14:14 / 18.03.2018
5 552

Коррупциянинг олдини олишда қандай чоралар самара беради?

Коррупциянинг олдини олишда қандай чоралар самара беради?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Коррупциянинг олдини олиш бўйича чоралар самарадорлигини ошириш йўллари” мавзусида конференция ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Унда Сенат аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази, тегишли идора ва муассасалар раҳбарлари, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Конференцияда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш билан бир қаторда, унинг самарали ижросини таъминлашга қаратилган вазифалар муҳокама марказида бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларни ўз вақтида, сифатли амалга оширишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш жараёнини тезлаштиришда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

Анжуман иштирокчилари қайд этганидек, мазкур жараённи янада жадаллаштириш, кўзланган самарага эришиш учун ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам оз эмас. Жумладан, бу борада “Давлат хизмати тўғрисида”ги, “Давлат ва хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунларни амалиётга жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, жамиятимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга чек қўйиш учун бугун қабул қилинаётган қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатларнинг сифатини ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, оқибатларини бартараф этиш, юзага келишига шароит яратувчи омилларни ўрганиш асносида унга қарши курашишнинг аниқ чора ва механизмларини қўллаш давр талабига айланмоқда.

Конференцияда коррупциянинг олдини олиш бўйича чоралар самарадорлигини ошириш ҳамда коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўрни, бунда иқтисодий, маънавий-маърифий чораларнинг аҳамияти ҳақида маърузалар тингланди.

Тегишли вазирлик ва мутасадди идораларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги масъулиятини кучайтириш, ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, давлат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда интернет ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланишга доир амалий таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Конференцияда муҳокама этилган масалалар якуни бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коррупциянинг олдини олишда қандай чоралар самара беради?