09:27 / 22.02.2018
4 842

Марат Кабаев Путиннинг яқинлари доирасига кириш ё кирмаслиги ҳақида

Марат Кабаев Путиннинг яқинлари доирасига кириш ё кирмаслиги ҳақида
Олимпия чемпиони Алина Кабаеванинг отаси Марат Кабаев Халқаро ислом бизнеси ассоциациясини бошқаради, лекин ишбилармонлик фаолиятини ўзи юритмайди.

«Ленинский проспект» метроси ҳудудидаги Халқаро ислом бизнеси ассоциацияси офисига кириш учун кўп қаватли турар-жойнинг ертўласига тушиш керак бўлади. Куннинг қоқ ярми, бироқ офисда одам кам. Ассоциация раҳбарининг қабулхонаси ва котиби йўқ. Унинг хонаси ортиқча ҳашаматсиз таъмирланган — фахрий ёрлиқлар, дипломлар ва камтарона сувенирлар билан безатилган. Ишчи столида компьютер ва бир неча қоғоз.

Ушбу кичик хона эгаси, ўтмишда Тошкентнинг "Пахтакор" клуби футболчиси ҳануз спортчиларга хос кўринишини йўқотмаган. Марат Кабаев Халқаро ислом бизнеси ассоциацияси раҳбари мавқеига қарамай, бизнес билан шуғулланмайди: "Мен ишбилармон эмасман. Шахсий бизнесим йўқ".

Икки ҳафта илгари "Дождь" телеканали Олимпия чемпионининг отаси ва Давлат Думасининг собиқ депутати, ҳозирда эса Алина Кабаеванинг «Национальная Медиа Группа» холдинги директорлар кенгаши раиси Марат Кабаев РФ президенти Владимир Путиннинг яқинлари доирасига кириши ҳамда Москва шаҳридаги қурилиш бизнесига сезиларли таъсир ўтказиши ҳақида хабар берган эди.

Телеканал маълумотларига кўра, Кабаев Қозонда яшаб туриб Россиянинг Мусулмон ишбилармонлар ассоциациясини нолдан барпо қилган ва «Кемеш-Чишме» давлат таъмирлаш-қурилиш корхонасини бошқарган. Корхона Марат Хуснуллин раҳбарлигидаги Қурилиш вазирлиги бошчилигида фаолият юритган ва Халқаро ислом бизнеси ассоциацияси манзилида рўйхатдан ўтган. Шундан сўнг у гўёки Москва қурилиш комплексини бошқарувчи Хуснуллиннинг Қозондан пойтахтга кўчишига сабабчи бўлган. Канал манбаларининг таъкидлашича, энди айнан Татаристондан чиққан фуқаролар Москвадаги реновация дастурининг асосий шахслари бўлишади: реновация дастурининг асосий ижрочилари Хуснуллиннинг Қозондаги собиқ ҳамкасблари - Дамир Газизов ва Альберт Суниев томонидан бошқарилувчи "КП УГС" ва "КП УЭЗ" бўлишади.

Кабаев суҳбатни бу маълумотни инкор қилишдан бошлади. "Ҳеч қандай гумонлар бўлмаслиги учун аввалдан айтиб қўяй: Хуснуллин ва унинг жамоаси билан танишганимдан хурсанд бўлардим, бироқ ё унинг вақти бўлмасди, ёки мен банд бўлардим. Ўзингиз ўйлаб кўринг: мен Қозонга 2011 йилда Тошкентдан келганман, у эса 2010 йилда Собяниннинг шаҳарсозлик бўйича ёрдамчиси бўлган, хўш, қандай қилиб унинг бу лавозимга тайинланишига сабабчи бўлишим мумкин? Болалар мураббийи бўлиб ишлаган Ўзбекистондан турибми? Бу ақлга сиғмайдиган гап". Кабаевнинг сўзларига кўра, у Газизов ва Суниев билан ҳам таниш эмас: "Агар уларнинг раҳбари Хуснуллин билан таниш бўлмасам, қандай қилиб улар билан таниш бўлишим мумкин?"

У шунингдек «Кемеш-Чишме» корхонаси билан алоқаларини ҳам рад этди. "Масалан, менга 1993 йилда шу манзилдан рўйхатдан ўтган фирмаларни боғлашади. У йили эса мен Қозоғистоннинг Павлодар жамоаси учун ўйнаганман. Яна бир бор такрорлайман, агар у кишилар билан таниш бўлганимда тўғрисини айтардим. Бунинг нимаси ёмон? Менимча, Хуснуллин - Москва кўркини кўрсата олган ишчан инсон". «Кемеш-Чишме»ни қандайдир Ф.Ф.Зарипов бошқаради, шериклари эса - фамилиялари кўрсатилмаган беш Россия фуқароси ва бир хорижлик, бироқ Кабаевнинг изи ҳам йўқ. 2017 йилнинг май ойидан Кабаев «Строительная компания» МЧЖнинг 20 фоизига эгалик қилади (қолгани Елена Раҳимова ва Азат Юсуповларга тегишли), бироқ бу компаниянинг 2016 йилдаги даромади атиги 3,8 миллион рублни ташкил қилган.

Қозондаги Россия мусулмон ишбилармонлар ассоциациясига раҳбарлик қилишни Кабаевга Татаристон муфтийси Камиль Самигуллин таклиф қилган. "У вақтлар мен "Рубин"да мураббий-селекционер бўлиб ишлаганман, - дея хотирлайди Кабаев. - Ассоциацияни бошқаришни кўп одамларга таклиф қилишган, бироқ улар рози бўлишмаган, воз кечишган, даставвал мен ҳам хоҳламадим, зеро спорт ва жамоатчиликдаги фаолиятни қандай уйғунлаштиришни билмасдим. Биз муфтий билан шахсан танишмиз, муносабатларимиз ишончли бўлган, шу боис у ёрдамчилари орқали эмас, шахсан ўзи мендан илтимос қилган. Бу вақтга келиб менинг дўстим Қурбон Бердиев (жамоа бош мураббийи) "Рубин"дан кетди ва мен бир ўзим қолгандим. Ўйлаб кўрдим ва охир-оқибат жамоатчилик иши мени жалб этди.

Тез орада ассоциация мақсадлари глобал миқёсда экани аён бўлди ва 2016 йилнинг майида унинг штаб-квартирасини Москвага кўчиришди. "Ҳамфикр одамлар иншоот бериб, бу ерни таъмирдан чиқаришди, шунинг учун ҳеч қандай ижара тўлови талаб қилинмайди, - дейди Кабаев. - Биз аввалбошданоқ аъзолик киримларидан воз кечдик, лекин қонун бўйича уларни ундиролмаслигимиз сабаб рамзий тўловларни жорий қилдик: ассоциацияга қўшилиш учун - 200 рубль ва ойига 100 рублдан. Агар бирор ерга чиқишга тўғри келса, қабул қилувчи томон бизни транспорт билан таъминлайди, жойлаштиради ва ҳоказо".

Ҳозирда ассоциация халқаро мавқега эга ва Кабаев бошқа мамлакатларда - Туркия, Озарбойжон, Қозоғистонда илк ваколатхоналари очилганидан фахрланади. Россиядаги тармоқ кенгаймоқда - мамлакатнинг 31 минтақасида ваколатхона бор. Хорижий иштирокчилардан БААнинг LOOTAH Group, "Туркиянинг қатор ишбилармонлари"ни қайд этди, бироқ уларнинг исмини ошкор қилмади. Ассоциация яқин орада ислом банкинги муҳокамаси ривожи учун Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда форум ўтказишни режалаштирмоқда.

Марат Кабаев ўзининг у ёки бу мамлакат раҳбариятининг олий доираларига киришини инкор қилади, масалан, Татаристоннинг собиқ президенти Минтимир Шаймиевнинг ёрдамини ҳам. У қизи Алинанинг лобистик салоҳиятидан фойдаланадими ёки йўқ? "Йўқ, асло. Бошида баъзи одамлар "Отасига борамиз ва у барчасини ҳал қилади" деб ўйлашарди. Ассоциация энди ташкил қилинаётган пайтдаёқ қизимни жалб қилишга доир таклифларга мутлақо "йўқ" жавобини берганман. Мен ота ва қиз ўртасидаги нормал муносабатларни сақлаб қолишни истайман, бу мен учун энг асосийси".

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Марат Кабаев Путиннинг яқинлари доирасига кириш ё кирмаслиги ҳақида