«Долларчи»ларга лицензия бериш керакми...?

  • Жамият
  • 16-01-2018, 22:32
  • 925
  • «Долларчи»ларга лицензия бериш керакми...?
    Ҳаммамизга маълум, ўтган йилдан бошлаб валюта олди-сотдисини эркинлаштириш йўлида катта қадамлар ташланди. Расмий курс қора бозор курси билан бир хил қилинди. Банкларга аҳолидан чекланмаган миқдорда чет эл валюталарини сотиб олишга ва халқаро тўлов карталари орқали сотишга рухсат берилди. Бу йил эса банкларга чет эл валюталарини нафақат халқаро тўлов карталари орқали, балки нақд пулга сотиш учун ҳам рухсат берилади деган гаплар юрибди. Буларнинг хаммаси Президентимиз олиб бораётган ислоҳотларга ҳамоҳангдир.

    Агар яқин келажакда банкларимизга чет эл валюталарини нақд пулга сотиш учун рухсат бериладиган бўлса, яна бир муҳим иш амалга оширилиши керак ва бу иш Президентимизнинг «ҳамма соҳаларда ишимиз халққа осон, қулай бўлиши учун қилиниши керак» деган ғояларига мос иш бўларди.

    Ҳаммамиз кўриб турибмиз, валюта олди-сотдиси эркинлаштирилиб, банкларга чет эл валютасини чекланмаган миқдорда сотиб олиш ва уни халқаро тўлов карталари орқали сотиш йўлга қўйилган бўлса-да, жойларда валютафурушлар ҳанузгача пана жойларда ўз ишларини давом эттиришяпти. Менинг билишимча, бунинг учта сабаби бор:

    1. Ҳозирча банкларда чет эл валютасини нақд кўринишда сотиш амалиётининг йўқлиги

    Миллий валютамиз сўм 1994 йилдан бери 8200 баравар қадрсизланар экан аҳоли ўз жамғармасини сўмда сақламаслиги шундоқ ҳам ҳаммага тушунарли бўлади. Чунки кимдир уй олиш учун, кимдир машина олиш учун ишлаб топаётган пулини сўмда йиғадиган бўлса, нархлар тез-тез ошавергани учун у бир умр уйсиз ёки машинасиз қолиб кетиши мумкин. Шу учун хам аҳоли ўртасида ўз жамғармасини АҚШ долларида йиғиб борадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Банкларда ҳозирча нақд пулга чет эл валютасини сотиш амалиётининг йўқлиги аҳолининг барибир валютафурушларга мурожаат қилишига сабаб бўлмоқда.

    2. Вилоятларда, туманларда валюта айирбошлаш шохобчаларининг аксарияти туман марказларида жойлашгани
    Ҳа, ҳозирча бизда валюта айирбошлаш шохобчалари туман марказларида жойлашган. Улар ҳам фақат банклар биносининг ичида. Шу туфайли ҳам туман марказидан узоқда яшаётган аҳоли валюта алмаштириш учун туман марказига эмас, балки ўзига яқин жойда жойлашган ҳудудий бозорларда ёки уйларида яширинча фаолият олиб бораётган валютафурушларга мурожаат қилишга мажбур бўлишяпти.

    3. Банклардаги валюта алмаштириш нархлари билан яширинча фаолият олиб бораётган валютафурушлар таклиф этаётган нархлар ўртасидаги тафовут

    Кўпчилик ўз қўлидаги валютани банкларга эмас, балки валютафурушларга бориб алмаштираётганига кўпроқ нарх сабаб бўлмоқда. Масалан, банкларда валюта алиштириш жараёни бошланганда сотиб олиш нархи 8000 сўм қилиб белгиланди. Бундан хабар топган валютафурушлар эса ўша пайтда сотиб олиш нархини 8100 қилиб белгиладилар. Орадан бироз ўтиб банкларда сотиб олиш нархи 8020 сўм қилиб белгиланганда валютафурушлар сотиб олиш нархини 8120-8150 сўмга кўтаришди. Банк билан валютафурушлар ўртасида валюта сотиб олишда 100-120 сўм фарқ қилди. Бу фарқ 100 доллар пулни алмаштирганда 10-12 минг сўмни ташкил этади. 1000 доллар алмаштирганда эса фарқ 100-120 минг сўмни ташкил этди. Бундай шароитда баъзи инсонлар ўз қўлидаги валютани қимматроққа сотиш учун ҳам валютафурушларга мурожат қилиши табиий ҳол.

    Валютафурушларнинг яширинча бўлса-да ҳануз ўз ишини давом эттираётганига юқоридаги ана шу омиллар сабаб бўлмоқда. Энг муҳими, ана шу уч сабаб бир-бирига занжирдай боғлиқ. Шунинг учун яқин келажакда банклар чет эл валютасини нақд пулга сотиш амалиётини бошлашса ҳам муаммо ҳал бўлмаслиги ва валютафурушлар валютани сотиб олишда банкдан бир оз қиммат нархда олиб, сотишда эса банклар таклиф қилаётган нархлардан бир оз арзон нархни таклиф этишлари ҳам мумкин.

    Масалан, банклар 8020 сўмдан сотиб олганда улар сотиб олиш нархини 8050 сўм қилиб белгилайдилар. Банклар сотиш нархини 8150 сўм қилиб белгилаганларида улар сотиш нархини 8120 сўм қилиб белгилайдилар. Ана шунда айрим одамлар ўртадаги озгина тафовутдан ютай деб, яна валютафурушларга мурожаат қилаверишлари мумкин. Ёки банклар иккинчи сабабда кўрсатилган муаммони ҳал қилиб, ҳар қадамда валюта айирбошлаш шохобчаларини кўплаб очиб ташлашса ҳам улар учинчи сабабдаги муаммода валютафурушлар билан рақобат қилишларига тўғри келади.

    Умумий хулоса шуки, бундан буёғига банклар валюта олди-сотдисида доим ноқонуний фаолият олиб бораётган валютафурушлар билан рақобат қилишларига тўғри келади. Тўғри, ноқонуний валютафурушларга нисбатан ИИБ ходимлари томонидан «ов» уюштирилиб, уларни ушлаб жазолашяпти. Аммо бу билан бу соҳадаги муаммоларни ечиб бўлмайди.

    Муаммонинг ечими борми: валютафурушларни қандай қилиб йўқотиб бўлади?

    Жамиятдаги кўплаб одамларнинг бу масала юзасидан фикрлари билан қизиқар эканмиз, уларнинг кўпчилиги бу муаммони валютафурушлар фаолиятини легаллаштириб, уларга қонун доирасида ишлаш учун шароитлар яратиб берибгина бу муаммони ҳал қилиш мумкин, деган фикрни билдирдилар. Шахсан ўзим ҳам шу фикрга қўшиламан ва қуйида нега валютафурушларни легаллаштириш керак, деган фикрларимни асослаб беришга ҳаракат қиламан.

    Юқорида банклар ва валютафурушлар ўртасида зимдан бўлаётган рақобатни ва ана шу рақобатда баъзи ҳолларда валютафурушлар устун бўлаётганини ёздим. Агар валютафурушлар фаолиятини легаллаштирсак бундан ҳамма томон: банклар ҳам, аҳоли ҳам, валютафурушлар ҳам фақат ютишади.

    1) Банклар ютишади.
    Агар валютафурушларга лицензия бериш ваколати банкларга берилса, ана ўшанда тижорат банклари ўртасида ким кўпроқ валютафурушларни ўзига жалб қилиб, кўпроқ лицензия сотиш учун рақобат юзага келади ва шу туфайли банкларда ишчанлик ошади. Банклар ўзи томонидан валютафурушларга бериладиган лицензиядан анчагина пул ишлайди ва бу ҳам мамлакатимиз бўйича ҳисобланганда яхшигина маблағни ташкил этади. Шу ерда ўқувчиларда «банклар валютафурушларга лицензия берса, кейин ким уларнинг ўзларига валютасини алмаштиришга олиб боради?» деган савол пайдо бўлиши мумкин. Тўғри, агар валютафурушларга банклар томонидан лицензия берилса, кейин банкларнинг ўзига одамлар валюта алмаштиришга бормасликлари ҳам мумкин. Лекин ҳозирги кунда ҳанузгача аҳолининг қўлидаги бир қисм валютанинг валютафурушлар орқали айланётганини инобатга олсак, банклар ҳеч нарса йўқотмайди. Яна ўша ўзи лицензия берган валютафурушлар билан рақобатда ишлашади. Қолаверса, агар банклар валютафурушларга лицензия бермай ўзлари ишлайдиган бўлсалар, валюта алмаштириш шохобчасини кўпайтириш ва кўча-кўйларда, бозорларда бўлимлар очишларига тўғри келади. Бундай шохобчаларни очиш, уларда ишлайдиган ходимларга, уларни қўриқлайдиган қўриқчиларга маош тўлаш зарур ва бунинг ҳаммаси яхшигина харажатни талаб қилади.

    2) Аҳоли ютади.
    Агар валютафурушларга лицензия берилиб, уларнинг фаолияти легаллаштирилса, аҳоли ўз уйига яқин бўлган қонуний ишлаётган валютафурушларга қўлидаги валютасини хоҳлаган пайтида бемалол алмаштириб кетаверади.

    3) Валютафурушлар ютади.
    Агар валютафурушларга лицензия берилса ва уларнинг фаолиятлари легаллаштирилса, улар ҳам доим қўрқиб, қочиб-писиб юришмайди ва хоҳласалар уйларида, хоҳласалар бозорларда бемалол фаолият юритаверадилар.

    Шу мақолани тайёрлаш жараёнида турли жойларда, бозорларда ими-жимида қўрқа-писа фаолият олиб бораётган валютафурушларнинг (уларни ҳанузгача истаган бозорингиздан бемалол топишингиз мумкин) бир нечтаси билан бу мавзуда суҳбатлашиб «валютафурушларга лицензия берилиб, уларнинг қонуний ишлашларига шароит қилиб берилишига қандай қарайсиз?» деб сўраганимизда улар «Қани эди шунақа бўлса, буни орзу қиламизку. Лицензия қимматроқ бўлса ҳам тўлаб, қонуний ишлардик, қоча-қоч қилиб ишлаш жонимизга ҳам тегиб кетган», деб жавоб беришди.

    Дунёнинг аксар давлатларида, шу жумладан, яқин қўшниларимиз бўлган Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам анча йиллардан бери шу амалиёт қўлланилади. Яъни хоҳлаган одамга валюта олди-сотдиси билан шуғулланиши учун лицензия берилади ва ўша лицензияни олган одамлар истаган жойларида эркин валютафурушлик фаолиятларини олиб бораверадилар. Шундай экан, жаҳоннинг кўпгина давлатларида қўлланилаётган ушбу амалиётни бизда ҳам қўллаб кўриш фойдадан холи бўлмасди, деб ўйлайман.

    Манба: Xabar.uz

    Яндекс.Метрика