15:43 / 19.03.2018
4 554

Тўйлардаги дахмазаларда кўпроқ ким айбдор, эркакларми ёки аёллар?

Тўйлардаги дахмазаларда кўпроқ ким айбдор, эркакларми ёки аёллар?
Азиз опа-сингилларим, дугоналарим! Сизга бугун анчадан бери юрагимда ётган гапларни ёзишга ҳаракат қилдим. Бунга сабаб мамлакатимизда тўй ва маросимларни ихчамлаштириш хусусида бўлаётган муносабатлар туртки бўлди. Аслини олганда аввал ҳам бу мавзуда бир-икки мақола ёзганман. Бироқ бугун кун мавзусига айланган, давлатимиз раҳбари бот-бот такрорлаётган тўйлардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик, ажримлар сингари салбий иллатлар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўриш вақти келди. Нега тўй-маросим масаласи алоҳида мавзу бўлиб, майдонга чиқди?

Бунда биз хотин-қизларнинг орзу-ҳавас аталмиш ҳавойи истакларимизнинг ҳам ўрни бор. Яқинда Президентимизнинг халқаро Хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувидаги нутқини тинглаб туриб қалбим ифтихорга тўлди. Нутқда келтирилган қуйидаги гаплар мени яна бир бор Сиз билан ўртоқлашишга сабаб бўлди: “Шу фурсатдан фойдаланиб, сиз, муҳтарама опа-сингилларимиздан тўй ва маъракаларимизни ихчам ва мазмунли ўтказиш бўйича ўз фикрларингизни билдириб, уни ҳал қилиб беришларингизни илтимос қиламан.” Давлатимиз раҳбари бизга масални ҳал қилишда ёрдам беришимизни сўради, азизларим. Чунки биз...

Чунки биз фарзандимиз ўғилми, қизми дунёга келган куниданоқ у билан боғлиқ орзуларимизнинг рўёбини истаймиз. Фарзандимиз улғайган сари орзу-ҳавасларимиз ҳам каттариб боради. Тўйларингни кўрай деб, ният қиламиз. Тўйларингни деб! Бахтингни, камолингни, ўқиб, олим бўлганингни, жамият равнақига ҳисса қўшганингни сингари тилакларимиз тўй деган орзунинг ортида қолиб кетади.

Хуллас, энди индаллога ўтамиз. Маънавиятимиз, миллий қадриятларимизни издан чиқарар даражага бизнинг орзу-ҳавасларимиз олиб келмади? Тўғриси, оиламиздаги эркакларни, ўғилларимизнинг ўзимиз тўй деган умидларимиз боис қийнаб қўйдик. Масала каттариб, жамиятнинг муаммосига айланди. Тасаввур қилайлик. Ўғил уйлантирмоқчимиз. Ўғлимизга муносиб қиз эмас, кўнглимизга муносиб қиз ахтаришга тушамиз. Қиз томондан розилик олган кундан бошлаб, у томонга ёв қараш бошланади. Ўн-ўн беш чоғли эркаклар жамоасини тугун-терсак, тоғора-оворалар билан қуданикига кузатамиз. Ҳатто, сандиқ очадиганга алоҳида тугунчани ҳам унутмаймиз. Майли, булар бир ўйин деб қарардик олдин. Энди сандиқ очганларнинг нози бошланяпти. Қуда паст экан. Шуни муносиб кўрибдими, деган гап-сўзлар чиқмоқда. Эркакларимиз биз тутқазиб юборган тугун-терсакка яна қўшиб олиб қайтишади. Энди бунда биз бош бўлган сарпо-суриқларни эркаклар кўтариб юриши ор эмасми?

Тўғри, улуғ меҳмонга халқимизда тўн кийдириш маросими бор. Лекин бизнинг ҳамма вакилимизга қуда “навбатчи” тўн тарқатиши қайси мантиққа тўғри келади? Унаштиришдан қайтган эркакларнинг тугунини пойлаб ўтирамиз. Баъзида қўлига қараб кутиб оламиз. Энди уйдаги майда-чуйдаларимизни чиқариб келиннинг матоҳлари учун жой бўшатамиз. Мол ёярга иккита хотин иккита тоғора билан кириб келишади. Яна уларнинг тоғораларига алоҳида пишир-куйдир. Азизларим, шу жойида бир ўйлаб кўрайик. Ўғлимизни биров ҳамиятсиз деса бизга алам қиладими? Унда нега қайнотаси олиб берган ётоқ мебелию рўзғорга керакли асбоб-анжомларига кўз тикишга ўргатамиз? Нега бизнинг уйимизни улар тўлдириб бериши керак? Олиб берса, бир чети қизига ҳам керак, десак, демак, ўғилларимиз орсиз, ҳамиятсиз экан. Уларга шу тарбияни биз берганмиз.

Тўйни энг яхши тўйхонада, энг тўкин дастурхонда, энг кўп хонандалар иштирокида ўтказишни истаймиз. Бунинг учун эркакларимиз йиллаб тер тўкишади. Четга ишлагани кетади. Ўз касбига кўра, коррупцияга йўл қўйишга ҳаракат қилади. Нима қилиб бўлса ҳам бизнинг орзу-ҳавасимиз йўлида пул топади. Тўғри, биз ҳам уларнинг ёнига кирамиз. Унча-бунча ишлаб топамиз. Қийналамиз. Лекин нима қилайликки, тўй қилиб, элнинг имтиҳонидан ўтиш ҳавасида бўламиз. Бор борича, йўқ йўндирганича ҳаракат бошланади. Қанча исроф, қанча увол бўлмасин боламиз бировдан кам бўлмасин, ўксимасин, деймиз. Тўй ўтган куниёқ келинникидан уч-тўрт хил таом (қовурдоқ) кутамиз.

Аслида қовурдоқ келинчакни ризқи. Уни момоларимиз янги келин борган жойида мослашгуча чимхўр бўлади, кучлироқ овқат есин, қувват бўлади, деб келинчак учун пишириб бериб юборишган. Биз нима қиляпмиз? Туққанида келган қовурдоққа ҳам, келинлигида келган қовурдоққа ҳам қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар шерик бўляпмиз. Куни кеча қиз узатган қўшним бир тоғора қовурдоқ беш юз минг сўмга тушди, деб айтди. Фақат қовурдоқ бўлса, майли, яна қанча ол товоғим, бер товоғим... Озгина уялайлик. Бизга йигирма-йигирма беш йил кўз қароғида асраган қизини беряпти. Уят эмасми, қуданикидан овқат кутиб ўтириш?

Шунингдек, келинга муносабат масаласида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Бизнинг фарзандимизни жуфти ҳалоли бўлиб хонадонимизга бош эгиб кириб келаётган келинга нега бошқача кўз билан қараймиз. Тўй куни қизларим қаторида қизим бўлдингиз, деймизу... Агар қизимиз бетоб бўлса, югуриб-елиб қоламиз. Келинни эса касал бўлса, онасиникига жўнатамиз. Тўғри қиз бола онасиникида рўзғор ишларига буюрилмайди, дам олади, деган баҳона ортига шифохона ва дори-дармонлар харажатларини ҳам қўшиб жўнатиб юборамиз. Келин уйимизни тўлдирган бўлса, майли, бизнинг бирор матоҳимизга беихтиёр шикаст етказиб қўйса, онасининг қурумсоқлигини юзига соламиз. Йил ўтмай неварали бўлсак, чақалоқнинг сўрғичидан тортиб, ётадиган караватигача қудамиз олиб келади. Нега? Ахир туғилган фарзанд бизнинг авлодимиз давомчиси-ку! Аслида қудамизни биз қутлашимиз керак-ку!

Хуллас, бу ўзим яшаб турган Тошкент шаҳри мисолида бўлса ҳам, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам тўй, тўйдан олдинги ва кейинги маросимлар чигаллашиб кетди. Бунинг кўпига биз сабабчимиз. Мотом маросимларида ҳам бечора эркаклар бизга қараб туради. Тугун-терсакка қанча харажат керак, дегандай.

Қизи бор хонадонларга жуда қийин бўлди. Қуданинг қош-қовоғи билан ҳисоблашиб яшаш қийинда. Минг ҳаракат билан эркакларимизни алдаб-сулдаб олдирган матоҳлари қудага маъқул келмай тўйи бузилганлар қанча! Бунда барча уят қиз тарафга бўлгандай “йигитнинг гули” бошқасига уйланиб кетаверади. Аслида улар уялиши керак. Матоҳи учун қиз танлашганига.

Момоларимиз “Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр” дейишганида келиннинг ўз қўли билан тиккан кашта ва рўмолчалар, ёстиқпўшларию куёвбелбоғларини назарда тутган. Унинг чеварлигига, қунтига, сабрига тасанно дейишган. Бу удумлар каттариб, келин парда билан келишига, гилам билан келишига, мебель билан келишига айланиб кетди. Энди сепни ёйиш ҳам алоҳида маросим бўлиб унга ҳам битта ходимнинг бир ойлик маошича пул сарфланяпти. Тўй деган орзу-ҳавасни шунчалар қувиб кетдикки, бизни энди Қарор билан тўхтатишмаса, тўхтамаймиз, шекилли.

Тўй бизнеси деган соҳа чиқди. Тўй қилмоқчимисиз, тўйхонадан тортиб, ҳайдовчи, ашулачи, ўртачи, суратчи, тасвирчи, чироқчи сингари бир неча тўйингиз учун фалон-фалон сўмларга хизмат қилиб берадиган гуруҳлар бор. Буни бир томонини яхшиликка бурдик. Иш кўп замонда ҳар бирини қаердан топамиз, деб. Лекин бу ишбилармонлар ўзларига даромад келтирадиган “Love store”, Гул отиш, Торт кесиш сингари алмойи алжойи ишларни тарғиб қилишмоқда. Турфа чироқлар ёниб-ўчаётган нимхира тўйхонада ҳамма ё суратга, ё ўйинга тушиш билан банд бўлиб қоляпти.

Бу гаплар кўп айтилди. Эндиги гап бизда. Ҳа, бизда. Эркакларимизни қуда сарпо, куёв сарпо, мебель, идиш-товоқ, маиший буюмлар деган дахмазаларни сотиб олиш учун пул топишга ундагандан кўра, фарзандларимизнинг ўқишига, китоблар сотиб олишга, ортса, бирор бева-бечорага ёрдам қилишга пул топишига қарашайлик. Нимага эркакларда юрак касали кўп? Нимага улар четга пул топишга кетяпти. Ҳаммаси бизнинг бачкана орзу-ҳавасларимиз учун. Биз эртага мебелсиз келинни юзига аччиқ гап айтмасак, қудаларимизни камситмасак, ҳаммаси жойига тушади. Йигитларимизни ориятли, ҳамиятли қилиб тарбиялайлик. Қизларимизни сарпоси билан кериладиган эмас, маънавияти, одоби билан ўрнак бўладиган қилиб ўстирайлик. Биз тўй қиламиз деб нафақат уйимиздаги эркакларни, ўзимизни бутун жамиятни қийнаб қўйибмиз. Энди тузатишни ўзимиздан бошлайлик.
ЎзАдан олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўйлардаги дахмазаларда кўпроқ ким айбдор, эркакларми ёки аёллар?