Бухорода ҳокимият вакилларини урган “муштумзўрлар” қўлга олинди

  • Жамият
  • 6-12-2017, 17:00
  • 1 122
  • Бухорода ҳокимият вакилларини урган “муштумзўрлар” қўлга олинди
    Бухоро вилояти Ромитан тумани Прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман бўлими давлат инспектори Зикруллаев ўзига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида, Ромитан тумани, Қумработ МФЙ, Дилрабо қишлоғида яшовчи, 1988 йилда туғилган Ҳусниддин Ғафурович Тўлаевнинг хонадонида аниқланган табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланганлик ҳолати юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва аниқланган ҳуқуқбузарлик фактини тасдиқлаш мақсадида хонадонига боради.

    МИБ бўлими ходими далолатнома расмийлаштираётган вақтида фуқаро Ҳ.Тўлаев унга фаол қаршилик кўрсатиб, уни ўз хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишга мажбур қилиб, уни шаъни ва қадр қимматини беодоблик билан қасдан таҳқирлаб, ҳақорат қилиб, уни уриб тан жароҳати етказади.

    Ушбу ҳолат юзасидан Ҳ.Тўлаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

    Шунга ўхшаш яна бир ҳолат: вилоятнинг Шофиркон тумани Зарчабек МФЙ, Зарчабек кўчасида яшовчи, 1951 йилда туғилган Шофиркон давлат ўрмон хўжалиги ўрмончиси Ёқуб Ҳожиевич Маҳмудов Шофиркон туман “Сетлак” чўл массивида ўз хизмат фаолиятини олиб бора туриб, ўрмон хўжалиги дала майдонларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ноқонуний зарар етказишни олдини олишда ифодаланган хизмат вазифалари билан боғлиқ қонуний фаолиятини бажараётган вақтида рўй берди.

    Пешкў тумани, Янгиобод МФЙ, Офандар қишлоғида яшовчи, Исмоил Искандар ўғли Нарзиев ва шу манзилда яшовчи Самандар Искандар ўғли Рўзиевлар ўрмон хўжалиги ўрмончиси Ё.Маҳмудовга фаол қаршилик кўрсатиб, уни уриб, қасддан баданга оғир шикаст етказган ҳолда, Ё.Маҳмудовнинг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилганлар.

    Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Исмоил ва Самандарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 2-қисми ва 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.