15:40 / 02.09.2017
7 999

Самарқандда Ислом Каримов ҳайкали очилди

Самарқандда Ислом Каримов ҳайкали очилди
2017 йилнинг 31 август куни Тошкентда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга атаб ўрнатилган улуғвор ҳайкал очилган эди. Шундай ҳайкалнинг очилиш маросими 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида ҳам бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирда иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев дастлаб Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. У ерда Қуръон тиловат қилинди.

Самарқанд рамзи бўлган Регистон майдони ёнидаги хиёбонда, Ислом Каримов туғилиб ўсган хонадон яқинида Биринчи Президентга ҳайкал ўрнатилган бўлиб, 2 сентябрь куни бу ерга ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят фаоллари, нуронийлар, ёшлар жам бўлди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Шавкат Мирзиёев ва Татьяна Каримова Ислом Каримов ҳайкалини очди. Буюк Йўлбошчи ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Маросимда «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Ҳасан Нормуродов, «Зарaфшон» ва «Самарқандский вестник» газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, Самарқанд шаҳридаги 43-ихтисослашган мактаб директори Елена Комполшик, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Дурдона Олимова, Ўзбекистон Биринчи Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова Ислом Каримов билан боғлиқ хотираларини ёдга олди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ислом Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танловда ғолиб деб топилган ҳайкалларни мамлакат пойтахти Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўрнатиш белгиланган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов туғилиб ўсган хонадонга ҳам ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, элга эҳсон дастурхони ёзилди.

Манба: daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда Ислом Каримов ҳайкали очилди