22:00 / 07.12.2017
5 516

Ўзбекистонда ОАВни ривожлантиришга доир янги қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда

Ўзбекистонда ОАВни ривожлантиришга доир янги қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда
6 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида оммавий ахборот воситалари фаолиятига, шунингдек журналистларнинг касб фаолиятини ҳимоя қилишга дахлдор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар беради.

Мазкур қонун лойиҳаси ривожланган демократик мамлакатлар: АҚШ, Япония, Корея Республикаси, Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибасини, шунингдек ОАВ соҳасидаги халқаро шартномаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Парламент вакиллари фикрига кўра, қонуннинг қабул қилиниши оммавий ахборот воситаларининг фаолияти эркинлигини, ахборотлардан эркин фойдалана олишини, уларни давлат органларининг ғайриҳуқуқий қарорларидан, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан ҳимоя қилишни таъминловчи ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади. ОАВни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш, шунингдек интернет глобал тармоғидаги веб-сайтларни ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказиш тартибини такомиллаштириш муҳим жиҳат ҳисобланади.

Бундан ташқари, журналистлар ва ижодий жамоаларни уларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш, молиявий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш йўли билан давлат томонидан қўллаб қувватлашнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланади. Моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фондлар фаолиятини ташкил этиш, шунингдек таҳририятлар ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Шундан сўнг «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Шу нарса таъкидландики, ушбу қонун лойиҳасини қабул қилишнинг долзарблиги журналистлик фаолияти эркинлигини, ҳозирги замон халқаро тажрибасини ва қонун ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда журналистларнинг ҳуқуқий мақоми, аккредитация қилиш институти тушунчаси ҳамда аккредитация қилинган журналистларнинг ҳуқуқлари белгиланишини таъминловчи ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш зарурати билан боғлиқдир.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ҳамда жамоат манфаатларига молик долзарб масалаларни ёритишда журналистларнинг нуфузини ошириш мақсадини кўзлайди. Масс-медиа вакилларига журналистлик фаолиятини амалга оширишда қўшимча ҳуқуқлар берилади.

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида манфаатдор давлат органлари, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, шунингдек соҳа олимлари ва мутахассислари иштирокида муҳокама ўтказилди. Лойиҳаларни такомиллаштиришга доир аниқ таклифлар билдирилди. Шунингдек ҳужжатлар regulation.gov.uz​ порталида омма учун муҳокамага қўйилди.

Муҳокама якунларига кўра депутатлар мазкур қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқуллаб, биринчи ўқишда қабул қилдилар. Масъул қўмитага келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда ушбу ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал депутатларга ОАВ тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқиш таклиф этилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда ОАВни ривожлантиришга доир янги қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда