21:13 / 19.01.2018
4 737

Туркистон бағридаги жавоҳир. Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия султонбегим мақбараси қаерда?

Туркистон бағридаги жавоҳир. Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия султонбегим мақбараси қаерда?
Туркистон деганда буюк аждодларимиз яшаган бепоён тарихий макон кўз олдимизга келади. Айни пайтда қўшни Қозоғистоннинг тарихий кентларидан бири ҳам Туркистон деб аталади. Турк дунёсининг юраги бўлган бу кўҳна шаҳар аҳли буюк мутафаккир, шоир, Яссавия тариқатининг асосчиси Аҳмад Яссавий номи билан ҳақли равишда фахрланишади. Яссавийнинг шаҳар марказидаги, бир пайтлар буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур ташаббуси билан қурилган мақбараси турли юртлардан келган зиёратчилар билан гавжум.

Буюк аллома мангу қўним топган муҳташам мажмуа дарвозасидан 60 метрлар берироқда яна бир мақбара қад ростлаб турибди. Беш асрдан зиёд тарихга эга бўлган ушбу гумбаз остида ватандошимиз, Темурийзода ҳукмдор ва фалакиётшунос олим Мирзо Улуғбекнинг қизи – Робия султонбегим дафн этилган.

Янги йилнинг илк кунларида буюк мутафаккир Аҳмад Яссавийнинг нурли қадамжоларини зиёрат этиш асносида Темурийзода ҳамюртимиз Робия султонбегимнинг ҳам мақбараларини кўриб қайтдик.

Тўртинчи қиз
Одатда Шарқ оилаларида оиладаги тўртинчи қизга Робия деб исм берилган. Зотан араб тилида «робиа» тўртинчи демакдир. Ҳар биримиз буюк алломанинг Абдуллатиф ва Абдулазиз исмли икки ўғли бўлгани, Улуғбек айнан катта ўғли Абдуллатифнинг хоинлиги сабабли ўлдирилганини яхши биламиз. Бироқ Мирзо Улуғбекнинг беш ўғли (Ибодуллоҳ, Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Абдуллатиф, Абдулазиз) ва беш қизи (Ҳабиба, Оқбошбегим, Султонбахт, Робия, Давлатбахт) бўлгани ҳақида кўпчилик билмаса керак.

Мирзо Улуғбек оқил ва одил давлат раҳбари, илм-фан ва маданият ҳомийси, аллома бўлиши баробарида меҳрибон, бағрикенг ота ҳам эди. Лекин фарзандларининг аксарияти ёшлик пайтида турли касалликлар туфайли нобуд бўлишган.

Тарихий манбаларда Улуғбекнинг қолган тўрт қизи ҳақида маълумотлар кам учрайди. Аммо Робия султонбегимнинг ҳаёт йўли, антиқа қисмати ҳақида етарлича ёзилган.

Робия султонбегим тахминан 1432 — 1433 йилларда Мирзо Улуғбекнинг Қутлуғ Нигор оға исмли аёлидан туғилган. У ўзининг ақл-заковати, иффати, ҳусн-латофати билан тез орада тилга тушган.

Салтанат талотўплари
Тарихчи Амриддин Бердимуродовнинг маълумот беришича, Мирзо Улуғбек қатл этилгач, тахтга даставвал падаркуш шаҳзода Абдуллатиф ўтиради. У олти ойдан сўнг марҳум отасининг тарафдорлари томонидан ўлдирилгач, Улуғбекнинг жияни ва куёви Мирзо Абдулло ҳокимият тепасига келади. Аммо кўп ўтмай, Бухорода ҳокимиятни эгаллаган яна бир Темурийзода, Мироншоҳ Мирзонинг ўғли Абусаид Мирзо Самарқандга ҳужум қилади. Лекин Мирзо Абдулло қўшинлари томонидан мағлуб этилиб, Сирдарё томонга чекинади. Абусаид Мовароуннаҳр тахтини эгаллаш учун ўзига кучли иттифоқчи топиши лозим эди. Шу боис кўчманчи ўзбеклар ҳукмдори Абулхайрхон ҳузурига ёрдам сўраб боради.

Абулхайрхон ва Абусаиднинг бирлашган қўшинлари 1451 йилнинг ёз ойларида Самарқандга қўшин тортадилар. Жанг пайтида Мирзо Абдулло ҳалок бўлади. Абу Саид эса Самарқанд тахтига ўтиради. Абулхайрхоннинг кўмагида ҳокимиятни эгаллаган Абусаид у билан қариндошлик муносабатларини янада яхшилаш мақсадида хоннинг Хонзодабегим исмли қизига уйланади, амакиваччаси Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия султонбегимни эса ўз валинеъматига узатади.

Албатта, бу никоҳга Робия султонбегим розилик берганми-йўқми, бирор нима дейиш қийин. Робия отасидан ва акаларидан айрилган, инон-ихтиёри узоқ қариндошининг қўлида қолган ожиза эди. Бу пайтда Робия ҳали ўн саккизга тўлмаган навниҳол қиз, Абулхайрхоннинг эса ёши қирққа яқинлашиб қолганди.

Тақдирга тан берган малика
...Робия султонбегим ота юрти Самарқандни ташлаб Абулхайрхон билан унинг пойтахти Сиғноққа, Дашти қипчоқ томон йўл олади. Зотан унинг тақдирга тан беришдан бошқа чораси қолмаганди. У Абулхайрхон билан 18 йилга яқин ҳаёт кечирди, унга Кучкунчихон ва Суюнчхўжа исмли икки ўғил туғиб берди.

Абулхайрхон 1468 йилда унга қарши фитна уюштираётган Жонибекхон ва Керейхонга қарши юришга отланган чоғида вафот этади. Эрининг вафотидан сўнг Робия султонбегим қолган умрини Туркистонда ўтказиб, Аҳмад Яссавий мақбараси ва марҳум эрининг даҳмаси яқинида яшади.

XVI аср бошларида Марказий Осиёда ҳукумат Абулхайрхон авлодидан бўлган Шайбонийлар қўлига ўтади. 1510 йилда Шайбонийхон Эрон Сафавийлари ҳукмдори Шоҳ Исмоилдан енгилиб, қатл этилганидан сўнг Самарқанд тахтига унинг амакиси, Робия султонбегимнинг ўғли Суюнчхўжа ўтқазилади. Вазият тақозосига кўра тахтга ўтирган Суюнчхўжа 1512 йилда оилада катта фарзанд бўлган акаси Кучкунчихонга Самарқанд тахтини бўшатиб берди ва ўзи Тошкент ҳокимлигини эгаллади. Гарчи мамлакат ҳукмдори расман Кучкунчихон бўлса-да, у ўзини салтанатдан кўра илм ва ибодатга бағишлаган хокисор инсон эди. Мамлакатнинг ташқи алоқалари Суюнчхўжанинг ихтиёрида эди. У Сафавийларнинг сулҳ тузиш ҳақидаги таклифини рад этиб, улар билан бир муддат муросасиз кураш олиб боради. Рақибларга қарши жиддий ҳозирлик кўраётган пайти 1526 йилда Тошкентда вафот этди.

Гарчи икки ўғли ота-боболари юртини қайта қўлга киритган бўлишса-да, Робия султонбегимга Самарқандни яна кўра олиш насиб этмади. У 1485 йилда 53 ёшида вафот этди. Маликани кўз очиб кўргани, фарзандларининг отаси Абулхайрхоннинг хоки қўйилган Туркистонда, буюк мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавийнинг мақбараси олдида дафн этишди.

Боболарнинг руҳлари ўйғоқ...
Икки ўғил умр бўйи ота-оналарига ҳурмат ва эҳтиром билан яшашган. Уларнинг ташаббуси билан ота-оналарининг қабри устида муҳташам мақбара бунёд этилди. Мақбара саккиз қиррали асосий хона ва яна тўртта қўшимча хонадан ташкил топган. Мақбара устида Самарқанд ва Бухоро тарихий обидаларига монанд мовий гумбаз савлат тўкиб турибди. Обиданинг баландлиги 20,6 метр, олд қисмининг кенглиги 11 метрга тенг.

Мақбарада Темурийзода малика билан бирга унинг набиралари ва бошқа яқинлари ҳам дафн этилган. Саккиз қиррали хонада Робия султонбегимнинг қабри устида ўрнатилган мармартошда араб тилида қуйидаги сатрлар битилган: «Бу файзли оромгоҳда покдомон, меҳрибон, Аллоҳ гуноҳлардан фориғ этган Робия султонбегим — Улуғбек Кўрагон қизи ётибди. Шаҳид этилган қудратли ва улуғ ҳукмдор Мирзо Улуғбек қудратли султон Шоҳрух Мирзонинг ўғли эди. У эса улуғ амир, соҳибқирон Амир Темурнинг ўғлидир. Аллоҳ уларнинг қабрига то қиёматга қадар ўз нурларини ёғдирсин. Марҳуманинг фоний дунёдан боқий оламга сафар қилиши ҳижрий 890 йилнинг сўнгги ойларида юз берди. Унга Аллоҳнинг шафқати ва марҳамати ёғилсин!».

...Мазкур обида Туркистон халқлари бошига тушган кўплаб қора кунларнинг ҳам шоҳиди бўлди. Хусусан, Черняев, Скобелев сингари саркардалар айнан шу мақбара ёнидан от чоптириб ўтдилар, қадимий ва бетакрор шаҳарларимизни ўққа тутдилар. Ана шу босқинлар ва талотўплар сабабли Аҳмад Яссавий мақбараси ҳам, унинг рўпарасида турган Робия султонбегим мақбараси ҳам харобага айланди. Кейинчалик, орадан йиллар ўтиб, бу қадимий обидалар ҳам таъмирланди.

Бугун буюк аждодларимиз хоки ётган бу тарихий обидалар кўҳна ва навқирон Туркистоннинг ҳуснига худди узукка кўз қўйгандек ярашиб турибди. Мақбара атрофида кезаркансиз, унда аллақандай файзли сокинликни ҳис этасиз. Бу тарихий мажмуани зиёрат қилиш учун келаётган зиёратчилар орасида ҳамюртларимиз ҳам кўп.

Термиз шаҳридан келган бир отахон Робия султонбегим мақбараси қаршисида ўтириб, Қуръон тиловат қилмоқда. Беихтиёр унинг ёнидан жой олиб, бундан беш ярим аср аввал яшаган ватандошимизга Яратганнинг раҳмати ва мағфиратини сўрадик.
Рустам Жабборов

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Туркистон бағридаги жавоҳир. Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия султонбегим мақбараси қаерда?