15:04 / 08.08.2017
6 178

Самарқандда ярим тонна этил спирти ортилган “Ласетти” тўхтатиб қолинди

Самарқандда ярим тонна этил спирти ортилган “Ласетти” тўхтатиб қолинди
Яқинда Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ички ишлар идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги этил спиртининг ноқонуний айланмасини фош қилишди.

Вилоят ҳудудида ҳаракатланаётган «Lacetti» русумли автомашинаси бошқараётган фуқаро Ҳ.Эшимов дастлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи диоралар вакилларининг тўхташ ишорасига буйсунмасдан, газни босади. Аммо, қочишга уринишлар наф бермади.

Тўхтатилган автомашина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина салони ва юкхонасига 23 дона елим идишлар ортилгани аниқланди.

Елим идишларда эса умумий ҳажми 500 литр бўлган спирт борлиги маълум бўлиб, ҳайдовчи кейинчалик қайта сотиш учун кўзланган ушбу маҳсулотга тегишли биронта ҳам ҳужжатни божхоначиларга тақдим қила олмади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Тезкор тадбир давомида олиб қўйилган 500 литр спирт ва “Ласетти” автомашинаси вақтинча сақловга топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига этил спиртини олиб келишни ва унинг транзитини тақиқлаш тўғрисида” 1998 йил 15 майдаги 213-сонли қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига этил спиртини транспортнинг барча турлари билан олиб келиш тақиқланган. Этил спиртининг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудуди орқали транзити фақат Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан амалга оширилади.

Мазкур қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига этил спирти ғайриқонуний олиб келинганда ва транзит орқали ўтказилганда ҳамда шундай ҳоллар корхоналарда ва савдода аниқланганда спиртни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилади.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати билдиришича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1861-моддасига биноан этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Манба: 1news.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда ярим тонна этил спирти ортилган “Ласетти” тўхтатиб қолинди