18:25 / 18.03.2018
9 377

Диний таълим мактабда берилиши керакми? (Германия мисолида)

Диний таълим мактабда берилиши керакми? (Германия мисолида)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамдлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату дурудлар бўлсин. Бугунги куннинг баъзи ёшлари ўз имкониятларидан ва вақтларидан унумли фойдаланиш ўрнига бир бирини аёвсиз калтаклаб ҳаттоки ўлим билан якунланган ҳолатларгача олиб келиши, ҳар хил бузғунчи диний оқимларга аралашиб қолиши ёки ота-она ва мураббийларини ўгитларига қулоқ осмаслигини албатта сабаби бўлиши керак. Ўйлаб ўйлаб охири бу диний тарбияни етишмаслиги бўлса керак деган фикрга келдим.

Ҳар биримизга маълумки, Ислом дини тинчлик динидир. Бундан ташқари диний тарбия инсонни жамиятда ўз ўрнини топишида жуда муҳим вазифага эга. Сабаби Ислом дини ота-онага ҳурмат, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, вақтдан унумли фойдаланиш, илм олиш ҳаттоки қандай ётиш ва туришгача бўлган фойдали кўрсатмаларни ўзида мужассам этгани ҳаммага маълум. Шунинг учун ҳам кўплаб машҳур инсонларни бу динга бўлган қизиқиши ва дунёда мусулмонлар сонини ортиб бораётганлиги ажабланарли эмас. Баъзи инсонлар бунга қарши фикр билдириши албатта табиий. Мен юқоридаги ўз фикримни Европанинг энг ривожланган давлатларидан бири бўлган Германия мисолида буни тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Германияда бошланғич мактабларга болалар жисмоний ва ақлий ҳолатига қараб 6 ёшдан бошлаб қабул қилинади. Бунда синфлар икки турга ажратилади: «Этика» ўқитиладиган ва «Дин» ўқитиладиган синфлар. Бу фанлар ҳафтасига икки соат ўқитилади. Мактабга қабул олдидан ота-она фарзандини қайси синфда ўқитишни ўзлари ҳал қилади. Бола 14 ёшга тўлгандан бошлаб ўзи танлаш ҳуқуқига эга, қолган дарсларда эса ҳеч қандай фарқ йўқ. Этика дарсида нималар ўқитилиши барчамизга тушунарли бўлса керак, шу сабабли дин дарсига тўхталиб ўтмоқчиман.

Германия аҳолисининг асосий қисмини христианлар ташкил этганлиги сабабли бундай синфларда христиан дини ўқитилади. Уйга вазифа берилмайди, христиан дини ҳақидаги умумий маълумотлар ҳар хил қизиқарли қиссалар асосида ўргатилади. Шунингдек, мактабларда дарсдан кейин қизлар ва болалар учун баскетбол, футбол, шахмат-шашка, стол тенниси ва шунингдек араб тили тўгараклари ҳам мавжуд. Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиманки, ота-она ва ўқитувчи ўртасидаги алоқани ўқувчининг кундалиги бажаради, болага нима керак, қандай муаммоси бор, барчаси кундаликка ёзилади, ота-она ва фарзандга хам ўз фикрларини ёзиши учун алоҳида жой ажратилган.

Германияда ўқитиш тизимининг самарадорлиги шунда бўлса керак балки, бирор янги ўқитиш услуби таклиф қилинса, албатта бу услуб синов сифатида баъзи бир ўқув муассасаларига татбиқ этилади ва маълум вақтдан сўнг бошқа мактаблар билан самарадорлиги таққосланади, агарда фойда берса янги услубга барча мактаблар ўтади. Биз мусулмонлар учун қувонарли жиҳати шундаки, мактабларда муслима қизларнинг рўмол ўраши табиий қабул қилинади. Шунингдек Германияда католик мактаблар хам мавжуд бўлиб, бу ерда, дарс ва дарсдан ташқари вақтларда диний тарбияга янада кўпроқ эътибор берилади.

Шу ўринда савол туғилади: «Фарзандларимизга соф исломни ўргатишни қачондан бошлашимиз керак?» Улар улғайиб, ўз эркинлигига эга бўлиб мустақил равишда қайсидир йўлида учраган «диний билимдонлар» ёки замонавий гаджетлар ёрдамида ижтимоий тармоқлардаги қўштирноқ ичидаги ислом раҳнамолари ёрдамида диний тушунчалари шаклланиб бўлишини кутамизми ёки бизнинг ҳар бир сўзимизни тўғри деб биладиган бола чоғидан соф исломий диний тарбия беришни бошлаймизми?

Инсоф билан ақл юритадиган инсон учун жавоб битта: Қанча эрта бўлса шунча яхши. Шунинг учун диний тарбияни бошланғич синфлардан бошлаш жуда ҳам муҳим. Лекин шу ўринда унутмаслик керакки, ислом дини ҳақидаги дарсларни албатта диний илмга эга бўлган , намунали хулқ эгалари олиб боришлари зарур. Шошқалоқлик билан бу дарсларни мактабдаги қайсидир адабиёт ёки жисмоний тарбия ўқитувчисига юклаб бўлмайди. Бола бугун ўқитувчисининг оғзидан ичишнинг исломда тақиқлангани ва нима учун тақиқлангани ҳақида эшитсаю, эртасига уни кўчада маст ҳолда учратса бу бола нафақат ўқитувчига балки динига нисбатан ҳам ишончни йўқотади.

Ҳар қандай демократик жамиятда кузатилганлиги каби диний таълимни ҳамма ҳам қўллаб-қувватламаслиги аниқ. Демак шундай экан мактабда фарзандига дин ўқитилишини хоҳламайдиганлар ёки бошқа дин вакиллари учун Германия услубини қўллаш керак яъни бу каби инсонлар фарзандларини этика ўқитиладиган синфга беради. Агар хар бир мактаб учун диний мутахассислар етишмаслиги кузатилса, бу муаммони ҳар бир ҳудудда аҳолининг талабидан келиб чиққан ҳолда исломий мактаблар очиш орқали ҳал қилиш мумкин. Бундай мактабларда ҳам барча фанлар бошқа мактаблар каби ўқитилади, фақат исломий таълимга бироз кўпроқ вақт ажратилади.

Маълумот ўрнида шуни айтишим мумкинки, Канадада кўплаб исломий мактаблар мавжуд бўлиб, давлатдаги кучли мактаблар рўйхатида биринчи ўринда турадиган 20 та мактабдан (ҳамма мактабларни бали бир хил ва барчаси биринчи ўринда туради) деярли ярми исломий мактаблиги ҳам қизиқарли факт. Ана шундай исломий мактаблардан бири ҳисобланмиш «Иқро» номли мактаб математика бўйича давлатда энг юқори ўринни банд этган, қолган мактабларни ўртача кўрсаткичи 2,5 бўлса Иқро мактабиники 4,0 яъни тенгсиз, ўқиш ва ёзиш бўйича ҳам айнан шунақа кўрсатгичга эга.

Шу ўринда агарда бизнинг мактабларда диний таълим йўлга қўйилса, мактабда дин ўқитиладиган синфда нималар ўқитилади деган савол туғилиши табиий. Бунга Алихонтўра Соғуний раҳматуллоҳнинг қуйидаги жумлалари жавоб бўлади деб ўйлайман, “Билмак керакким, ҳар бир мусулмон боласи, хоҳи эр киши, хоҳи хотун киши, хоҳи ёш, хоҳи қари, мана шу тубандаги тўрт нарсанинг тарихини билиши албатта лозимдур.

1. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарихлари.
2. Қуръони карим тарихи.
3. Дини Ислом тарихи.
4. Каъбатуллоҳ тарихи.
Шунинг учун, мен фақир Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғунийдурманким, бизлардин кейинги авлод наслларимизга ва ҳам бошқа туркий тиллик ватандош, дин қариндошларимизга мендан ёдгор бўлсин деб юқоридаги тўрт нарса тарихини ҳар қандоқ киши тушунгудек қилиб, очиқ туркий тилида ёздим. Бу китобга «Тарихи Муҳаммадий» деб от қўйдим. Буни ўқигувчилар фақирни дуоларида ёд қилиб қўйишларини умид қилурман”.

Ушбу маълумотлар динимиз учун фойдали бўлишига умид қиламан.
Ҳурмат билан
Германиядаги “Friedrich-Schiller” Университети
талабаси Шерзод

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Диний таълим мактабда берилиши керакми? (Германия мисолида)