13:03 / 19.12.2017
8 463

Тўйни қандай ўтказиш керак?

Тўйни қандай ўтказиш керак?
Фарзанд балоғатга етганидан кейин уни уйли-жойли қилиш: йигитни уйлантириш, қизни турмушга бериш ота-она зиммасига юклатилади. Шу билан уларни мустақил ҳаётга кузатилади. Одатимизга кўра, никоҳдан кейин йигит билан қиз ҳақиқий ҳалол йўл билан турмуш қуришганини билдириш учун битта қўй сўйиб тўй қилинади. Тўй қилиш мустаҳаб ишлардандир. Яъни, қилса яхши, қилмаса гуноҳ бўлмайди.

Тўйга асосан қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла камбағаллари чақирилади. Ҳозирги айрим бойваччаларга ўхшаб етти маҳаллага жар солинмайди, кимўзарга ўйналмайди, исрофгарчилик қилинмайди. Фақат бойлар чақирилиб, ҳақдорлар эътиборсиз қолдириладиган маросимлар энг ёмон йиғин саналади. Зеро, тўйдан кўзланган асосий мақсад камбағаллар қорнини тўйдириш, уларни хушнуд этиш, дуоларини олиш.

Камбағаллар қаторида бойлар ҳам чақирилса, дуруст бўлади. Аммо фақат бойлар таклиф этилса, у тўй ҳақиқий тўй эмас, хўжакўрсинга қилинган маросимга айланиб қолади. Бундай тўйларда бойлар: “Мен фалончи бойдан ошираман”, деб дастурхонни турли ноз-неъматлар билан тўлдириб ташлайди, исрофгарчилик қилади. Буям етмаганидек, дастурхонга ҳаром ичимликлар қўяди. Ҳозирги кунда кўп тўйларда бўлаётган ачинарли ҳолатни Асри саодат давридаги тўйлар билан солиштирсак, дин-диёнатдан, Исломдан қанчалик узоқлашиб кетганимиз яққол кўринади.

Афсуски, мусулмонлар орасида динсизларга тақлид қилиш кенг тарқалди. Хусусан, бу ҳол тўй-ҳашамлар борасида кўпроқ ёйилди. Тўйлар ҳаром-хариш ишларни писанд қилмаслик, ароқхўрлик, бошқа тубанликлар қилинадиган маросим бўлиб қолди…
Бинобарин, шу ўринда тўйлар қандай бўлиши лозимлигини эслатиб қўймоқчимиз. Зеро, тўй ҳам Парвардигорга итоат этишнинг бир кўринишидир. Тўй никоҳни эълон қилиш учун, одамлар фалон йигит фалон қизга уйланганини билишлари, шубҳа-гумон бартараф бўлиши учун йўлга қўйилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом никоҳни эълон қилишни, одамлар орасида ёйишни буюрганлар. Тўйдан мақсад кишиларни таомга даъват этиш. Яъни, таом пишириб одамларни чақириш. Юқорида айтиб ўтганимиздек, қўй сўйиб тўй қилиш афзал. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафия онамизга уйланганларида бўтқа, хурмо билан, Зайнаб бинт Жаҳш онамизга уйланганларида эса қўй сўйиб тўй ўтказганлар.

Мусулмонлар тўйларни ҳалол-ҳаромни фарқлаб, маъсиятсиз ҳолатда ўтказишлари шарт. Бу унчалик қийин иш эмас. Биз тўйларимизни динимизга мувофиқ ўтказиш билан катта балодан, ортиқча сарф-харажатдан, исрофгарчиликдан, энг муҳими ахлоқсизлик оқибатида келиб чиқадиган улкан гуноҳлардан қутуламиз.

Шу ўринда тўйдан олдин бериладиган тўёна ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтсак. Ёру биродарлар берадиган тўёна беминнат кўрсатиладиган ёрдамдир. Тўёна қарз эмас. Шунинг учун тўёна бераётганда ниятни холис қилиш керак. Тўёна эгаси: “Уям менга тўёна қилар”, деб ният қилса ёки тўёнаси каттароқ бўлиб қайтишини умид қилса, берган ёрдами учун савоб олмайди. Тўёна олган киши вақти-соати келиб, тўёна берган кишиникига тўёна олиб борса, уям савоб олади. Одамлар орасида: “Мен унга тўёна бергандим, у менга қайтармади ёки кичикроқ нарса қайтарди”, деб хафа бўладиган, ҳатто жанжал чиқарадиганлар ҳам бор. Бундай қилиш нотўғри. Чунки тўёна “чин дилдан”, деб берилган. Шундай бўлгандан кейин унинг қайтишини кутиш маъқул эмас.

Яна бир масала – тўйларни тўйхонада ўтказиш масаласи бор. Имкони бўлса, тўйни хонадонда ўтказган афзал. Чунки бунинг файзи бўлакча. Ҳалол, пок тарзда ўтган тўйларда келин-куёв ҳақига дуолар қилинади. Аллоҳ зикр қилинган жойга раҳмат, барака ёғилади. Шу билан бирга тўйхоналарда ҳам тўй қилиш жоиз эканини эслатиб ўтамиз. Бироқ бунда покликка, ҳалол-ҳаромга эътибор берилса бўлгани.

Биз нега покликка бот-бот урғу беряпмиз? Чунки икки ёш бахтли бўлиши, туп қўйиб палак ёзиши, қўша қариши тўйлар қай тарзда ўтказилишига боғлиқ. Тўйда кўнгилсиз ҳолатлар бўлиши, ҳаром ичимликлар (ароқ, коняк, пиво) ичилиши, номаъқул хатти-ҳаракатлар содир этилиши келин-куёвнинг кейинги ҳаётига салбий таъсир ўтказмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Устига-устак бегона эркагу аёлларнинг бирга рақсга тушишлари, нопок ичимликларни ичиб, маст ҳолда “дуо” қилишлари соғлом инсон ақли кўтарадиган ҳолат эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг: дуо қабул бўлиши учун инсоннинг луқмаси ҳалол, кийими, бадани, қолаверса, қалби пок бўлиши керак.

Энди савол туғилади: оғзидан бадбўй ҳид анқиб турган кимсанинг, номаҳрам эркакларга ўзини кўз-кўз қилиб ўйинга тушаётган ҳаёсиз хотиннинг дуоси қандай қабул бўлсин?!
Бу аянчли аҳволни тўғрилаш ўзимизга боғлиқ. Биз исрофгарчиликдан, манманликдан холи тўйларни ният қилган, фарзандларимиз бахтли бўлишини истар эканмиз, тўйларимиз ҳақида чуқурроқ мушоҳада қилишимиз, ҳар жиҳатдан фойдали йўлни танлашимиз, келин-куёвнинг келгуси ҳаётига раҳна соладиган нопок ишлардан сақланишимиз талаб этилади.
Зиёвуддин РАҲИМ

Манба: azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўйни қандай ўтказиш керак?