08:03 / 02.03.2018
24 743

Каримова, Ғуломов, Қодиров! Ўзбекистондаги “катта куч”ларнинг тақдирига бир назар

Каримова, Ғуломов, Қодиров! Ўзбекистондаги “катта куч”ларнинг тақдирига бир назар
Қонун олдида давлат ва жамиятда тутган ўрни, мавқеи, ижтимоий келиб чиқиши, миллати, ирқи ва динидан қатъи назар ҳамма тенг! Бу қоида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз аксини топмоқда.

Фаолияти билан одамлар тилига тушган, кўп йиллар мансаб курсисида бўлганларнинг айримлари бугун йўл қўйган хатолари учун панжара ортидалар.

Ўтган ҳафта 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида фаолият юритган Рашид Қодировнинг ҳибсга олиниши, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши Ўзбекистонда қонундан ҳеч ким қочиб қутула олмаслигини кўрсатди.

Шу ўринда Ўзбекистонда ўтган беш йил оралиғи қора курсига тортилган энг таниқли номларга эътибор қаратишни маъқул кўрдик.

Гулнорахон, бўйлариздан айланай!

Гулнора Каримова ўзининг бўйдорлиги билан ажралиб турарди. Ҳатто, лапар усталаридан бири 2013 йил ўтказилган “Асрлар садоси” миллий қадриятлар фестивалида “Гулнорахон, бўйлариздан айланай!” деб қўшиқ бағишлаганди. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, бу қўшиқ айтилганидан тўрт йил ўтиб, прокуратура Гулнорага “бўйиндор” айблов эълон қилди.

Унда келтирилишича, тергов давомида 12 та хорижий давлат ҳудудида 1 млрд 394,1 млн АҚШ доллари, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт ва 18,5 млн франк миқдордаги маблағлари легаллаштирилгани аниқланган.

Гулнора Каримованинг коррупция ва пулни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этишдаги айби уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Ш.Собиров ва бошқаларнинг, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъектлар ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бироқ, бугунгача Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур жиноий ишнинг охири нима билан тугаганини маълум қилганича йўқ.

МХХдаги собиқ катта куч бир умрга қамалди!

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимида иш бошлагач, ҳукуматда, кўплаб давлат ташкилотларида қатор ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, давлат раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати фаолияти янгидан ташкил этилди. Айни дамда “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши кутилмоқда.

Давлат раҳбари жорий йилнинг 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига амалга оширган ташрифи давомида йиғилиш ўтказиб, МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари ҳақида гапирган эди.

Президентга кўра, кўп йиллар Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Шуҳрат Ғуломов ҳибсга олинган. Президент Шуҳрат Ғуломовнинг порахўрлиги ва давлатга қилган хоинлиги учун умрбод қамалганини маълум қилганди.

Бугунгача МХХнинг собиқ мулозими Жиноят кодексининг қайси моддаларига кўра ҳибсга олингани очиқлангани йўқ.

Шуниси аниқки, собиқ МХХ мулозими Шуҳрат Ғуломов Ўзбекистонда энг кўп тилга тушган “катта куч”лардан бири эди. Жоиз бўлса, унинг бу тарзда жазо олишини кимдир кутган, кимдир кутмаганди. Мулозим оддий халқ ичида ном қозонмаган бўлса-да, тадбиркорлар, МХХга йўли тушганлар уни яхши танишган.

Ҳуқуқ бошида ҳуқуқбузар ўтирса...

2000 йилдан 2015 йилгача Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида ишлаган Рашид Қодировнинг устидан очилган жиноий иш ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларидаги аҳвол қандай бўлганини яққол ўртага чиқарди.

Президент ҳуқуқ-тартибот органларида порахўрлик авж олганини бир неча бор таъкидларкан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашид Қодировни ҳам тилга олганди.

Ўтган ҳафта Қодировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, у порахўрлик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, бировнинг мулкини ўзлаштиришда айбланмоқда.

23 февраль куни Р.Х.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.

Собиқ Ички ишлар вазири қандай гуруҳларга қўшилиб қолганди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш оғир кечаётганини айтганди.

Давлат раҳбари мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига тўхталаркан, собиқ Ички ишлар вазири Адҳамжон Акрамович Аҳмедбоевнинг ишдан олиниши сабабларини келтириб ўтди.

“Мен бундай одамни республикамизда вазир бўлиб ўтиришига жим қараб туришга вижодоним йўл қўймади. У Ички ишлар вазири бўла туриб туррли гуруҳларга қўшилган эди. Шунинг учун ундан генерал унвонини олдим”, деган эди давлат раҳбари.

Адҳам Аҳмедбоев 2013 йилдан 2017 йилнинг 3 январига қадар Ички ишлар вазири лавозимида фаолият юритган эди. Айни дамда унинг ҳибсда экани ҳақида маълумотлар бор.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг эшигини қоққанлар, улардан адолат, қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқлари поймол этилмаслигини кутади. Агар бу жойларда порахўрлик урчиган, бировнинг мулкига кўз олайтириш касбий анъанага айланиб улгурган бўлса, аҳвол вой! Давлат раҳбари ҳар чиқишида бу масалани алоҳида урғулаётганининг ҳам сабаби шунда, адолат торозбонларининг виждони тарози палласи остига яширинган магнитларга сотилган бўлса, бундай жойдан одилона қарор кутиш бесамар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Каримова, Ғуломов, Қодиров! Ўзбекистондаги “катта куч”ларнинг тақдирига бир назар