2018 йил Ўзбекистонда 365 та кўп қаватли уй қурилади

  • Жамият
  • 1-12-2017, 12:10
  • 366
  • 2018 йил Ўзбекистонда 365 та кўп қаватли уй қурилади
    Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раҳбарлари 2017 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳисобот бергани ҳақида хабар берган эдик.

    Йиғилишда аҳолига арзон ва қулай уй-жойлар барпо этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

    Бу борада қишлоқ массивларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурига асосан 2017 йил 15 минг шундай уй-жой қурилмоқда. Бу мақсадлар учун 2 триллион 35 миллиард сўм маблағ ажратилган.

    Давлат раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари давомида берилган топшириқларга мувофиқ, қишлоқ аҳолисининг талаб-истаклари ва уй-жойга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, жорий йилда қўшимча равишда 4 минг 610 намунавий уй қурилмоқда. Бунинг учун 574 миллиард сўм ажратилган.

    Бугунги кунга қадар 10 минг 431 арзон уй-жой фойдаланишга топширилди. Қолган 9 минг 179 уй қурилиши декабрь ойида якунланади.

    Ушбу уй-жойлар бўйича муҳтож оилаларга 1 триллион 620 миллиард сўмдан ортиқ ипотека кредитлари 15 йил муддатга ажратилмоқда.

    Дастурни амалга ошириш натижасида 2017 йил 19 мингдан ортиқ қишлоқ оиласи шаҳардагидан қолишмайдиган шинам ва замонавий уй-жойга эга бўлади. 2018 йил ҳам қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қарийб 20 минг арзон уй барпо этилади.

    ЎзАнинг хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2018-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурининг янгиланган параметрлари тасдиқланди. Унга кўра, келгуси йилларда қуриладиган уйлар сони 1,5-2 баробар кўпайтирилган. Хусусан, 2018 йил жами 15 минг 172 хонадонга эга бўлган 365 та кўп қаватли уй қуриш кўзда тутилган.