонободдан чиқибоқ бошланган ўнқир-чўнқир йўллар Олтинсойга қадар давом этади. Ҳаммасидан ҳам машинага жабр бўлди – автоулов қурғур югани ҳадеб тортилаверган айғирдек пишнаб-пишқириб ахийри манзилга етди...

Қувайт Форс кўрфазида эмасми?
Тадбир файзли ўтди. Фарзандлик бурч имкон қадар адо этилди. Отам хайрлашиш олдидан бағрига босиб, оқ оралаган сочларимни кулимсираган куйи бот-бот силайди: “Ўзимга ўхшагансиз, биз ҳам ўттиз ёш ёқалабоқ оқбош эдик”...
Хў-ў-ш, энди бензин ғамлаш керак. Маҳалламизга яқин жойда иккита АЁҚШ бор. Бири Гулистон, яна бири Бибизайнаб маҳалласида. Аввал Гулистондан бошлай қолайлик. Эсимни таниганим бери мавжуд бу шохобча қачон фаолият бошлаганини, тўғриси, билмайман. Ёшлигимда бу ерга отам билан мотоциклда келардик. Айтмоқчи бўлаётганим – қадрдонроқ маскан. Ҳозирда унинг атрофидаги буталар шу қадар тарвақайлаб кетибдики, йўлбилмас бирор ҳайдовчи илғамай ўтиб кетиши тайин. Шохобча олдида тўхтаймиз. Қоровулми, ё оператор – тузук англашнинг имкони бўлмади, хуллас, шу жойнинг эгаси – ўзига қулай шароит яратиб олибди. Соя салқин тагида ёғоч каравот, кўрпа тўшалган, саҳнга эса шакароб қилиб сув сепилган.

– Ассалому алайкў-ў-м, бой ота, – (“Шум бола”часига салом берамиз) – Бензин борми?
У ҳам ёнбошлаган куйи фақат жиззахлик йигитдан фарқли равишда бир қўли билан ҳавони кесади.
– Оббо, узоқ йўлга чиқаяпмиз, бир ёрдам қилинг.
Елка қисилади...
Майли, чиқмаган жондан умид – Шўрчига борақолай. Ҳар ҳолда марказроқ шаҳар.
Кезинг, бемалол кезининг фойдаси йўқ.
Нажот киракашлардан.

Шоҳбекатга буриламиз. “Тошкент, бир киши Тошкент”, дея бақираётган ҳайдовчига дуч бўламиз.
– Бензинни “Қувайт”дан топасиз, – дейди дастрўмолчасида пешонасини артиб. – У ерда кеча-ю кундуз бўлади.
Кейин қўшиб қўяди.
– Хоҳлаганингизча!
Манзил-макон кўрсатилади. Ўша ёққа юрамиз. Йўл четида якка-яккам баклашкалар бўй кўрсатади. Сариқ-қизғиш рангдаги бу чорловлар хонадонларда бензин сотилаётганидан дарак берарди. Бир уй олдида тўхтаймиз. Офтоб-да қорайтириб сепкилларини кеткизолмаган ўспирин йигит югуриб чиқади. Салом-аликдан сўнг “савдо”ни бошлаймиз.

– Неча пулдан сотаяпсан?
– 4500 сўм.
– Келиштириб айт, 50 литр оламиз.
– 4300 дан бера оламан, охирги нарх шу.
– Инсоф сари – барака, деганлар.
– Э-э, ака, ўзи 4000 сўмдан ҳисоблаб тўкиб кетишган. Қолса, 300 сўм қолади бизга.

– Қаердан оляпсизлар ўзи, бензинни?
– Тошкентга қатнайдиган таксистлар ташлаб кетишади.
Тушунарли, таъминот карвони – улар...
Олтинсойга қайтамиз. Таниш-билишлардан суриштириб бу ернинг ҳам “Қувайт”ини топамиз. Нарх ўша-ўша – 4500 сўм..
Аммо ҳамён пиёз пўчоғига қиёсанки, қани энди пул етса. Уйга қайтиб пул сўраш ноқулай. Яқин дўст шундай пайтда жуда асқотади, қарз сўрашга мажбурмиз...

...Тонгга яқин Янгийўл туманига етамиз. Кўприкдан ўтибоқ юзимиз ёришади, ана, хайрият АЁҚШ очиқ экан. И-е, навбат кутилаяпти шекилли, аммо чироқлар ўчиқ. Дарча ойнасини чертамиз. Ичкаридан уйқусираб бир бўз йигит чиқади.
– Бензин йўлда келяпти, соат 7 ларда бўлади.
– Унгача 3 соат бор экан-да, “ҳар эҳтимолга қарши олиб қўйилганидан” йўқми? – дейман, қувлик билан.
Йигит ён хонадан 1,5 литрлик баклашкада бензин олиб чиқади: 6 000 сўм!

– Қиммат экан, керакмас...
Синашта суҳбатни якунлаганимиз ҳамоно навбатда турган ажнабий машинадан бир киши тушади. Давлат рақамига қараймиз. МДҲга тегишли. Меҳмон шу ерга келиб “ўчиб” қолганини, уч соатдан бери кутиб турганини айтади...
Учма-уч ўлчаб қуйилган бензин касри ўлароқ машинамиз силкина-силкина шаҳри азимдаги “Мисс” номли АЁҚШга етиб келади. Электрон таблодан эса қуйидаги эслатма ғир-ғир ўта бошлайди:“Метан газ баллон ўрнатилган машиналарга 10 литргача бензин қуйилади.”
Бу гал изоҳ ўзингиздан бўлақолсин...
***
Сабрингиз чидаб ўқиганингиз – шулар. Саргузаштимиз тафсилотларини эса имкон қадар қисқароқ қилишга ҳаракат қилдик. Яна нималар қолди?
Ҳа-я, мушоҳада, хулоса қисми қолди.
Бўлмаса давом этайлик.
***
Фикрларимизни давом эттиришдан аввал бир жиҳатни айтиб ўтиш жоиз. Биз билган муаммо кеча пайдо бўлиб қолгани йўқ.

Ўйлаб қоласан киши, ҳукумат сал кам бир йил олдин аҳоли ва мутасадди ташкилотнинг мурожаатини инобатга олиб, бензиннинг нархини оширди. Мақсад нима эди? Қиммат бўлса-бўлсин, аммо маҳсулот ҳамма ҳудудларга етиб борсин. Аслида-чи? Бизнинг уч кунлик сафаримиз мобайнида не машмашалар кузатилганини юқорида ўқидингиз.

Бугун замон ўзгарди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларига ҳар қачонгидан-да устувор масала сифатида қараляпти. Олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар самараси ўлароқ, юртдошларимиз эртанги кунга ишонч билан қараяпти. Бироқ биз кўтариб чиққан – энг зарур турмуш эҳтиёжлари қаторида турувчи бензин муаммоси ҳалигача ҳал этилмаётгани тараққиётимиз одимларига солинаётган тушов занжирининг ҳалқаларидан бири эмасмикан?..

Ёхуд масъулларнинг ушбу кўнгилсиз ҳолатдан хабарлари йўқми?
“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси раҳбарлари-чи?
Биз мақолада айрим вилоятларнигина санаб ўтдик, холос. Аслида митти “Қувайт”лар юртимизнинг ҳамма жойида бор. Буни энди яширишдан маъни ҳам йўқ.

Ана шуларни ўйлар экансиз, миянгизда парадоксал сабаблар гужғон ўйнайверади: биз учун нечоғлик ҳайратланарли, соҳа мутасаддилари учун қанчалик уятли бўлмасин, ўша “Қувайт”лар аҳолининг бензинга бўлган талабини қондиряпти. Энг асосийси, ўша “таъминот карвони”дагилар бензинни четдан олиб келаётгани йўқ. Ўзимиздан, сепкилли йигит айтганидек, Тошкент шаҳридан ташиб кетяпти. Демак, компаниянинг салоҳияти етарли бўлса, унда тизим тармоқларида муаммо борми?

Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг ушбу йил 12 июлда сенаторлар, депутатлар ва сиёсий партия вакиллари билан учрашувида илгари сурган таклифи ёдга тушади: “Бугун ҳаётнинг ўзи парламент назорати объектлари доирасини кенгайтиришни ҳам талаб этмоқда. Амалдаги қонунга кўра, парламент фақат давлат органлари фаолияти устидан назорат олиб бориши мумкин. Бироқ хўжалик бошқаруви органлари, хусусан, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекэнерго” ва бошқа компания ва бирлашмалар бундан четда қолмоқда.
Шу мақсадда “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим, деб ҳисоблайман”.
Ичимиздан нефтдек қайнаб чиқаётган оғриқли саволларга ким ёки қайси мутасадди ташкилот жавоб бера олади?..

Аслиддин АЛМАРДАНОВ

Манба: Dia.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бензин нархини ошириб, муаммони ҳал этмоқчи бўлганлар, ичимиздан нефтдек қайнаб чиқаётган саволларга ким жавоб беради?