11:32 / 17.01.2018
8 128

Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан янги фармонни имзолади

Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан янги фармонни имзолади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 16 январь куни “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони


Мамлакатда экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш ва соддалаштириш, талаб юқори бўлган озиқ-овқат товарларини импорт қилишда тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, носоғлом рақобат, озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан монополлаштирилиши, сунъий тақчилликни юзага келтириш ва баъзи товарлар учун нарх-навонинг асоссиз оширилиши, оқибатда, бу асосда қўшимча фойда олиш учун шарт-шароитлар яратувчи жиддий тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.

Бозорда айрим импорт қилувчиларнинг устун мавқега эга бўлишига улар учун индивидуал имтиёз ва преференцияларнинг тақдим қилиниши, уларнинг фаолияти учун эксклюзив шароитлар яратилиши кўмаклашган, бу эса бошқа тадбиркорлик субъектларининг бозорга кириш имкониятини чеклашга олиб келмоқда.

Мазкур соҳада юзага келган вазият ишчанлик фаоллигини ва Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтиради, халқаро майдонда мамлакатнинг обрўсига жиддий зиён етказади.

Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, мазкур соҳадаги мавжуд тизимли муаммоларга барҳам бериш мақсадида:

1. 2018 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга тақдим қилинган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, бошқа преференциялар бекор қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан республикага озиқ-овқат товарларини киритиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, бошқа преференциялар тақдим этишни назарда тутувчи қарорларнинг қабул қилиниши тақиқлансин.

Белгилансинки, ушбу банд талаблари бузилган ҳолларда айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарликка тортилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК, Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси, Республика универсал агросаноат биржаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда:

2018 йилга озиқ-овқат маҳсулотларини ташувчиларни излаб топиш ва жалб қилиш, улар учун бозорга киришда тенг шароитлар яратиш, уларга шартномалар тузиш, киритилган маҳсулотларни ташиш ва сақлашда кўмаклашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар, шунингдек, аҳолининг сифатли, арзон озиқ-овқат товарларига бўлган талабини тўлиқ қаноатлантиришга қаратилган бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқишни;

республиканинг барча ҳудудларида давлат-хусусий шериклик шартларида ихтисослаштирилган омборхона иморатлари, омборлар, музлатиш камералари, озиқ-овқат товарларини қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича замонавий юқори технологик, энергия самарадор ускуналарни ташкил этишни таъминласин.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 февралдан бошлаб:

истеъмол товарларини республика товар-хом ашё биржаларида сотиш (сотиб олиш)га тақиқ бекор қилинади;

шакар ишлаб чиқарувчилар 2019 йил 1 январга қадар муддатга импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинади;

истеъмол товарларини товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб этилмайди;

улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шундан пул маблағлари энг кам иш ҳақининг 1200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади;

ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари турларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан импорт қилиш истисно ҳолларда ва фақат товар-хом ашё биржалари, жумладан, хорижий биржаларнинг очиқ электрон савдолари тизими орқали амалга оширилади;

озиқ-овқат маҳсулотларининг режалаштирилаётган хариди, Жамғарма маблағлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги батафсил ахборот ҳар ой Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиб борилади;

биржа брокерлари тижорат банкларига мижоз – норезидент номидан товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш (сотиш)га талабнома бериш, норезидент – юридик шахслар эса Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида ҳисоб рақамлари очиш ва товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш (сотиш)ни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

Жамғарма маблағлари ҳисобидан ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш тартибини чайқовчилик ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолларига имкон бермайдиган чораларни назарда тутган ҳолда белгилаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси;

бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аграр комплексни ривожлантириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, озиқ-овқат бозори барқарорлигига таҳдидларни ўз вақтида бартараф этиш, озиқ-овқат товарлари импортини қулай божхона-тариф тартибга солиш бўйича чораларни белгиловчи “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

5. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 мартга қадар муддатда товар-хом ашё биржалари томонидан фойдаланилаётган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ахборотдан эркин фойдаланиш ва унинг очиқлиги, жумладан, маълумотларни чет тилларда (рус, инглиз тиллари) жойлаштириш, амалга оширилаётган операцияларнинг шаффофлигини, шунингдек, ўтказиладиган электрон савдоларга аралашиш ва уларнинг натижаларини бузиб кўрсатиш имкониятини истисно этишни назарда тутган ҳолда тубдан такомиллаштиришни таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда озиқ-овқат товарларига божхона тўловлари ставкалари, божхона тартиб-таомиллари ва республика божхона чегараси орқали товарларни ташиш тизимининг танқидий ўрганилишини ҳамда божхона тўловлари ставкаларини оптималлаштириш, ортиқча тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, жумладан, тартиб-таомилларни “ягона дарча” тамойили асосида расмийлаштиришга ўтиш орқали товарларнинг божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларини максимал соддалаштириш ва экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш харажатларини қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда чакана савдо ва хизматлар кўрсатишни тартибга солувчи қонунчиликни ортиқча тўсиқ ва ғовлар, давлат томонидан тартибга солишнинг асоссиз чораларини бартараф этиш нуқтаи назаридан танқидий таҳлил қилсин, шунингдек, натижалари бўйича мазкур соҳани тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин;

озиқ-овқат товарлари нархини пасайтириш ва барқарорлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги сансалорлик ва бюрократияни бартараф этиш, шунингдек, республикада ишчанлик муҳитини яхшилаш бўйича асослантирилган таклифлар киритиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари, жумладан, аҳамиятга молик озиқ-овқат товарларини экспорт ва импорт қилувчилар, чет эллик инвесторлар ва хорижий ҳамкорлар билан доимий асосда мунтазам очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа идораларнинг ахборот маълумотлар базаларидан масофадан туриб фойдаланиш имкониятини яратсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари божхона тартиб-таомилларини амалга оширишда сунъий тўсиқлар яратиш, сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларига йўл қўйганлик учун шахсий жавобгарлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.

9. 2019 йил 1 январга қадар муддатга божхона тўловлари тўлашдан озод қилинадиган (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) озиқ-овқат маҳсулотлари ва хом ашёларнинг айрим турлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 июлдаги “Республикага истеъмол товарлари ноқонуний олиб келиниши ва сотилишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 257-сон қарорининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев


Тошкент шаҳри, 2018 йил 16 январь

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан янги фармонни имзолади