00:03 / 20.09.2017
6 321

Миллий боғ ва очилажак дельфинарий тақдири...

Миллий боғ ва очилажак дельфинарий тақдири...
Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида замонавий ва юқори технологияли маданий ва кўнгилочар боғ қурилиши ҳақида хабар берган эдик, деб ёзади Qalampir.uz нашри.

Боғ кеча, 18 сентябрдан ёпилиши ҳамда 1 октябрга қадар боғ ҳудудидаги бинолар бузилиши ҳақида маълум қилинган эди. 1 ноябрда эса боғ ҳудуди узоқ муддатли ижара учун инвесторга топширилиши айтиб ўтилган эди.

Янги боғда “Америка арғимчоғи” аттракциони, болалар автодроми, интерактив поезд, лабиринт, серфинг билан шуғулланиш учун сунъий тўлқинли сув иншооти, дельфинарий очилиши режалаштирилган эди.

Дельфинарийнинг қурилиши яхшидир, инсонларни табиатга яқин қилади, бироқ ушбу ҳолат дельфинларни табиатдан узоқ қилади, уларни тутқинликка маҳкум этади.

Кишилар дельфинарий деганда, дельфинларни кўрганда қанчалик қувонишлари ва фарзандларининг ҳайқириғини тасаввур қилиб кўрадилар ва унинг очилишини бажону дил истайдилар.

Дельфинарийлар ҳақида фикр юритганда, кўпчилик ўзбекистонликларнинг фикри салбий. Улар табиатнинг ушбу гўзал жонзотини қийноққа солиш ва қафасда сақлашга қарши фикр билдирмоқдалар.

Аслида эса сунъий сув ҳавзасида дельфинларни тутқинликда ушлаб туриш табиатга нисбатан жиноятдир. Ҳар қандай бассейн, дельфинарий дельфинлар учун ҳақиқий қамоқхонадир.

“Mehr va oqibat” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти берган маълумотларга кўра, дельфинлар очиқ денгизда кунига 150 километр масофани сузиб ўтади, ҳаракатланиш майдони 85 квадрат километрни ташкил этади. Табиий шароитда улар ўртача 30 йил умр кўрадилар.

Бироқ биз қуришни режалаштираётган сунъий сув ҳавзасида улар 5 йилдан сал кўпроқ умр кўрадилар. Бунга сабаб сифатида дельфинарийда табиий денгиз суви эмас, сунъий шўрланган сувдан фойдаланилиши, дельфинлар бор йўғи 80дан 300 квадрат метр ҳудудда яшашга мажбур қилиниши, тор ва саёз бассейнда дельфинларнинг табиий эхолокатори ишламаслиги, сувга солинган турли кимёвий моддалар туфайли дельфинлар кўзининг хиралашиши, жонзот боши билан бассейн деворига урилишини келтириб ўтиш ўринли.

Энг ёмони, дельфинларни қўлга ўргатишда улар оч сақлаш усулидан фойдаланилади.

Тўғри, зоопарк ва циркда ҳам ҳайвонлар тутқунликда боқилади, очлик усулидан фойдаланиб айрим шартли рефлекслар пайдо қилинади. Болаларнинг ёввойи табиат ҳақидаги тушунчалари кўпроқ зоопарк, цирк ва дельфинарий каби мажмуаларда шаклланади.

Бироқ гап бошқа ёқда...

Тошкент шаҳрида Миллий боғ ҳудудида ташкил этилиши борасида турли фикрлар янграмоқда.

Таниқли дипломат, профессор Алишер Файзуллев ҳам Миллий боғнинг технопаркка айлантирилиши масаласида ўз шахсий ёндашувларини берган.

Олим Миллий боғни невара ва чевараларга борича қолдиришга чақирган. Ушбу боғнинг халқ бойлиги сифатида эътироф этиб, келажакда авлодлар пойтахт марказидаги яшилликдан баҳра олишлари учун уни сақлаб қолишга чорлаган.

Собиқ элчи Миллий боғ масаласида қонун қабул қилишни депутатларга таклиф қилган. Унинг эътирофида жон бор, таклифлари ўринли.

Бироқ бу тарозининг иккинчи палласига қўйилган тошлар...

Биринчи палласида эса Миллий боғни замонавий технопаркка айлантириш, унинг ортида узоқ муддатли ижара учун инвесторга топширилиш, янги иш ўринларини яратиш, маданий ҳаёт таркибидаги кўнгилочар иншоотларга бўлган аҳоли талабини қондириш, маълум миқдорда давлат ва жамиятга даромад келтириш масалалари мавжуд.

Азиз ўқувчи, Сиз бу масалада қандай фикрдасиз?

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миллий боғ ва очилажак дельфинарий тақдири...