Лотинда ёзилган 1930 йилги ҳужжат: Ўзбекистон пойтахтини Тошкентга кўчириш ҳақида » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Лотинда ёзилган 1930 йилги ҳужжат: Ўзбекистон пойтахтини Тошкентга кўчириш ҳақида

  • Жамият
  • 24-09-2017, 14:12
  • 990
  • Ўзбек давлатчилиги солномасида Ўзбекистон номли давлатнинг тарихи 1925 йил 17 февралдан бошланади. Шу куни Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Бутунўзбек Советларининг биринчи таъсис қурултойида «Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг ташкил топиши тўғрисида Декларация» қабул қилинган. Мамлакатнинг илк пойтахти Бухоро шаҳри бўлган.

    «Ўзбекистон» нашриёти томонидан 2012 йилда чоп этилган «Ўзбекистон тарихининг муҳим саналари» китобида қайд этилишича, 1925 йил апрель ойида пойтахт Бухородан Самарқанд шаҳрига кўчирилган. Орадан беш йил ўтиб, 1930 йилда пойтахт яна ўзгарган — Тошкент 1991 йил 31 августга қадар ЎзССРнинг, ундан кейинги даврда эса Ўзбекистон Республикасининг бош шаҳри бўлиб келмоқда.

    Telegram’даги «Old Tashkent» каналида Ўзбекистон пойтахтини Самарқанддан Тошкентга кўчириш тўғрисидаги тарихий қарор сурати эълон қилинди.

    Ҳужжатда ёзилишича, мазкур қарор «Ўзбекистон Ижтимоий Шўро Жумҳурияти Шўролар Марказий ижроия қўмитаси» (ўша вақтдаги олий ҳокимият органларидан бири) томонидан Тошкентнинг мамлакатдаги энг йирик иқтисодий ва саноат маркази сифатидаги аҳамиятини, Ўзбекистоннинг «бош пахта раёни — Фарғона водийси» билан алоқа қилиш ва унга раҳбарлик қилиш Тошкентдан қулайроқ бўлишини, Тошкентда бўлган Ўрта Осиё идоралари билан Ўзбекистон ҳукумат идоралари бир шаҳарда туриб «яқин иттифоқда бўлишини назарда тутиб» қабул қилинган.

    87 йил аввал имзоланган қарорнинг яна бир эътиборга молик жиҳати — у мамлакат Конституциясига-да ўзгартириш кирита оладиган ўша вақтдаги олий ҳокимият органларидан бири томонидан ўзбек тилида ва Ўзбекистонда 1929—1940 йилларда амалда бўлган лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзуви (яналиф)да ёзилган. Ҳужжатга, жумладан, ЎзССР Шўро Марказий Ижроқўми раиси, ўша вақтда 45 ёшда бўлган Йўлдош Охунбобоев имзо чеккан.
    Лотинда ёзилган 1930 йилги ҳужжат: Ўзбекистон пойтахтини Тошкентга кўчириш ҳақида

    Манба: Daryo.uz