08:41 / 05.08.2017
7 149

Вилоятларда гўшт нархи белгиланганидан наф бўлдими?

Вилоятларда гўшт нархи белгиланганидан наф бўлдими?
Рўзғор учун энг керакли маҳсулот – гўшт нархи кескин ошгач, барча мутасаддилар муаммони ҳал қилишга ўз услубида киришдилар.

Вилоят ва туман ҳокимлари ҳудудидаги аҳолига гўшт сотувчи қассобларни йиғиб, машваратлар ўтказди. Уларни олдига: “Эртадан бошлаб, гўшт белгиланган нархда сотилади!” дея топшириқ берилди. Мажлис қарорлари ОАВда қилингач, ўзимизни анча хотиржам сездик. Мазкур тадбирдан сўнг шаҳар ва туман назорат қилувчи органлари кунлик текширувга чиқиб, қассобхоналарни назорат қила бошлади.

Бир-икки ҳафта ҳайтовур нархни мана шу йўл билан ушлаб турилганини инкор ҳам этмаймиз. Бироқ, айни пайтда гўшт яна ўз таннархига мос нархни белгилаб, жойига қайтди. Бу - нархни назорат қилишни ёқтирмайдиган БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИ деганидир.

Эътиборингизга Ўзбекистонни турли вилоят ва шаҳарларидаги ҳолатни ҳавола қиламиз:

Юқорида кўриб турганингиздек, гўшт ҳокимликлар томонидан белгиланган(тавсия қилинган десак, тўғрироқ бўлар) сотилмаяпти. Бозорларда ҳарқалай нарх бироз арзон. Лекин, жойлардаги нарх ошмасдан олдин мунтазам фаолият юритаётган гўшт сотиш шохобчалари эндиликда тўлақонли ишламаётгани ташвишли ҳолат.Мазкур рақамларни айнан шу вилоятнинг барча туман, шаҳарларидаги аниқ нарх деб қабул қилиб бўлмайди. Сабаби, нарх тинимсиз “ўйнаб” турибди. Биз ўрганиш давомида ерли аҳоли томонидан берилган маълумотларга асосландик.

Қассоблар ва гўшт ишлаб чиқарувчи, яъни мол парваришлайдиган кишилар билан мулоқот давомида ҳар икки томон ўз муаммоларини айтаётир.

-Ҳозирча, тери ва калла-почадан тушган киримга қаноат қилиб, гўштни белгиланган нархда сотяпман,- дейди андижонлик қассоб.

-Хонадонда доим уч-тўрт бош мол боқамиз, қорамол боқиш қийинлашиб, кунжара нархи 2200 сўмга, омухта ем 1900га чиқди,-дейди Хоразм вилоятидан алоқага чиққан фуқаро.

Гўшт етказиб берувчиларни фикрича, қассоблар масаласи жиддий экан. Сабаби, гўшт таннархи арзонлашгани билан қассоб бир хил фойда кўради. Чунки, у олади ва устига қўйиб сотади. Қарангки, мол етиштирган боқиб 1 миллион, қассоб уни сотиб 1 миллион топади. Муаммонинг негизи ишлаб чиқарувчига шароит яратиб беришда, дея қайта-қайта такрорлаяпмиз, холос.

“Назорат сўйиш” ҳақида эшитганмисиз? Водий вилоятлардан бирида мутасаддилар ана шундай амалиёт ўтказибди. Бозордан мол сотиб олиниб, тоза суякли гўшт нархи аниқланганида, тери ва калла-поча ташқари гўшт қассобларга 28500дан тушаётгани аниқланди.

Айнан шу борада мақолалар жуда кўп эълон қилинаётган бўлса-да, ҳали бирор марта соҳа вакиллари ОАВ орқали таҳлилий чиқиш қилишмади.

Муаммони ечими ҳамда кўзда тутилаётган амалий ишлар бўйича мутахассисларга юзланишни мақсад қилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий сайтидаги телефон рақамига қўнғироқ қилганимиз фойда бермади. “O’zbekoziqovqatxolding” компанияси гўшт ва сут маҳсулотларини ривожлантириш бўлимидан гўшакни кўтарган киши ўзини стажёр эканлигини айтиб, барча мутасаддилар вилоятларга хизмат сафарига чиқиб кетгани ҳамда компания гўшт етказиб бериш билан эмас, балки гўштни қайта ишлаш билан шуғулланиши, керакли маълумотларни гўшт ишлаб чиқарувчилардан олган маъқуллигини айтди.

Мазкур муаммони ҳал этиш учун вилоятларда гўшт нархини белгилангани ҳеч қандай наф бермади, дейиш нотўғри бўлади. Мазкур тадбир ҳарқалай наф бергани бор гап.

Соҳанинг мутасадди ташкилотлари, балки гўштга ихтисослашган бўрдоқичилик фермер хўжаликларини ривожлантириш ва уларга кредитлар бериш борасида лойиҳалар, хонадонлардаги маҳсулот етказиб берувчилар учун имтиёзлар бўйича янгиликлар устида бош қотираётган бўлиши мумкин. Фақат муаммони тубдан ҳал этиш бўйича қандай ишларни амалга оширилаётганини билиб турсак яхши бўларди. Ахир ҳар бир вазирлик қошида матбуот хизмати фаолият юритади.


Манба: Kun.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вилоятларда гўшт нархи белгиланганидан наф бўлдими?