15:28 / 23.10.2017
8 174

Уч ёшли ўзбек қизи Америкадаги қорилар мусобақаси ғолиби бўлди

Уч ёшли ўзбек қизи Америкадаги қорилар мусобақаси ғолиби бўлди
Уч ёшга эндигина тўлган ўзбек қизи Марям АҚШда ўтказилган Қуръони Карим мусобақасида 2-ўринни қўлга киритди, деб хабар берди Azon.uz нашри.

Мусобақада 2 ва 18 ёш оралиғидаги болалар ва 18 ёшдан баланд катталар ҳам иштирок этиб, ўз билимларини синаб кўришди. Иштирокчилаи ёшларига қараб бир нечта гуруҳга ажратилган ҳолда синовдан ўтишди. Яъни, кичироқ ёшдаги болалар кичикроқ, каттароқ ёшдагилари эса каттароқ суралар бўйича ва савол-жавоблар билан синалади. 14 октябрда ушбу бўлиб ўтган мусобақа натижалари эълон қилиниб, ғолиблар тақдирландилар.

Маълум бўлишича, Вашингтон штатида бўлиб ўтган ушбу беллашувда бу сафар жажжи ўзбек қизалоғи Марям ҳам иштирок этиб, 5 ёшгача бўлган қарийб 30 нафар иштирокчи ичидан 100 дан 98 балл билан 2-ўринни қўлга киритди.

Марям 3 ёшни қарши олди. Лекин, ёш бўлишига қарамасдан мусобақада иштирок этиб, ҳайъат аъзоларини ўз билими билан лол қолдирди. Марям ўзининг бу ютуғи билан Редмонд масжиди имоми бўлмиш Имом Набеэлнинг олқишига сазовор бўлди.

“У бизнинг тўнғич фарзандимиз. Билим олишга, хусусан китобларга жуда кичкиналигиданоқ меҳр қўйган. У бир ёшлигидаёқ ўзбек ва инглиз тилларида ўз ёшига нисбатан анча мукаммал гаплашарди. Марям бошқа қизлардек қўғирчоқ ўйнашни ёқтирмайди. Ўрнига у легодан бинолар қуришни, дадаси билан ҳар хил кранлар, роботлар ясашни ва инжинерликка оид машғулотлар билан шуғулланишни севади. Мантиқ, математика, география, ва анатомияни жуда яхши кўради. Ҳозирда эса математика, инглиз тилида ўқиш ва ёзиш жиҳатидан билими 2-синф даражасида. Мантиқий фикрлаш, тафаккур қилиш ва суҳбатлашиш доираси 10-12 ёшларникига тенг. Яқинда у яна араб, турк ва рус тилларини ҳам ўрганишни бошлади. Марямнинг космос, қуёш, планеталар, ва юлдузларни ўрганишга бўлган қизиқиши ва меҳри алоҳида. Қизимизнинг зеҳни ўткир. Ҳар бир янги маълумотни 1-2 марта эшитишидаёқ дарров зеҳнига қуйиб олади. Унинг хотираси ҳам жуда кучли бўлиб, Қуръоннинг ҳар битта оятини 3-4 марта такрорлагандаёқ тўлиқ ёдлай олади. Қуръон сураларини ёдлашни эса Марям бир ярим ёшида аяси билан бошлаган. Ҳозирда 30 жузънинг кўпгина сураларини ёд билади. “Наба” унинг энг севиб ўқийдиган сурасидир. Марям ҳар бир сурани ёдлаб бўлгандан кейин совға сифатида ота-онаси уни ўзи хоҳлаган жойга олиб боришади. 30-жузъни тўлиқ ёдлаб тугатганидан кейин эса, уни муваффақияти билан рағбатлантириш ва қизиқишини янада орттириш мақсадида ўзи хоҳлагандек ҳайдаладиган пушти машина ваъда қилинган. Марям боғчага бормайди. Уйда онаси қўлида таълим олади. Билганларини эса синглисига ҳам ўзи ўргатади. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, унда тавҳид ҳақидаги тушунчалар анча эрта шаклланишни бошлади. Аллоҳ бизни доим кўриб турганини ва ҳамма нарса унинг изнида эканлигини ҳозирданоқ тиниқ идрок этади. Уйда бирон нарса тугаб қолса ёки бирон жойи оғриб қолса, дарров қўлчаларини дуога очиб, Аллоҳдан шу нарсани ёки шу шифони сўрайди. Ва, буларга эришгач, қўлини такрор кўтариб Унга ҳамд айтишни ҳам ҳеч унутмайди. Келажакда эса ҳофизу Қуръон, доктор ва катта олима бўлишни истайди”, дейди Марямнинг ота-онаси.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уч ёшли ўзбек қизи Америкадаги қорилар мусобақаси ғолиби бўлди