21:12 / 16.02.2018
5 695

Аҳмадбой: "Мен халқни алдамаганман! Мақсадим ишлаш эди" (видео)

Аҳмадбой: "Мен халқни алдамаганман! Мақсадим ишлаш эди" (видео)
Аҳмадбой суд мажлисида фуқароларни алдамаган бўлмаса-да, халқдан ва президентдан кечирим сўрашини билдирди. У жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида ўзига берилган имкониятдан фойдаланиб, шундай фикрларни билдирди.

2018 йил 16 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида “Аҳмадбой” номи билан донг таратган Аҳмаджон Турсунбоев ҳамда унинг жиноий шериклари сифатида гумон қилинаётганлар устидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Судья Дилшод Комилов раислигида бўлиб ўтган маҳкама жараёнида “Аҳмадбой” иши сифатида маълум бўлган жиноий иш юзасидан судланувчиларга сўнгсўз тақдим этилди.

Жумладан, Аҳмаджон Турсунбоев фуқароларни алдамаганини бир неча бор таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, одамларнинг ўзи унга пулларини олиб келиб беришган.

“Муҳтарам судья, ўртоқ прокурор! Мен фуқароларни алдамаганман. Одамлар ўз хоҳишлари билан пулларни олиб келган. Мен деҳқончилик, қассобчилик ва чорва билан шуғулланганман. Шу пайтгача фуқароларни алдамаганман. Уларнинг ўзлари олиб келган пулларини. Мен ҳеч қачон халқни алдамаганман, бировнинг ҳақини емаганман. Шу ёшимгача ҳеч қачон инсонларни алдамаганман. Лекин мен қилган ишимдан пушаймонман” – деди Аҳмаджон Турсунбоев.

Бундан ташқари, у бизнес билан шуғулланмоқчи бўлганини таъкидлади.

“Мени мақсадим мана шу 20 минг бош қорамолга ферма, 1 млрд товуқ фермага жой қилаётгандим. 2 минг гектарга балиқчиликка кўл барпо қилаётгандим. Мени мақсадим фуқаролар билан ишлаш бўлган, алдаш бўлмаган. Мен шу вақтгача одамларни алдамаганман. Агар мен уларни алдаганимда, одамлар мени тинч қўйишмасди. Лекин мен ҳеч кимнинг ҳақини емаганман. Лекин ишимдан пушаймонман. Мен Президентимиздан, халқимдан, судья ва прокурордан кечирим сўрайман!” – дея ўзига берилган сўнгсўз имкониятидан шу тарзда фойдаланди судланувчи Аҳмаджон Турсунбоев.

Суд мажлисида мазкур жиноий иш бўйича бошқа судланувчилар ҳам ўзларининг сўнгги сўзларини айтишди. Хусусан, судланувчи Қўчқоров “ушбу иш бундай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билмаганини, даъвогарлар судланувчиларга нисбатан шахсий даъволари йўқлигини, эски тизимдаги тергов жараёнларидаги баъзи бир тайзиқлар эвазига айрим нарсаларни бўйнига олганини, керак бўлса далил-исботлар тақдим эта олишини” билдирди.

Судланувчилар Иззатилла Иброҳимов, Муроджон Турсунбоев, Ойбек Турсунбоев, Азиз Турдиев ва Равшан Исмоиловлар ҳам ушбу ишга алоқадор бўлиб қолганларидан ҳамда қилган ишларидан пушаймон эканликларини таъкидлаб, халқдан ва президентдан кечирим сўрашди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда илк молиявий пирамидани ташкил этган Аҳмадбой ва унинг жиноий шериклари 2016 йил июнь ойида қўлга олинган.

Улар ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми “а” ва “б” банди (валюта қимматликларини ноқонуний йўл билан олиш ёки сотиш), 188-моддаси (давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, жуда катта миқдорда назоратсиз даромад кўриш), 189-моддаси (Савдо қилиш ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-моддаси 2-қисми “а” ва “в” (Лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш) бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Ушбу жиноий иш бўйича суд ҳукми келаси ҳафтада эълон қилиниши кутилмоқда.

Youtube'да кўриш


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аҳмадбой: "Мен халқни алдамаганман! Мақсадим ишлаш эди" (видео)