13:16 / 23.01.2018
6 495

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»: ким иту ким карвон?

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»: ким иту ким карвон?
Ҳиссиётлар жунбушга келганида энг яхшиси — тилни тийиш. Агар бирор ташкилот ходими бўлса икки марта тилни тийиши керак. Чунки айтаётган гапи унинг эмас, балки ташкилотнинг номидан қабул қилинади.

Мана, бир неча кундирки Қозоғистондаги фожиа муҳокама қилинмоқда. Қурбонлар сони оз эмас ва бу тарздаги фалокат биринчи марта бўлаётгани йўқ. Бу эса табиий равишда халқнинг эътирозлари ва хавотирларини уйғотмоқда. Шунинг учун ким айбдор деган масала атрофида энг кўп баҳслар давом этаяпти. Кимдир йўл ҳақини жуда ошириб юбориб, халқни арзон вариантларни излашга мажбур қилаётган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари»ни айблаётган бўлса, кимдир ёшларни ўз вақтида ва ўз жойида етарлича ҳимоя қила олмаётган Ёшлар иттифоқини, бир гуруҳ зиёлилар чириб битган, коррупцияга ботган таълим тизимини айбламоқда. Хуллас, ҳиссиётлар учига чиққан. Ким кимни айблаётган бўлса ҳаммасида асослар, сабаблар бор. Бундай шароитда халқнинг туйғулари билан ўйнашиш, ҳар қандай фожиада одамларнинг ўзларини айбдор қилиб қўйиш, ўзини четга олиш, айбни зиммасидан соқит қилиш масалани баттар чигаллаштиради.

Давронбек Ниёзов


Куни кеча «Ўзбекистон ҳаво йўллари» директори ўринборсари Давронбек Ниёзовнинг таниқли блогер Макаренкога мурожаати олов устига сепилган мойдек бўлди.

«Сизларга ҳеч ким, Олма-Отадан учмагин, деб таъқиқ қўяётгани йўқ. Танловни мустақил равишда амалга ошириш ҳуқуқингиз бор.

Биз 5 ой аввал олдиндан барча мавжуд рейсларни эълон қилиб бўлганмиз, билет нархларини ҳам белгилаб чиққанмиз. Одамлар билетларни сотиб олишяпти. Табиийки, билетни биринчилардан бўлиб олганлар учун нархлар ҳам арзонроққа тушади», — деган амалдор сўзини “Ит ҳурар, карвон ўтар” мақоли билан якунлайди.

Бу гаплардан кейин бир қанча саволлар туғилади. Танлаш деганда Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Ўзбекистон пойтахтлари аэропортларидан бирини танлашни назарда тутаяптими? Шундай бўлса унинг сўзлари қанчалик адолатдан? Менимча, танлаш Ўзбекистоннинг ўзидаги бир қанча авиакомпаниялар ўртасида бўлса ҳақиқатдан ҳам Остона ёки Бишкекни танлаш ёки Тошкентдан учиш ўзимизга боғлиқ бўларди.

Нимага асосланиб биздаги авиачипталар нархи қўшни давлатларникига қараганда анчагина қиммат? МАКнинг шохи борми? Ўзбек халқининг тўлиб тошиб ётган хазинаси борми ёки? Ёки қозоғу қирғизларнинг самолётлари ҳавога керосинмас кўмир ёқиб кўтариладими? Нега қиммат? Нима учун ўзбек ўзини авиакомпаниясида уча олмаслиги керак?

Хўш, жаноб Ниёзов «ит ҳурар – карвон ўтар», деганда кимни ит, кимни карвон деди? Макаренко ёки МАК чипталарининг нархи баландлиги айтиб, уни бошқа авиакомпаниялар билан таққослаб, сўзларининг ҳақлигини исботлаб бераётган, ўзбекнинг йўлдаги фожиаларида «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг ҳам айби борлигини таъкидлаётганлар итми? Жуда кўп «итлар»нинг ҳуриши карвоннинг йўли нотўғри эканидан далолат бермаяптими?
Санжар Саид

Манба: fayzbog.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ўзбекистон ҳаво йўллари»: ким иту ким карвон?