21:42 / 03.03.2018
8 998

Лўли қиз орзуси: "Мен ҳам ўқишни истайман!"

Лўли қиз орзуси: "Мен ҳам ўқишни истайман!"
Азалдан юртимиз кўп миллатли халқ сифатида қадрланади. Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бошқа миллат вакиллари ҳам ўзбеклар қатори тенг ҳуқуққа эга. Бу Бош Қомусимизда ҳам тасдиқлаб қўйилган. Унда лўлилар-чи, дейсизми? Келинг, бу ҳақда мақоламизни ўқиб, хулосани ўзингиз чиқаринг, яхшиси.

Пойтахтимиздаги Бектемир туманига қарашли «Чашма» маҳалласида лўлиларга мансуб аҳоли истиқомат қилади. Биз ушбу маҳаллага ташриф буюриб, уларнинг яшаш тарзи, фарзандларининг билим олиши билан қизиқдик. Марҳамат, сиз ҳам кузатувларимизга ҳамроҳ бўлинг.

«ҲЕЧ КИМНИНГ ТИЛАНЧИЛИК ҚИЛИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАЙМИЗ!»
— Маҳалламизда 1322 нафар фуқаро бор, шулардан 60 нафари ёш оилалар, — дейди «Чашма» маҳалласи маънавий-маърифий диний-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Зулфия ЭРГАШЕВА. — 2011 йилда иш бошлаган пайтларим 20-25 нафар бола мактабда ўқирди. Уйма-уй юриб, тушунтиришлар орқали уларнинг анчасини ўқишга жалб қилдик. Ҳозирда 180 нафар бола ҳудудимиздаги 293-мактабда ўқияпти. Касб-ҳунар коллежида эса жами 9 нафар ўқувчи ўқийди. Айни дамда 15 нафар эркак, 5 нафар аёл туман ободонлаштириш марказида ишлайди. Аҳолининг қолган қисми кўпроқ норасмий ишлар билан машғул. Аёллар Янги-обод бозорига чиқиб, савдо-сотиқ билан шуғулланади. Эркаклар темир-терсак, баклажкалар йиғиб сотишади. Аммо ҳеч кимнинг тиланчилик қилишига йўл қўймаймиз.

ЎҚИШНИ БИЛМАСА ҲАМ, ПУЛ САНАШНИ БИЛАДИ
— Яқинда Олой бозори ва Сувсоз бўйлаб қатновчи маршруткага чиққандим, — дейди бир ҳамкасбим. — Ёнимдаги ўриндиққа бир лўли аёл уч боласи билан жойлашиб олди. Аёл чарчаган, шекилли, пинакка кетди. Болаларнинг каттаси «Тўрт карра тўрт неччи бўлади?» дея савол берди укасига. «Йигирма беш», дея жавоб берди бироз ўйланиб турган ука. «Тўғри», деди ака ўзини худди санашни билгандек тутиб. Сўнг чўнтагидан бир қанча пул олиб, авайлаб устма-уст тахлади. Тахланган пулларни шунақанги чаққонлик билан санадики, кузатиб туриб, саноқда адашмаганига ҳайрон қолдим. Карра жадвалини билмаса ҳам, пул санашда адашмайди.

«ЎҚУВЧИЛАРНИ ИЗЛАБ, ЭШИКМА-ЭШИК ЮРАМИЗ»
— Синфимизда 37 нафар ўқувчидан 9 таси лўли миллатига мансуб болалар, — дейди 293-мактабнинг 5-«Д» синф раҳбари Шаҳноза Тўрақулова. — Шулардан 5 таси доимий дарсларга келади. Қолган 4 нафари эса келмайди. Дарсдан сўнг эшикма-эшик юриб, ота-оналари билан суҳбатлашамиз. Улар турли баҳоналарни рўкач қилишади. Бешинчи синфларга тушдан сўнг дарс бошланади. Битта ўқувчимнинг онаси «Биринчи сменада ўқиса боради, бўлмаса бормайди», дейди.

Боланинг қайси вақтда мактабга боришининг нима қизиғи бор, ҳайронман? Баъзилари эса фарзандининг мактабга кийишга кийими йўқлигини баҳона қилади. Аммо уйида қўша-қўша машиналар туради. Ахир уларни кам таъминланган оилалар рўйхатига киргазишнинг иложи йўқ-да.

Айрим лўли болалар дарс ўтишимга халақит беради. Тартибга чақирсам, нотўғри тушуниб, асабимга тегадиган қилиқлар қилади. Илгари 7-синфгача ўқишарди. Ҳозир юқори синфни битириб, аттестат олишяпти. Натижалар ёмон эмас.

* * *
— Менинг синфимда 38 нафар ўқувчидан 5 нафари лўли болалар, — дейди 5-«Е» синф ўқитувчиси Жадра Юнусова. — 3 нафари дарсларга умуман келмайди. Уйларига бориб, ота-онаси билан гаплашсак, юборамиз дейишади, лекин, барибир, боласи дарсга келмайди. Ҳар ҳафта эшигини тақиллатиб бораман, аммо уларга фарзандининг таълим олиши келажаги учун муҳимлигини тушунтириш баъзида жуда қийин кечади.

ЛЎЛИЛАР ҲАМ ҚОНУНГА БЎЙСУНАДИ!
— Лўлилар оламдан ўтса, майитни кўрсатмайди, деган гап юради. Бу ёлғон. Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманига қарашли Ийик ота қишлоғида махсус қабристонимиз бор, — дейди Собира ая Турғунова. — Кимдир оламдан ўтса, барча расм-русумлар жойига қўйилиб, маъракалар ўтказилади.

— Илгари бизда ҳам тўй-маросимлар дабдаба билан ўтарди. Ҳозир анчайин қисқарган. Бирорта одамнинг уйида тўй ёки маърака бўлса, оқсоқолимиз Кунтуғмиш Ахқулов келиб, камчиқим қилиб ўтказишни талаб қилади. Негаки биз ҳам Ўзбекистондаги қонунларга бўйсунамиз.

«КИМДИР 200,БАЪЗИЛАР 1000 СЎМ ТАШЛАБ КЕТАДИ»
«Махтумқули» бекатидаги чорраҳада тиланчилик қилиб юрган аёл шундай ҳикоя қилади:
— Тўрт нафар фарзандим бор. Пул топиш илинжида баъзида болалардан ҳам фойдаланаман. Кимдир 200, баъзилар эса 1000 сўмгача ташлаб кетади. Садақа сўраганимизда машина ойнасини очиб, пулни қўлимга бермай, отиб юборадиганлар ҳам бор. Наилож, ризқимни териб оламан. Болаларимнинг ҳаётини хавф остига қўяётганимни биламан. Лекин начора, уларни боқиш керак. Кун бўйи энг гавжум жойлардаги йўлак четида пойлаб турамиз. Светофорнинг қизил чироғи ёнса, машиналар томон юрамиз.

— Ҳар бир ота-она фарзандни ўзи учун дунёга келтиради. Аммо унинг тақдири ҳақида, энг аввало, ҳукуматимиз қайғуради. Бугун юртимизда болаларнинг соғлом ўсиши, билим олиши учун барча имкониятлар мавжуд. Аммо ана шундай қулайликларга қарамай, боғча ва мактаб нималигини билмай ўсаётган болаларнинг эртанги куни қандай кечаркин? Ушбу мақола юзасидан фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз, азиз мухлис.

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Лўли қиз орзуси: "Мен ҳам ўқишни истайман!"