15:26 / 22.03.2018
10 307

«Тошкентни титратган прокурор» терговда

«Тошкентни титратган прокурор» терговда
Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, «Антибиотик» лақабли адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев ва унга яқин бўлган бошқа прокурорлар айни вақтда тергов қилинмоқда. Бу ҳақдаги хабарлар Бош прокуратура томонидан тасдиқланди.

«Бош прокуратура томонидан Р.Қодировга нисбатан ўтказилаётган жиноят иши тергови доирасида Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари М.А.Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи М.Х.Мирзаева, ўғли А.М.Мирзаев иштирокида жуда кўп миқдорда пора олиш, бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан, агар Сиз кўрсатилган шахслар томонидан содир этилган пора олиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ёки бошқа жиноий қилмишлар оқибатида жабрланувчи ёки гувоҳ бўлган бўлсангиз, Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилишингиз ёки 233-63-33, 236-00-76 телефон рақамлари орқали хабар беришингиз мумкин», дейилган хабарда.

Февраль ойи охирида ОАВда Рашид Қодиров кўрсатмаларидан кейин адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи, «Юнусобод адвокатлар коллегияси» раҳбари Муҳаббат Ҳасанова, уларнинг ўғли, МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев, Мирағлам Мирзаевнинг жияни (Миръазам Мирзаевнинг ўғли), МХХ Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва ууюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи Мансур Мирзаев қўлга олиниб, уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) бўйича жиноят иши очилгани айтилганди.

Мирағлам Мирзаев халқ орасида «Тошкентнинг темир прокурори» дея ном олган.

Март ойи бошида Бош прокуратура Мирзаев собиқ бош прокурор иши бўйича ушланмаганини маълум қилди.

«Интернет тармоғида Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодировга нисбатан Бош прокуратура томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Мираълам Мирзаев ва унинг оила аъзолари ушланганлиги тўғрисида хабар тарқатилган. Бош прокуратура ушбу маълумот ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини маълум қилади», дейилганди раддияда.

Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 221-моддаси тартибида ушланганлиги ҳақида хабар берилган эди. Қодировга нисбатан «Товламачилик», «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» моддалари бўйича жиноят иши очилган. Шунингдек, ушбу жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари бўлмиш Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ушланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Тошкентни титратган прокурор» терговда