23 яшар ўқитувчининг ўлимидан сўнг муаллимларга муносабат ўзгарадими?!

  • Жамият
  • 19-03-2018, 07:32
  • 1 219
  • 23 яшар ўқитувчининг ўлимидан сўнг муаллимларга муносабат ўзгарадими?!
    Фотоколлаж: «Xabar.uz»
    Тўрт кун олдин (2018 йил 14 март куни) Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ўқитувчиларни катта кўчани «ободонлаштириш» баҳонасида «ўз ихтиёри билан» ҳашарга олиб чиққанлари туфайли фожиа юз берди. Ёшгина ўқитувчи аёл ҳалок бўлди. Унинг боласи етим қолди. Ота-онасининг эса жигар-бағри хун бўлди.

    Бу фожиа турли сайтларда ёритилар экан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Айбдорлар сўкилди, лаънатланди, ҳақорат қилинди. Энг кўп халқ таълими вазири, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи, туман халқ таълими бўлими мудири айбланди. Ўша айбловлар кимларгадир ёқмади шекилли, ҳатто биттаси «ҳамма айбдор қидиришга ўтиб кетди» деб писанда қилишга ҳам улгурди.

    Йўқ, мен қуйида айбдорларни қидирмоқчи эмасман. Мен бечоралар ҳақида ёзмоқчиман. «Бечоралар ким экан?» деб ҳайрон бўлаяпсизми? Уларнинг кимлигини ўзингизча тахмин ҳам қилдингизми? Йўқ, адашдингиз. Улар ўқитувчилар эмас. Ўқитувчилар бечоралар эмас, балки жабрдийдалар, раҳбарларнинг зуғуми остида эзилаётган мазлумлардир. Бечоралар эса халқ таълими вазири, вазирликнинг вилоятлардаги бошқармаларининг бошлиқлари, туманлардаги бўлимларининг мудирларидир. Ҳозир нега уларни бечора деганимни тушунтираман.

    2017 йилнинг январь ойида бир куни ўғлим «Ота, мактабга металлолом олиб борар эканман» деб қолди. Ҳайрон қолдим. Қалин қор ёққан, кўчалар музлаб ётибди. Бунақа ҳавода ўқувчилар металлоломни қаердан топар экан?

    Бундан ҳам ажабланарлиси — ўғлим ҳали тўққизга тўлмаган, 3-синф боласи бўлса? Қайси аҳмоқ унга бу ишни айтди экан-а? Жаҳл билан мактабга жўнадим. Бориб директорга таъна-ю дашномларимни автоматнинг ўқидай ёғдириб ташладим. Ўша бечорага ҳам қийин (юқорида бечоралар рўйхатини берганимда мактаб директорлари эсимдан чиқибди, бечораларнинг энг қуйи бўғинида шулар туришади).

    Директорнинг айтишича, юқори синф болалари унинг металлолом олиб келиш ҳақидаги гапини эшитмайди ва бажармайди. Шу туфайли ҳам у буни 3-синф болаларигача айтишга мажбур бўлибди. «Сизга металоллом йиғишни ким буюради?», — сўрайман ундан. «Туман халқ таълими бўлими мудири буюради», — дейди у. Унинг жавобини эшитиб жаҳлим босилмаган ҳолатда туман ХТБга жўнадим.

    Борсам мудир ҳам, унинг ўринбосари бор ҳам йўқ экан. Очиқ эшиклардан бирига кирсам хонада ўтирган йигит ўзини «Кадрлар бўлимининг бошлиғиман» деб таништирди. Олдида бир опа ҳам ўтирган экан, унинг лавозимини сўрамадим. Уларга нима мақсадда келганимни айтиб, шу совуқда мактабларга металоллом топширишни ким буюргани ҳақида сўрадим.

    Йигитнинг айтишига қараганда мактаб директорларига ҳеч ким бундай совуқда металоллом йиғдир демаган. Умуман олганда, металл эритиш корхонасининг йил давомида узлуксиз ишлашини таъминлаш учун тумандаги қайси мактаб қайси ойда металоллом топшириши ўқув йилининг бошида, сентябрь ойида аниқ режа асосида айтилар экан. Шунинг учун кўпгина мактаб директорлари қишнинг совуқ кунларига қолмай, кузнинг ўзида металолломни йиғдириб қўйиб, навбати келганда олиб бориб топширар экан. Бизнинг мактабимиз ҳам январь ойида металоллом топширишини ўқув йилининг бошида билган, аммо директоримиз иссиқ кунларда металоллом йиғдирмай сусткашлик қилган.

    Унинг гапларини эшитар эканман, унга «Нега шу таълим тизимини металоллом, макулатура, ҳашар деб ҳеч тинч қўйишмайди?» деб ўзимни, нафақат ўзимни, балки бутун бошли таълим тизимимизни Иккинчи жаҳон урушидан бери эзиб келаётган саволни бераман. Бунга жавобан: «Ака, буни бориб туман ҳокимиятидан сўранг. Бизга металоллом ва макулатура йиғдирадиган ҳам, турли ҳашарларга чиқарадиган ҳам ўшалар. Уларга бу буйруқни ким беради — билмайман. Аммо бизга буйруқни улар беради. Бу муаммо ўзимизнинг ҳам жонимизга теккан, аммо биз, шахсан мен ҳокимиятнинг буйруқларига қарши чиқишга журъат қилолмайман. Агар сиз журъат қилолсангиз, марҳамат, бориб шикоятни ҳокимиятга қилаверинг», — деган жавобни эшитдим.

    Бу сўзларни эшитиб моҳиятни бироз тушундим. Демак, жойларда ўқитувчиларнинг ўзларига тегишли бўлмаган ишларга мажбурланаётгани ҳақида турли гап-сўзлар бўлганида халқ таълими вазири «мен уларга бундай буйруқ бермаганман, бермайман ҳам» деганида ҳақ экан-да. Вой бечора. Кўпчилик ота-оналар қатори мен ҳам кўп ишларда уни айблар эдим.

    Аммо туман ХТБга бориб, унинг ходимидан ҳокимият ҳақидаги гапни эшитиб муаммонинг моҳиятини англадим ва халқ таълими вазирига ҳам, вилоят ХТБларининг бошлиқларига хам, туман ХТБ мудирлари-ю занжирнинг охиридаги мактаб директорларига ҳам ачиниб кетдим. Тўғри-да, Халқ таълими вазирлиги алоҳида бир вазирлик бўлса-ю, вазирнинг вазир деган номи бўлса-ю, ўз қўл остидаги бошқарма ва бўлимларга, қолаверса, ўз ўқитувчиларига хўжайинлик қилишга ҳаққи бўлмаса, эрки ўз қўлида бўлмаса, улар бечора бўлмай мен бечораманми?

    Шу ерда изоҳ бериб кетай: менинг халқ таълими вазирига ҳам, соҳадаги бирон-бир ходимга ҳам ғаразим йўқ. Мен бу гапларни шунчаки жоним ачиганидан ёзаяпман. Юртимиз ривожлансин, ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари топталмасин деб ёзаяпман.

    Катта ёшдагилар билишади (шу жумладан ўзим ҳам ўша даврнинг озроғини кўриб қолдим), манфур совет тузуми пайтида ўқитувчи ўта хор, ўта абгор эди. Бурнидан мишиғи оқиб юрадиган оддий бир бригадир ҳам келиб мактаб директорини қўл остидаги ўқитувчилари ва ўқувчилари олдида «нега далага ишга чиқмадинг?» деб сўкиб ҳақорат қила олар эди. Энди ўша даврдаги раисларни гапириб ўтирмай, баъзилари ҳатто туман ХТБ мудирини ҳам оёғининг учида кўрсатмас эди.

    Хўш, энди биз мустақил Ўзбекистонда яшамаяпмизми? Бизни дунё танисин демаяпмизми? Собиқ иттифоқ пайтида ёппасига деҳқон эдик, энди биздан ҳам дунё тан олган олимлар чиқсин демаяпмизми? Ёшларимиз юксак салоҳиятли бўлиб улғайишсин ва ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшсин демаяпмизми?

    Деяпмиз, шуни хоҳлаяпмиз. Аммо виждонан айтинг-чи, ўқитувчи дарсини ташлаб кўча тозаласа ва у дарс ўтиши керак бўлган болалар бекор қолиб кетса, унинг раҳбарлари ҳокимнинг кўча тозалашу металоллом йиғиш ҳақидаги буйруғига қарши чиқа олмайдиган даражада бечора бўлса, биз қандай ривожланамиз? Тараққиётга қандай эришамиз?

    Кўпинча раҳбарлар «ўқитувчилар ўз ихтиёри билан ҳашарга бораяпти» деб ўзларини оқлашади. Жойлардаги мутасаддилар эса мазлум ўқитувчидан «ўз ихтиёрим билан ҳашарга чиқаяпман» деган тилхатни ҳам ёздириб олишади. Лекин биз бу ишимиз билан кимни алдаяпмиз? Ахир ўқитувчида оила ташвиши йўқми? Бола-чақа йўқми? Ўзи куни билан мактабда дарс берса-ю ортган вақтини оиласига ажратмай яна қанақасига «ўз ихтиёри билан» ҳашарга боради?

    Мен туманимиз ХТБга бориб «журъатинг етса ҳокимиятга бор, бизга ўшалар буюраяпти» деган гапни эшитиб, у ердан чиқиб уйга келдим. Ўшанда ҳокимиятга боришга журъатим етмади. Аммо ҳаммаси Президентнинг назоратида экан, 2017 йилнинг декабрида «таълим муассасаларига металоллом йиғдириш қатъиян ман этилади» мазмунидаги қарорни чиқарди.

    Умид қиламиз, тез кунларда ўқитувчиларнинг ихтиёрий-мажбурий меҳнатларга жалб қилинишини қатъиян тақиқлаш ҳақидаги қарори ҳам чиқади. Буни эса қарийб ярим миллион нафар ўқитувчи, таълим соҳасида меҳнат қилаётганлар сабрсизлик билан кутмоқда. Ана ўшанда мазлумлар ҳам, бечоралар ҳам бўлмайди, ҳамма ўз ишини бажаради.

    P.S: Каттақўрғонда ёшгина ўқитувчининг фожиали тарзда ҳалок бўлиши биргина ўша ҳалок бўлганнинг ва унинг яқинларининг фожиаси эмас, балки миллат фожиасидир. Бу фожиадан кейин эса жим туриб бўлмайди. Биринчи навбатда ўқитувчилар жим турмаслиги ва ўз муаммолари ҳақида кўпроқ ёзиши, гапириши ва тегишли органларга мурожат қилиши керак. Агар шу фожиадан кейин ҳам ўқитувчиларга бўлган муносабат ўзгармаса биз тараққиёт ҳақида, ривожланиш ҳақида, юксак салоҳиятли ёш кадрлар ҳақида орзу қилмай қўяқолайлик.
    Ғайрат Йўлдош

    Манба: Xabar.uz

    » » 23 яшар ўқитувчининг ўлимидан сўнг муаллимларга муносабат ўзгарадими?!
    Яндекс.Метрика