22:00 / 14.01.2018
7 211

Ишратпарастлик балоси...(Воқеа реал ҳаётдан олинган)

Ишратпарастлик балоси...(Воқеа реал ҳаётдан олинган)
Бугун ҳам бозорда олди-сотдининг мазаси бўлмади. Шуҳрат савдо яхши бўлган кунлари аср намозигача бозорда қолиб кетмасди. Буюмларини сотиб уйига жўнарди. Бу гал эса негадир харидор кам бўлди. Қўпол қилиб айтганда, сотувчилар аксар вақтларини пашша қўриб ўтказишди.

— Би-ир қаҳвахонага кириб қиттай-қиттай қилсаммикан? — ўзича ўйлади Шуҳрат атрофга совуқ назар ташлаб. — Ўзи бугун ғалати кун бўляпти. Худонинг берган куни қўл қўлга тегмасди. Бугун-чи? Харидор чақириб оғзим толди…

Шу тобда қовун бозори тарафдан келишган, чамаси йигирма беш ёшлар оралиғидаги бир қиз расталар томон кела бошлади. Қизни кўрди-ю, Шуҳратнинг юрагига ўт тушди. Билди. Қизнинг кўзлари негадир олма тераётгандек. Худди ўзини, чиройини намойиш қилаётган каби соллана-соллана қадам ташлаяпти.

— Ў, зўр-ку! — дея секин расталар орасидан ташқарига чиқди Шуҳрат. — Нима олмоқчийкин ўзи бу ҳурилиқо?

Қиз унинг рўпарасига етганда тўхтаб, молларни бир-бир кўздан кечира бошлади.

Бундай вазиятларда ҳеч қачон фурсатни бой бермасликка ўрганган Шуҳрат пилдираганча қизга яқинлашди.

— Опоқ қиз, нима олмоқчийдингиз? — мулойимлик билан сўради Шуҳрат. — Мабодо манави матолар керакмасмиди?

Қиз Шуҳратга ўтли нигоҳ ташлади-да, кулимсираб бош эгди.

— Мен… Ўзим учун мана шу матодан сотиб олмоқчи эдим. — деди паст овозда. — Қанчадан ўзи?..

— Агар танишаман десангиз бепул! — деб юборди Шуҳрат таваккал. — Ўлай агар, жон фойдага қолиб турганда қасам ичишданам тоймайдиган йигитман! Сиз жуда чиройли экансиз.

— Вой, ҳамма чиройли қизларгаям молингизни текинга бервораверасизми? — эркаланган оҳангда гап ташлади қиз. — Унда уйингизниям топиб боролмай қоласиз-ку!

— Менга сиз бўлсангиз бас эди! — деди Шуҳрат бўш келмай. — Хўш, розимисиз?..

— Менинг эрим, фарзандим бор-ку! — деди қиз. — Қандоқ бўларкин?

— Э, мендаям бор ўша оила, фарзанд. — кулди Шуҳрат. — Биласиз-ку, севгининг кўзи кўр! Ишонинг, сизни узоқдан кўрдим-у, эс-ҳушимдан айрилаёздим.

— Бечора, — майин жилмайди қиз. — Наҳотки шу гапларингизга ишонди деб ўйласангиз мени?

— Қасам ичяпман-ку! Илтимос, исмингизни, телефон рақамингизни айтинг! Билиб қўйинг, барибир энди сизни тинч қўймайман. Мен шунақа бир сўзли йигитман!

— Гуласал, — деди қиз лаб тишлаб. — Телефон рақамимни бермайман.

— Нега? Қўрқяпсизми?..

— Йўқ… Шунчаки… Ноқулай…

— Бугун сизни соат еттиларда ҳов анави ёқдаги қаҳвахонада кутаман. — деди Шуҳрат. — Агар келмасангиз, уволимга қоласиз.

— Кўрамиз. — Гуласал қўлидаги катмонини очиб пул чиқаришга тутинди.

— Йўқ, йўқ! — қизнинг қўлини қайтариб ташлади Шуҳрат. — Ваъда берилдими, тамом! Танланг! Хоҳлаган матонгизни танланг!..
* * *
Шуҳрат бундай аёлларни жуда яхши билади. Улар ҳам эри бўлишига қарамасдан ўзганинг меҳрига, эркалашларига ўч бўлишади. Бошқачароқ айтганда, эҳтирос бундай аёлларда кучли. Шу сабабли улар ўзлари ёқтириб қолган эркакни қийнаб, таклифларини рад этиб, нозланиб ўтиришмайди.

Шуҳрат шу кундан эътиборан Гуласал билан учраша бошлади. Бу аёлнинг нозу-фироғи, гап-сўзлари, шубҳасиз, хотининикига сира ўхшамасди. Гуласал бир сўз билан ҳар қандай эркакнинг ҳушини олишга қодир эди.

— Эримдан кўрмаган меҳр-муҳаббатни фақат сиздан кўряпман! — дея такрорларди ҳар гал учрашганларида ва ўзини Шуҳратнинг бағрига отиб анча вақтгача чуқур хўрсинишдан нарига ўтмасди. — Қолаверса, сиз тадбиркор йигитсиз. Эркак кишининг тадбиркор бўлгани маъқул. Эрим каби биргина маошга тикилиб яшайдиганидан Худонинг ўзи асрасин!

— Унда ажраш! — деди кунларнинг бирида Шуҳрат. — Мен сени иккинчи хотин қилиб оламан. Ишон, камлик кўрмайсан. Шоҳона қаср ваъда қилмасам-да, ҳар ҳолда бошқалардан ёмон яшамайсан.

— Йўқ, — деди қатъий Гуласал. — Ёлғиз қизимни отасиз ўстира олмайман. Қизчамнинг бир марта дада деб йиғлаши мени адойи тамом қилади. Учрашиб юрибмиз-ку шундоқ ҳам. Тағин сизга нима керак, яхши йигит!?.

Шуҳрат яна бир карра тан бериб Гуласални бағрига босди.
* * *
Шуҳрат икки кунда бир учрашишга кўникиб қолган экан. Гуласалнинг уч кун умуман қорасини кўрсатмай қўйиши юрагига ғашлик солди. Негадир телефони ҳам ўчирилган эди.

У безовталаниб, эрта тонгда бозор-ўчарни жиянига топширди-да, таксига ўтириб Гуласал яшайдиган даҳага жўнади.

— Бундай йўқолиб қолиши мумкинмас. — ўйларди йўл-йўлакай. — Узоғи билан иккинчи куннинг ярмида хабарлашардик. Нима бўлди унга? Касалмикан? Касал бўлса, нега менга хабар қилмади? Ё эриминан ғижиллашиб қолиб бирор ёққа жўнаворганмикан? Шундай бўлган тақдирдаям мени бехабар қўймаслиги керак эди.

Манзилга етгач, таксидан тушибоқ таниш подъездга ўзини урди. Азбаройи безовталанганидан учинчи қаватга қандай кўтарилганини пайқамай қолди.

Эшик қулф эди. Шундай бўлса-да, эҳтиёт шарт қўнғироқ тугмачасини қайта-қайта босиб, қулоғини динг қилди.

Орадан бир неча дақиқа ўтиб, ниҳоят эшик зулфини суғурилди.

Қаршисида Гуласал енгил халатда пайдо бўлди.

— Шу ерда экансан-ку! — таклифни кутиб ўтирмай, ичкарига кирди Шуҳрат. — Нега менга қўнғироқ қилмайсан?.. Нима бўлди ўзи?

Шу пайт балкон тарафда кимнингдир яланғоч ҳолда сигарет чекаётганини кўриб ҳушёр тортди.

— Ие, бу ким бўлди, Гули?.. Тушунмадим…

Гуласал югуриб келиб Шуҳратнинг олдини тўсди.

— Бу киши… Уста… Сантехник. — тутила-тутила уқтиришга тушди Гуласал. — Юринг, ичкарига киринг!

— Сантехник дегин? — Шуҳратнинг қалбида шубҳа уйғониб, жаҳди муштларига кўчди. — Яланғоч ҳолда усталик қиляптими?..

Йигит ҳеч нарса бўлмагандек, ҳануз жойида қилт этмай ўтирар, қур-қур Шуҳрат томон кўз ташлаб оларди.

— Ҳаққингиз йўқ! — дея Шуҳратнинг билагидан сиқди Гуласал. — Ким бўлган тақдирдаям, менинг ҳаётимга аралашишга ҳаққингиз йўқ, билдингизми?!. Кетинг! Ҳозироқ уйни бўшатиб қўйинг!

Шуҳрат ҳаммасини англаб етганди. Аёлнинг ярим очиқ сийналарига нафрат аралаш боқаркан, лабларини тишлаганча беихтиёр стол устида турган ошпичоқни олди ва чўнтагига тиқди.

— Бўпти, ҳақим бўлмаса, юр, ташқарида гаплашиб оламиз! Фақат тезроқ қимирла! Кутишга сира вақтим йўқ.

— Чиқмасам-чи? — қайсарлик билан ортга тисланди Гуласал. — Урасизми?..

— Гапни айлантирмай, тезроқ чиқ! Сени домнинг орқасида кутаман!
* * *
— Хўш, нима дейсиз тағин? — Гуласал икки қўлини белига тираган кўйи Шуҳратга яқин келди. — Гапиринг тезроқ, менинг вақтим йўқ!

— Олдинги гапларинг шунчаки экан-да!?. — деди Шуҳрат зардали оҳангда. — Ваъдалар, ёниб-куйишлар бошқача эди-ку!

— Мен нима қилдим? Нега менга туҳмат қиляпсиз?

— Сен ярамас… — Шуҳрат чирт этиб тупурди-да, қўлига ошпичоқни олди. — Менга хиёнат қилдинг! Шуни биласанми?

— Э, ким бўпсиз менга буйруқ берадиган? Ҳеч кимга хиёнат қилганим йўқ! У уста!

— Уста бегона аёлникида яланғоч юрмайди. Мени аҳмоқ қилма!

— Бўлдими? Шуми? Бўпти, мен кетдим!

— Йўқ, кетмайсан! — Шуҳрат аёлнинг билагидан маҳкам тутиб ўзига тортди. — Хиёнатнинг ҳақини тўлаб кетасан!

— Қочинг дедим! Қўйворинг!

— Ўлдираман сени! — хириллаб Гуласалнинг кўзларига боқди Шуҳрат. — Сенга айтганман хиёнатни кечира олмайман деб! Сен менинг муҳаббатимни оёқости қилдинг!

— Қўйворинг! Сиз менга ҳеч ким эмассиз!

— Ўлдираман!

— Ўлдириб бўпсан, ҳезалак! Қўйвор!

Гуласалнинг сўнгги сўзлари Шуҳратнинг вужуд-вужудини ўқ каби тешиб ўтди. Беихтиёр қўлидаги тиғни аёлнинг қорнига бир неча маротаба тиқиб олди. Шу заҳоти қон тизиллаб Гуласал гандираклаганча ерга чалқанча қулади.

ХОТИМА ЎРНИДА:
Гуласални қўни-қўшнилар зудлик билан касалхонага олиб боришди. Хайриятки, врачлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
Шуҳрат эса суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ишратпарастлик балоси...(Воқеа реал ҳаётдан олинган)