13:00 / 28.11.2017
7 593

«ДАН» га бердим нимаю, жарима тўладим нима?!

«ДАН» га бердим нимаю, жарима тўладим нима?!
«Куни кеча бир Facebook’дош дўстимиз «ДАН» ходимларига пора беришни ўргатган ҳамсуҳбатлари ҳақида ёзиб, порани оддий ҳолга айланиб қолганидан ёзғирган эканлар. Бир тарафдан ҳақли эътироз. Лекин иккинчи тарафи ҳам бор.
Дўстим билан Андижонга сафарга отландик. Машинада кетиб борар эканмиз, Ҳожибой Тожибоев айтганидек бирдан «ДАН» ходими пайдо бўлиб тўхтатди. Тезликни оширганимизни, бир км нарироқда фото радар бор эканлигини айтди. Кўрсатилган расмда 68 км соат тезлик белгиланган эди. Турар жойдаги энг катта тезлик эса 50 км соат. Жарима миқдори 380 000 сўм экан. Шу ўринда энг кам иш ҳақи қанча эканлигини эслатиш ноўрин бўлса керак. Ўзимиз ерда, бўлиб ҳам Ўзбекистонда яшашимизга қарамасдан, нарх наволаримиз, жаримаю, солиқларимиз Юпитер ўлчовларидан олинган, деган хаёл келади.
Хуллас, мавзуга қайтаман. Инспектор «Нима қиламиз?», деб менга қараб турибди. Нима қилардик, эл қатори, отамиз қилган ишни қилдик. Ҳужжатлар орасига 30 000 ва иш битди.
Энди буни пора деб жар соладиганларга қайтмоқчиман. Россияда турар жойда белгиланган тезлик 60 км соатига. Энди бир нуқтага эътибор қаратинг. «Допустимый скорость» деган нарса бор. 60 км соат белгиланган жойда 20 км тезлик қўшимча беради. Яъни камераларга 80 дан ўтмагунча тушмайсиз. Бу қонун чиқарилишида эса «человеческий фактор» инобатга олинган. Инсон фактори. Инсон 50 км белгиланган жойда 50 юра олмайди. Озгина ошиши табиий нарса. Бизда эса кўз тегмасин, бундай нарсаларни аҳамияти йўқ. 50 белгиланган жойга 51 келсангиз ҳам тамом. Бу масаланинг бир томони. Энди яна бошқа томони бор. Россияда энг катта жарима 5000 рубл. (Бизни пулга 600 000) Тезлик, қизил чироқ, пиёдаларни қўйиб юбормаслик каби жарималар 1500 рубл. (Бизни пулга 200 000 дейлик). Ойлик эса ўртача 40000 рубл. 5 000 000 орасида. Мантиқий жарима. Топишига яраша. Бизда эса ўртача ойлик 800 000 дан 1 200 000 гача. Жарималар эса осмон кенглиги ва қора туйнук каби тубсиз ва чегарасиз нарсаларга ўхшайди. Бир ойда бир марта жарима қилган одам, ўша ой фақат нон еб кун кўриши керак.
Юқорида айтганимдек ўртача жарималар 1500 рубл. Шундай бўлгандан кейин «ДАН» ходимига ҳам 1000 рублдан кам бермайди. Ҳар қандай одамда «ДАН» га бердим нимаю, жарима тўладим нима?! деган фикр туғилади. Ўз ўзидан порахўрлик камаяди. Даромадга яраша буромад…
Сизни тўхтатган «ДАН» ходими: «Бир ойлик ойлигингизни тенг ярмини берасизми ёки…» – деса, албатта ёкига рози бўласиз. Ёкига рози бўлмаслигингиз болаларингиз, режаларингиз, бир ойлик ҳаётингизни барбод қилишини яхши тушуниб етасиз.
Чет элнинг қайсидир давлатида «биз камераларни сизнинг пулингизни олиш учун эмас, сизнинг ҳаётингиз ва соғлиғингизни ҳимоя қилиш учун ўрнатганмиз» деган ёзув бор экан. Ҳа, дарвоқе, дарахт орқасида радар кўтариб яшириниб турган, пиёдалар йўлакчасидан бир танишини уёқдан буёққа атайлаб ўтказиб, сизни жарима қилишга мажбурлаган «ҳалол» «ДАН» ходимларига юқоридаги гапнинг мутлақо аҳамияти йўқ. Ахир улар ҳам радарни «шапка»сини бериб олишади. Юқоридагиларни ҳам бола-чақаси бор.
Киноларда бўлгани каби эшик ортидаги стулга асирдаги одамни бойлаб, пешонасига милтиқни тираб, эшик очилса отилиб кетадиган қилиб боғланади. Сиз шўрпешона эшикни очасиз. Очишингиз билан милтиқдан ўқ отилади ва сиз қотилга айланасиз. «ДАН» ходимига берилган пора, ана шу «қотил» га ўхшаб кетади. Бечора ўзи истамаган эди, аммо қотилга айланди. Латифада айтилганидек «Сенинг биринчи хатоинг, рулга ўтирганинг».
Пора бермаслик учун қонунларни одам тўлай оладиган, ерликлар ақлига сиғадиган қилиш керак. Ёки машина минмаслик керак.
Биринчиси амалга ошишига ишонмайманку-я, аммо иккинчисини эпласа бўлади. Пиёда юриш, соғлиқ учун фойдали. Ўзингизни асранг!
Саййид Ислом

Манба: carzone.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «ДАН» га бердим нимаю, жарима тўладим нима?!