18:27 / 16.08.2017
5 254

Самарқандда ногиронлик нафақасига чиқариш учун 300 доллар сўраган шифокор ўз уйида қўлга олинди

Самарқандда ногиронлик нафақасига чиқариш учун 300 доллар сўраган шифокор ўз уйида қўлга олинди
Фирибгарлик жиноятининг олдини олиш борасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Самарқанд вилоят бошқармаси фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиб, турли хил соҳа вакиллари томонидан ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилган ҳолда фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкига эга чиқиш ҳолатларини аниқламоқда.

Халқимизда шифокорлар оқ халатдаги оқкўнгил инсонлар дейишади. Афсуски, оқ халат остида ўзининг қора ниятларини амалга ошириб келаётган устамон шифокорлар ҳам йўқ эмас. Жорий йилнинг 10 июль куни фуқаро Шарипованинг мурожаати асосида Пастдарғом туман Тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими навбатчи шифокори Вафоқул Рустамов уни ногиронлик нафақасига чиқариш учун ҳужжатларни расмийлаштиришни 59-сонли Пастдарғом туманлараро меҳнат экспертиза комиссияси ваколатли шахслари орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулни талаб қилишади.

Нафс инсонни неларга еткакламайди дейсиз, пора эвазига ўзганинг муаммосини ҳал қилиб бермоқчи бўлган Вафоқул Рустамов ўз уйида белгиланган пулнинг 700 минг сўмини олаётганда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Шунингдек, жорий йилнинг 12 май куни фуқаро Мўминовнинг аризаси асосида Самарқанд туман прокуратураси ва Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд тумани «Зарафшон» электр тармоқлари корхонаси ҳуқуқшунос ёрдамчиси Нозиржон Тоҳиров томонидан ҳуқуқшунос Назир Неъматов хабардорлигида Мўминовга нисбатан тузилган далолатнома бўйича қарздорликни йўқ қилиб, электр энергиясидан қарздорлиги йўқлиги ҳақида маълумотнома тайёрлаб бериш эвазига фуқаро Мўминовдан 250 минг сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда тезкор ходимлар томонидан ушланиб, холислар иштирокида расмийлаштирилди.

Мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор қарор ва фармонлар чиқарилмоқда. Аммо айрим уддабурон раҳбарларнинг ноқонуний хатти-ҳаракати эвазига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқароларнинг нияти амалга ошмай қолмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида фуқаро И.Тиллаевни аризаси юзасидан ўтказилган тадбирда, Самарқанд шаҳри МЧЖ шаклидаги «Мармар бозори» деҳқон бозори директори Улуғбек Ахунов ва бошқалар тил бириктириб, фуқаро И.Тиллаевга бозор худудидан кўчма шохобча ўрнатиш учун жой ажратиш ва ҳокимият орқали рухсат берувчи ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 150 АҚШ долларни директор ўринбосари фуқаро Шодиев орқали олган вақтда ушланди.

Айни пайтда, юқоридаги ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ,
журналист

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда ногиронлик нафақасига чиқариш учун 300 доллар сўраган шифокор ўз уйида қўлга олинди