08:30 / 19.02.2018
8 609

«Қизлари бизга тўғри келмади. Сотка ишлатаркан»

«Қизлари бизга тўғри келмади. Сотка ишлатаркан»
Бозорда ҳамқишлоқ дугонамни учратиб қолдим. Хушчақчақ, хушхол юрадиган бу аёл аллақандай маҳзунгина кўринди.

— Қуда қуллуқ бўлсин. Тўй қачон?

Унинг бирдан ранги ўчиб, кўзларида ёш ғилтиллади:

— «Қизлари бизга тўғри келмади. Сотка ишлатаркан», деб айттирворишибди. Шунга...

Ана холос. Ҳозир педагоглар замонавий телефонлар, ноутбуклар ишлатмаса бўладими. Ишига, билим доирасини ошириб боришига керак-ку!

— Ибосию ҳаёси бир чиройига ўн чирой қўшадиган қизингиз бор. Асло куйинманг. Ўқитувчи қизларнинг харидори кўп бўлади. Бахти иқболи бир жойда тургандир. Очилади кетади. Мана, мени айтди дерсиз.

Дарҳақиқат, шундай бўлди. Ҳозир у бахти тўкис оила бекаси. Жамоаси, ота-оналар, ўқувчиларининг меҳри-ҳурматини қозонган муаллима. Аммо тан олиш керак, қизлари бор оилалар андак чўчиброқ қолишгани рост. Бир анжуманда нозик диди, фасоҳати, дилбар шеърияти билан танилган шоира билан ёнма-ён ўтириб қолган эканмиз. Тадбир бошлангунга қадар у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Суҳбатимиз айланиб шу мавзуга тўхтади.

— Биласиз. Менинг ҳам қизларим бўйи етиб қолди. Дадамиз билан бамаслаҳат ҳаммамизнинг телефонимиздан фейсбукларни ҳам, телеграммларни ҳам олиб ташладик, — деди у хижолатомуз. — Қизларимга ишонаману фақат... эҳтиёт шартда...

Таажжуб... қизлари худди ўзидек вазмин, зукко, хушхулқ бўлса, олийгоҳларда ўқишаётган бўлса... Нимадан ҳадиксирайди-я?

Интернет – бало, интернет — хавфу хатар майдони, ёвуз ғоялар макони, дея таърифлашнинг «чиройли самараси»микин бу? Ахборот дунёсидан бехабар, билим доираси пастроқ одамлар, ўзлари учун қоронғу нарсаларни фақат зарар, офат деб тушунмоқдалар. Матбуотда ҳам шундай фикрларга урғу берамизу ижобий томонларини тил учида санаб ўтамиз. Мақолалар бошдан ахир ахборот таҳдидларига тўлиб-тошади. Телефон, интернет нафақат қулай алоқа воситаси, балки ахборот алмашишнинг, билим олишнинг тезкор омили, жамиятимизда юз бераётган ижтимоий ва сиёсий янгиланишларни кузатиб борибгина қолмай, уларга нисбатан шахсий фикр билдиришнинг оммабоп усули ҳамдир.

Хуллас, фикримча, аҳолининг кенг қатламлари интернетдан тўғри ахборот олиш маданиятини эгаллашлари жараёнларини бироз кечиктириб юборяпмиз. Ўзимиз интернетга осилганча оқни қорадан ажратишга қодир бўлмаган болаларимизни ўз ҳолига ташлаб қўяверсак, виртуал оламдан ёғилаётган ахборот оқимларининг қай бири керагу қай бири нокерак-зарарлигини билмаган болани ўз ҳолига ташлаб қўйсак. Бу кечириб бўлмас лоқайдлик-жиноятдан бошқа нарса эмас-ку!.

Шундай давом этаверса, нима бўларди – ғоявий таҳдидлардан қочиб қутулолмаслигимиз тайин. Зарарига ёпишиб олиб, фарзандларини мобил алоқага мутлақо яқинлаштирмаётган ота-оналар кўплиги ҳам бор гап, аччиқ ҳақиқат. Улар учун оч қорним — тинч қулоғим, қабилида яшаш маъқулроқ. Натижада баъзиларнинг назарида беминнат дастёр смартфонлар, интернет — оила парокандалигига, тарбиясизликка олиб келувчи шафқатсиз қуроллигича қолмоқда.

Ваҳоланки, савиясиз кимса қўлида газета ҳам аёвсиз қуролга айланиши ҳеч гап эмас. Бинобарин бола парвариши билан банд ёш оналарга, уй бекаларига аталган нафи жуда катта бўлган сайтлар ишлаб турибди. Эҳ-ҳе, улар жуда кўп — ҳикмат излаган фақат ва фақат ҳикмат топмоқда. Ўзбекистон сайтлари ҳаммаси халқ учун, халқ манфаатлари учун, жамият тараққиёти учун хизмат қилади.

Шу ўринда ТАТУ Фарғона филиали ўқув ва илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, техника фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Толиповнинг фикри билан қизиқдик. У, жумладан, шундай деди: — Талаба қизларимиз вилоят олий ўқув юртлари кўплаб талаба қизлари ўртасидаги инновацион ғоялар танловига ақл-идроклари, ижодий қувватлари маҳсуллари билан келишиб, биринчи, иккинчи ўринларни олишга муяссар бўлдилар. Бу муваффақиятларга турган гапки, интернет тармоқларидаги фан ва таълимга оид сайтларни мунтазам равишда кузатиб бориш, тинимсиз ўқиш, изланиш, билимларини бойитиш туфайли эришдилар. Бу тадбирли ва билимдон талаба қизларимиз астойдил уринсалар, ажойиб мутахассислар, олималар бўлиб етишишга қурблари етади. Келгусида меҳридарё, фозила, мунис, мўътабар она бўлишлари шак-шубҳасиздир. Зотан, олий маълумотли, зиёли оналар солиҳ фарзандларни тарбиялаб, ватанимизнинг ёрқин келажагини яратадилар. Раҳматли устозимиз Фазлиддин Полвонов «Оилада эр ноқобил бўлса, битта ноқобил бўлади, она ақлли, доно бўлса – ҳамма ақлли, доно бўлади», дегувчи эди. Демоқчиманки, имкони борича, қиз фарзандларни, албатта, олий маълумотли қилиш, уларга замонавий билимларни ҳам, исломий билимларни ҳам бериш зарур.

Ҳақ гап. Қизларнинг интернетдаги бой манбалардан бебаҳра қилиш, чеклаш, бизнингча, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш, мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ривожига тўсиқ бўлиш билан баравар. Ўзингиз ўйланг, илм йўлига тушган ёки олий таълим олишга бел боғлаган қизлар, умуман барча ёшларни ахлоқсизликни, вайронкорликни, инсоният маънавиятига зид бўлган сайтлар ўзига сира-сира торта олмаслиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат-ку! Хуллас, интернетни — мақсад-муддаоси эзгулик бўлган сайтлар, каналларни, дўст деб билсак, ўзимизга кони фойда. Улар камолот ва маъанавият чўққиларига даъват этади.

Инсон шаъни, ор-номуси ҳар нарсадан ҳам юксакроқ қадрланадиган давлатимиз маънавият борасида бош ислоҳотчи сифатида жаҳон майдонига чиқмоқда. Инсоният маънавиятини юксалтириш, такомиллаштириш борасида барча мамлакатларга ўрнак бўладиган эзгу ишларга киришилдики, бундан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.

Мухтасар айтганда, маънавиятимизнинг ўсиши, шу Ватанга муносиб бўлиш учун ҳам ахборот оламидан бохабар яшаш, ишлаш, яратиш қанчалар муҳимлигини ёдда тутмоғимиз фарздир.
Ҳафиза Саляҳова

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Қизлари бизга тўғри келмади. Сотка ишлатаркан»