23:42 / 14.09.2017
6 978

2018 йилги Давлат дастури лойиҳасига таклифлар қабул қилинмоқда

2018 йилги Давлат дастури лойиҳасига таклифлар қабул қилинмоқда
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2017 йилда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида эришилган натижаларни чуқур ўрганиш ва пухта таҳлил қилиш мақсадида фуқаролар ўртасида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилмоқда, деб ёзади Кун нашри. Шунингдек, келгуси йил Давлат дастури лойиҳасига аҳолидан таклиф ва лойиҳалар олинмоқда.

Сўровнома аҳолининг кенг қатламлари, жумладан ёшлар, давлат хизматчилари, тадбиркорлар, пенсионерлар ўртасида тарқатилмоқда. Шунингдек, фуқаролар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида www.strategy.uz веб-сайтида алоҳида саҳифа яратилди. Сўровномани мобиль телефон орқали тўлдириш имкони ҳам мавжуд.

Ижтимоий сўровнома “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 августдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5024-сонли фармойишида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2017 йилда мамлакатни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ҳамда 2018 йил Давлат дастури лойиҳасига киритиш учун фуқаролардан таклифларни тўплаш режалаштирилган.

Фуқаролар сўровномада иштирок этиш орқали Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича амалга оширилган муҳим ислоҳотлар ва жамият ҳаётида рўй берган яна бошқа ўзгаришларга баҳо беришади. Жумладан, ижтимоий соҳада амалга оширилаётган қайси тадбир энг муҳимлиги, Давлат бошқарув органларининг халқ билан мулоқот қилишида, фуқароларга бўлган муносабатидаги ўзгаришлар ҳақидаги саволларга жавоб беришлари керак бўлади.

Жамоатчилик фикри сўрови шу йилнинг октябрь ойига қадар барча ҳудудлардаги олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган Ҳаракатлар стратегияси хоналари, маҳалла фуқаролик йиғинлари, корхона ва ташкилотларда ўтказилади. Шундан сўнг барча маълумотлар умумлаштирилиб, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияга тақдим этилади.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган Давлат дастури лойиҳасига киритиладиган таклифлар фақат кенг жамоатчилик билан дастлабки муҳокама қилингандан кейин кўриб чиқилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 15 августидаги фармойиши билан белгилаб қўйилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 2018 йилги Давлат дастури лойиҳасига таклифлар қабул қилинмоқда