08:05 / 07.10.2017
6 147

Поезд остидаги ўлим. Владимирдаги фожиа тафсилотлари ва оқибатлари

Поезд остидаги ўлим. Владимирдаги фожиа тафсилотлари ва оқибатлари
6 октябрь куни аввалида Россиянинг Владимир вилоятидаги темирйўл кесишмаларидан бирида йўловчи поезди ўзбекистонлик ишчилар минган, қозоғистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги «Мерседес» русумли автобусни уриб кетди. Фожиа оқибатида расмий маълумотларга кўра, 17 киши ҳалок бўлди, шундан 16 нафари Ўзбекистон фуқароларидир. Ҳалок бўлганларнинг икки нафари болалар, яна бир бола шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Автобусда жами 58 киши бўлган (қозоғистонлик икки ҳайдовчи ва 56 йўловчи). Ҳайдовчиларнинг бири, 1970 йилда туғилган Қозоғистон фуқароси Данияр Шилдебаев ҳалок бўлди. Иккинчиси, 1977 йилда туғилган Нургали Сарманов айни вақтда бошқа жабрланувчилар билан бирга Покровдаги вақтинчалик жойлаштириш пунктида.

Дастлабки версияга кўра, Покровда автобус тирбандликка тушиб қолган. Ҳайдовчи айланиб ўтмоқчи бўлган, бунинг учун ён трассадан темир йўлга чиққан. Лекин автобус темир йўл устида бузилиб қолган.

Поезд келиб урилишидан олдин автобусдан чиқишга улгурганлар омон қолган. Улар аввалига автобусни итариб четга олиб чиқмоқчи бўлишган, аммо бунинг иложи бўлмаган.

Ҳалокатдан аввал автобусдагиларнинг аксар қисми уйқуда эди. Омон қолганлардан бири гувоҳлик беришича, темир йўл навбатчиси поезд яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирувчи белги қўймаганди.

Москва темир йўл бошқармаси вакиллари эса ўтиш йўли шлагбаум, ёруғлик ва овоз сигнализациясига эга бўлганини айтмоқда.

Поезд машинисти фавқулодда тормозланишни қўллаган, аммо поезд тўлиқ тўхташи учун масофа қисқалик қилган. Поезд тўхташи учун 746 м масофа керак эди, аммо машинист тормозни босганида ўртадаги масофа 400 метрни ташкил этарди.

Маълум бўлишича, «Мерседес-Бенц О 303» маркали бу автобус 1990 йили эксплуатацияга киритилганди. Германияда бундай автобуслар ишлаб чиқарилиши 1993 йилдаёқ тўхтатилган.

«Ишлаб чиқарилганига 24 йилдан ортиқ вақт бўлган транспорт воситасининг техник ускуналари эскирганига 15 йилдан ошган. Россияда ҳаракатланувчи автобусларнинг ярмидан ортиғи эскирган», дейилган вазиятни баҳолаган ГАЗ компанияси матбуот хизмати.

Ушбу ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатган.

Жиноят иши Россия Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-қисми («темирйўл, ҳаво, денгиз ва ички сув транспорти ва метрополитен ҳаракати хавфсизлиги ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш») аломатлари билан қўзғатилган. Мазкур модда бўйича айбланувчилар узоғи билан етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Тергов ушбу ҳодисанинг сабаби сифатида 3 вариантни кўриб чиқмоқда: техник носозлиги, ҳайдовчиси томонидан йўл ҳаракати қоидаси бузилиши, поезд бригадаси томонидан йўл ва хавфсизлик қоидалари бузилиши.

Автобус ҳайдовчиси қоидаларни бузгани аниқ. Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, транспорт воситаси темир йўл устида бузилиб қолса, ҳайдовчи биринчи навбатда йўловчиларни ташқарига чиқариши ва уларни хавфсиз ҳудудга ўтказиши керак. Икки киши темир йўл бўйлаб қарама-қарши томонга имкон қадар узоқроққа бориб, қаршидан келувчи поезд машинистини фонар ёки бошқа восита орқали огоҳлантириши керак. Аммо автобус ҳайдовчиси бу ишларни қилмаган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг жасадларини ва жабрланганларни мамлакатга қайтариш бўйича комиссия тузишни топширди.

Айни вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларидан таркиб топган гуруҳ жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш учун махсус борт орқали Россияга жўнатилган. Бу самолёт 7 октябрь куни Ўзбекистонга қайтиб, Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрига қўнади. Маълумотларга кўра, ҳалокатга учраган автобусда асосан сурхондарёликлар бўлган.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Поезд остидаги ўлим. Владимирдаги фожиа тафсилотлари ва оқибатлари