12:22 / 29.01.2018
6 137

Билувчи сўзламайди, сўзловчи билмайди

Билувчи сўзламайди, сўзловчи билмайди
Яқинда устозлардан бири шундай зорланиб қолди: “Ҳозирги ёшлар жуда эътиборсиз, лоқайд бўлиб кетяпти, куйиб-пишиб гапираману ҳаммасининг хаёли бошқа ёқда, мени мутлақо эшитгиси келмайди”. Ўйланиб қолдим: “Нега нотиқ ўз сўзини тингловчига етказа олмаётир? Нима учун устоз ўз фикрини талабасига уқтира олмаяпти? Не сабабдан хонадон бошлиғи гапини оила аъзоларига ўтказа олмаётир? Ҳозирги пайтда одамларнинг “гап уқмас” бўлиб кетаётгани сабаблари қаерда?”

Бунинг илдизларини сал олисроқдан, солиҳ аждодлар тажрибасидан ахтаришга тўғри келади. Бир киши Абул Қосим Ҳакимдан сўради: “Олдинги замондаги олимларнинг панд-насиҳатлари одамларга таъсир қилардию, нега ҳозирги олимларники таъсир этмайди?” Ҳакимнинг жавоби жуда маънодор бўлди: “Илгари замонда олимлар уйғоқ, одамлар уйқуда эдилар. Уйғоқ киши уйқудагини уйғота олганидек, уларнинг панд-насиҳатлари ҳам одамларга таъсирини ўтказар эди. Бугунги кунда эса олимлар уйқуда, одамлар эса ўлик. Ўзинг айт-чи, уйқудаги кимса ўликни тирилтира оладими?”

Яна бир солиҳ зотдан: "Нима сабабдан гапларимиз олдингиларникидек таъсирчан ва фойдали эмас", деб сўрашибди. У бундай жавоб қилган экан: “Чунки улар Ислом азизлиги, нафслар нажоти, Раҳмон розилиги учун гапиришган. Бизлар эса, нафслар азизлиги, бойлик талаби ва халойиққа ёқиш учун гапирамиз. Аввалгилар ҳол тили (яъни юриш-туришлари) билан ваъз-насиҳат қилишган, бизлар эса қуруқ гапни сўзлаймиз”.

Энди бир мулоҳаза қилинг: сиз олий ўқув юртида талабаларингизга ҳалоллик, ўзгалар ҳақини поймол қилмаслик ҳақида соатлаб ваъз ўқисангизу аммо ўзингиз талабалардан пора олсангиз, гапингизнинг самараси ва таъсири бўлармикин? Маҳалла-кўйда ахлоқ-одоб ҳақида тинмай одамларга панду насиҳат қилсангизу аммо ўзингиз ахлоқсиз бўлсангиз, одоб қоидаларига риоя этмасангиз, насиҳатингиз одамларга етиб борармикин? Масжид меҳробидан туриб қавмга ваъдага вафо қилиш ҳақида хитоб қилсангизу аммо ўзингиз ваъдангизни бажармасангиз, сўзларингизнинг эътибори бўлрамикин? Ёки ахлоқсизликнинг минг бир кўчасини кезиб чиққан бир санъаткор “ойнаи жаҳон” орқали ёшларга тарбия берса, унинг сўзини ёшлар эшитармикин?

Ёки оилавий муносабатларни олиб кўринг. Бола улғайиш жараёнида ҳамма нарсани асосан атрофидаги катталардан ўрганади. Улардан ибрат олишга, уларга тақлид қилишга интилиб, ҳаётий тажриба орттиради. Энди ўзингиз қўпол ва бадхулқ бўлсангизу, болангизни чиройли ҳулқли ва одобли қилиб тарбиялайман деб ўйласангиз, хато қиласиз. Агар ўзингиз чексангиз ёки ичсангизу, фарзандингизни бу ёмон иллатлардан қайтараман десангиз, умидингиз ва ҳаракатларингиз пучга чиқади. Агар ўзингиз ёлғон гапирсангиз ёки алдоқчи бўлсангиз, болангиздан ростгўйлик ва омонатдорлик кутиб овора бўлманг.

Инсонлар билан ўзаро мулоқотларда ҳам олдин ўзингиз сўзлашиш, баҳслашиш одобларини ўрганиб олинг. Одамлар билан сўзлашаётганда, айниқса баҳсга киришганда “мен ҳаммасини биламан” дея эмас, “суҳбатдошим ҳам кўп нарсани билиши мумкин” деган кайфият устун бўлсин. Заруратсиз баҳс-мунозаралар, ўз фикрини зўрлаб ўтказиш ёки тасдиқлатиш учун уринишлар, сўзамоллик, маккорлик, ҳийлакорликни ишга солиб бошқалардан устунликка эришиш ёки зулм қилиш энг ёмон иллатлардандир. Бу йўл билан бошқаларни мағлуб қилишни ўйлаган кимсанинг ўзи ютқазади. Буюк мутафаккир Абу Ҳомид Ғаззолий айтганидай, «Баҳс-мунозара – ўзингни билимдон қилиб кўрсатиб, бошқаларни таҳқирлаш ниятида хатосини изҳор этиб, таъна қилишингдир».

Ўз фикрингизни, тутган йўлингизни ёки қилмишларингизни ҳақ санаб, бошқаникидан устун қўйишингиздаги тортишувлар ҳам сизга яхшилик келтирмайди, бошқалар кўз ўнгида обрўйингизни тўкиб қўяди. Агар бу тортишув ҳақиқатни аниқлаш ва уни қарор топтириш учун бўлса нур устига нур бўларди. Аммо у ҳаққа қаршилик кўрсатиш учун ёки ҳақни англамай туриб қилинган бўлса, бундай тортишувдан узоқроққа қочган маъқул.

Ҳар бир инсон бошқаларга фикрини етказиш ёки таъсир ўтказишдан олдин ўзининг шу ишга муносиб ёки муносиб эмаслиги ҳақида бир ўйлаб кўрсин. Жаҳон мутафаккирларининг ҳам тавсияси шу. «Инсоннинг энг катта камчилиги ўзининг эмас, ўзганинг камчилигини санашни афзал билишидир», деган эди тамиз аҳлидан бир киши. Қадимги донишмандлардан бири эса бундай дейди: “Ўзгалар устидан ҳукмронлик даъво қилувчи одам олдин ўзини бошқара билиши даркор”. Тажрибалардан маълумки, билувчилар сукутни афзал кўришади, билмайдиганлар ёки чала биладиганлар сўзлашга ҳарис бўлишади.
Аҳмад МУҲАММАД

Манба: azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Билувчи сўзламайди, сўзловчи билмайди