00:07 / 25.03.2018
3 952

Ҳокимларга осон деб ўйлайсизми?

Ҳокимларга осон деб ўйлайсизми?
Ишонч бору...
Ҳамиша – тарихнинг ҳамма босқичларида ишонч масаласи ҳокимият тизимида ўта муҳим жиҳат саналган. Эътибор бераяпсизми, миллат йўлбошчиси ўзининг кейинги деярли барча нутқ ва маърузаларида, халқона ва куюнчак сўзларида айнан ишонч ҳақида гапираяпти. Яъни, эндиликда бирон масъул лавозимга тайинланган раҳбарга энг аввало ишонч берилаяпти. Президент барча даражадаги давлат хизматчиларига қарата қатъий айтмоқдаки, мен сени шу лавозимга тайин этдимми, вассалом, сенга ишонаман, фақат ёниб ишла ва ватанни обод қил! Пардаларни кўтариб, очиқчасига айтганда, бу ишончнинг моҳияти шуки, давлатнинг ички тизимларидаги ўзаро курашлар, бири-бирининг устидан чақув уюштиришлар, асосий ишдан чалғитувчи ҳар қандай майнавозчиликлар даври тугади. Энди қўлни-қўлга бериб, келишиб ишлаш керак, холос. Асосий мақсад ўзаро обрў-қудрат талашиш эмас, «нафъинг агар халққа кўпрак турур» (ҳазрат Навоийдан), марҳамат, сен шу ишга лойиқсан, хизмат пиллапояларидан юқорилайвер, акси бўлса, қоч йўлдан, қаддини тиклаётган халқимизга халал берма!

Хўш, амалиётда вазият қандай? Ижро аппаратининг қуйи тизимларида қандай муаммолар бор? Нималар уларни ўз ишидан чалғитаяпти?

Айб ФҲДЁдами?
Шаҳар ва туманларда атиги битта, баъзи йирикроқ шаҳарларда эса иккита ФҲДЁ бор. Ўзбекистондаги деярли барча шаҳар-туманларда эса камида 100 минг одам истиқомат қилади. Бу ўринда пойтахтни, вилоят марказларини истисно қилиб турамиз. Хуллас, ҳар йили, тўй мавсумларида бир туманда камида 4-5 мингта янги оила пайдо бўлади. Мавсум деган сўзга эътибор беринг. Вазият шундоқки, халқимизнинг турмуш шароити ҳамда кўп йиллик анъаналаридан келиб чиққан ҳолда август, ноябрь, май-июнь ойлари тўй мавсуми ҳисобланади. Хуллас, шу пайтда ФҲДЁ олдига борсангиз... Жуфт-жуфт терилган ёшлар навбат кутаётган, оддий бир маълумотнома олиш учун борганлар мудир қабулига киришга зўр бериб тиришаётган, идоранинг ходимлари эса иш ҳажми кўплигидан асабий бир кайфиятда турган чиқади. Ур-тўполон, бақир-чақир, қий-чув... Хуллас, нимадир нотўғри, коррупцияга, порахўрликка қулай вазият етилган... Бу ўринда муддао ФҲДЁларни танқид қилиш эмаслиги учун мавжуд порахўрлик ва ишни навбатсиз битиришнинг махсус ставкалари каби «дилтортар» масалаларни четлаб ўтамиз...

Эслайсизми, бир вақтлар қишлоқ советининг раиси одамларнинг тўйида никоҳ тузилгани тўғрисидаги далолатномани ўқирди. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки, энг аламлиси, ўлим тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун соатлаб навбатда турилмасди. Ўша пайтларда мавжуд бўлган қишлоқ советининг аёллар масалаларига масъул мулозими тўйларда ўктам овозда, давлатнинг бир вакили ўлароқ, ёшларга саодат тилаб, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳноманини топширарди. Бугун нима учун шу тизимни қайта ташкил этиш мумкин эмас? Ахир мазкур қарорга кўра, юртимиздаги ҳар бир МФЙда маоши республика бюджетидан молиялаштириладиган «Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис» штати ташкил қилинаяпти-ку! Тўй кортежи (йўқ деманг, барибир ҳали-бери тугамайди бу) туман марказига эллик-олтмиш километрлаб йўл босиб келиши, ФҲДЁ биноси олдида аравасини «дуд-дуууд»латиб навбатда туриши, хуллас, бу томошанинг олди олинса, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳам таъминланармиди...

Янги тизимга ўтилар экан, эски тизимдан мақбулроқ, аҳолига қулайроқ хизмат кўрсатиш тартиботи нега жорий қилинмаган? Давлат ўз хизматчиларига ишонмас экан, нега уларга лавозим берилади? Ҳаддидан ошганларнинг танобини тортиб қўядиган идоралар бор-ку?

Шуларни ёзаяпману, яна бир мулоҳаза фикримни рандалаб турибди. Сабабини ўзингиз биласиз. Бугун қишлоқда алоҳида маъмурий тузилма йўқ. Қишлоқнинг катта-кичиклигига қараб бир неча идора – МФЙ бор, аммо унда илгариги қишлоқ советида мавжуд бўлган ваколатлар йўқ...

СССР қачон қулаган?
Бир воқеа эсимга тушди. Бир носкаш, чодирхаёл бобо бўларди. Бир куни у билан анча тортишиб қолдик. У мутлақо қатъий туриб айтардики: «СССР Ўзбекистонда 2005 йили тарқаган». Нега деганда, айнан ўша йили у яшаган қишлоқда колхоз тугатилган. Ўйлаб қарасам, ўша жиккак чолнинг гапида ҳақиқат учқунлари бор экан. СССР кучсизланиб қолган пайтда бир гуруҳ устомонлар давлат мулкини қандай қилиб ўзлаштирган бўлса, бизда колхозни тугатиш жараёни айнан шу моделнинг «шаклан миллий, мазмунан советча» кўриниши бўлган. СССРнинг қудрати билан бунёд бўлган не-не бинолар, ҳали фойда келтириб турган фермалар, омборлар, клублар, техникалар арзон-гаровга хусусийлаштирилган. Ажабки, ўшандан бери қишлоқда тузукроқ бошқарув тузилмаси ўрнатилгани йўқ. Талон-торож бўлган.

Ислоҳотлар маромини синчковлик билан кузатиб, шунга амин бўлаяпманки, қишлоқларда, овулларда тўпланиб қолган ҳар қандай масалани жойида, мавжуд имкониятларни тўла сафарбар этган ҳолда ижобий ҳал қила оладиган қандайдир тузилмани жорий этишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Акс ҳолда бу тезоб жараён сув истеъмолчилари уюшмаси, машина-трактор парки, МФЙ каби чалажон ташкилотлар, аниқроқ айтганда, бюджети заиф, ижро ҳужжатлари мўл тузилмаларда ишлаётган яна неча-неча маҳаллий кадрларнинг асабини зўриқтириши, умрини қисқартириши тайин. Бу тузилмаларда ишлаётган тажрибали, ватанпарвар кадрларимиз жисмоний имкониятларидан юқори бўлган топшириқларни бажармагани учун гап эшитишга мажбур бўлаётгани – кўриниб турган ҳақиқат.

Ҳоким Марсдан тушганми?
Яна бир масала. Айтайлик, бир туманда 500 та фермер хўжалиги бор. Уларнинг ҳар бири ўз муаммо ва масалалари бўйича туман ҳокимлигига боради. Яқинда номи ўзгарган Кенгаш (томорқа ер эгалари, деҳқон хўжаликлари, фермерларни бирлаштирган ташкилот) эса ўз номи билан кенгаш. Масалани ҳал қиладиган куч эмас. Ваколати йўқ. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари эса жуда хоҳлаганда ҳам кунига 5-10 та фермер билан унинг муаммолари ҳақида суҳбатлаша олади, холос. Чунки орада кўпдан-кўп мажлислар, селекторлар, тадбирлар бор... Хуллас, фермер қаёққа борсин? Айтганча, сув истеъмолчилари уюшмаси деган чалажон ташкилот ҳам бор. Бу ташкилот ҳудудларда ўша колхозларнинг вориси ўлароқ пайдо бўлган. Бироқ у ҳам муаммоли вазиятни ҳал қила олмайди. Ваколати мутлақо чекланган.

Туман, вилоят ҳокими эса албатта ўз секторидан, маҳаллий даражадаги йиғилишлардан, юқори амалдорларнинг мажлисларидан, қуйида уйма-уй юришга жидду жаҳд қилган сарватли меҳмонлардан ортган маҳали фермер билан бирров гаплашади. Умуман, фермер ва ҳокимнинг махсус суҳбати, бир пиёла чой устида келажак муҳокамасини қилиши қандайдир бахтли тасодиф туфайли рўй бермаса, бошқа ҳолатда алар вазият бандаси... Тадбиркорлар ва ЯТТлар билан ҳам шундай ҳолат. Умуман, қуйи тузилмаларда жиддий ўзгаришлар қилиш вақти етмадимикин? Савол туғиладики, ислоҳотлар шиддати туман ва шаҳар ҳокимликлари даражасида депсиниб турганига амалдорлар эмас, тизимнинг ана шундай босимга дош беролмаётгани сабаб бўлмаяптими?

Қоровул, фаррош, шофёрларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 15-20 та штати мавжуд бўлган туман ва шаҳар ҳокимликларида ишловчи мутасаддилар жорий вазиятда халққа қулоқ тутишга вақт ажрата оладими? Ҳоким экспорт билан шуғулланиши шарт, ҳоким ёшлар билан учрашиши керак, ҳоким жиноятчиликка қарши курашиш бўйича профилактика тадбирларида қатнашиши лозим, ҳоким ер-сув билан шуғулланиши керак, ҳоким бўш ётган биноларга эга топиши зарур, ҳоким «катта»лар келганида чор-атрофни обод қилиши керак (ўқитувчи ва шифокорларни ишлатишга ҳокимнинг кўзи учиб тургани йўқ. Бироқ, бошқа иложи бўлмаса, у нима қилсин?)...

Бу рўйхатни давом эттирсам, бемалол уч-тўрт саҳифа тўлиши аниқ. Барчаси муҳим, барчаси қилиниши лозим бўлган ишлар... Аммо, яна қайтаришга тўғрни келади, қуйи тизимларда, маҳалла, қишлоқ бўйича мустаҳкам таянчга эга ижро аппаратининг йўқлиги ишни пачава қилади. МФЙ раисининг фермерга гапи ўтмаса, фермер ўзи экин экадиган майдоннинг четларини обод қилиш билан шуғулланмаса, ажратилган еридан бир метр нарида ётган чиқиндини олиб ташлаш хаёлига келмаса, айтинг, бу ерда ҳоким нима қилсин? Туман даражасидаги ҳокимлар, прокурорлар, солиқчилар, ИИБ раҳбари ҳам кимнингдир отаси, акаси, фарзанди, оддий бир инсон эканини ўйлаб кўриш керак. Улар ҳам сон-саноғи йўқ топшириқларни қўлидан келганича бажариб келаяпти.

Тушунишимча, ҳозир ҳудудларни секторларга бўлган ҳолда бошқариш тизимига муаммонинг ечими деб қаралмоқда шекилли. Бироқ, гапнинг пўсткалласи, сектордагилар уйма-уй юриш дафтари, йўл харитаси каби йигирмадан зиёд ҳужжатларни тўлдириш билан овора. Бироқ қишлоқда ҳаёт ўзгармади-ку! Муаммолар муаммолигича турибди-ку! Бироқ одамларда умид пайдо бўлди. Умид оқланадими-йўқми, бу шу кунлардаги саъй-ҳаракатларга боғлиқ.

Сурат, сурат, нега сен тилсиз?..
Ўзингиз ўйланг, турли идора ва ташкилотларнинг қуйи бўғинларида ишловчилар ўтказган тадбирлари ҳақида «тепа»га бетўхтов равишда суратлар юбориши қанчалар мантиққа мос? Масалан, мактабда бир тадбир ўтказилди дейлик. Шу тадбирдан туман (шаҳар) маънавият ва маърифат маркази раҳбари, таълимга масъул раҳбар, ҳокимликда тегишли мажмуа раҳбари суратлар олиб, зудлик билан ўзининг юқори ташкилотига юбориши керакмиш... Ахир бу кулгили-ку!.. Бу суратлар нимани исботлайди? Агар чиндан ҳам шундай тадбир ўтказилагани-ю, бунда ўша сурат сўраган органнинг вакили қатнашганига оид дастак деб қаралса, табиий равишда, бошқа бир мулоҳаза юзага қалқиб чиқмайдими? Яъни, бугун давлат аппаратида бир-бирига нисбатан ишончсизлик ҳукм сураётган бўлиб қолмайдими? Ундан ташқари, шунча сурат ва альбомларни бир киши вақтини ўтказиб, умумлаштириб, уюм-уюм қилгани билан аҳвол ўнгланиб қоладими? Агар суратлар йиғмасини вилоят, республика миқёсига кўпайтирсак, бир кунда қанча қоғоз, техника, маблағ исроф бўлишини тасаввур қилаяпсизми?

Телеграм истилоси
Яқинда бир чекка туманда прокурор бўлиб ишлайдиган танишим билан анча гаплашдик. У тумандаги ўз секторида қилиши лозим бўлган ишлар ҳақида гапирди. Секторда юриш билан овора бўлиб, кабинетда бажариладиган ишлар қолиб кетаётганига ачинди. Телефонидан эса «Telegram» мессенжерига келадиган кундалик ахборотларни кўрсатди. Нима десам экан, хуллас, инсон боласи бунча ахборотни бир кунда ўзлаштириш, ўзи учун сабоқ чиқариш тугул, кўз ташлашга ҳам қодир эмас. У мажбурий тарзда аъзо бўлиши керак бўлган гуруҳларнинг ўзи беш-олтита экан. Тумандаги 4 сектор раҳбарларининг маҳаллий гуруҳи, вилоятдаги барча шаҳар ва туманлар сектор раҳбарининг умумий гуруҳи, вилоятдаги барча шаҳар ва туманлар прокурорлари гуруҳи, республикадаги барча сектор раҳбарларининг супергуруҳи, хуллас, буёғига адашиб кетдим... Кунига ўртача 1000 саҳифадан кўпроқ матнли ва суратли ахборотлар танишиш, тегишли хулоса қилиш, тажриба алмашиш учун юборилади...

Неларга қодирсан, журналист?
Қаердадир, ижтимоий тармоқдаги қайсидир пучмоқда ўқиб қолдим: бир журналистми, блогерми, ишқилиб, қалам тутишга жазм этганлардан эди-да, хуллас, ўша ҳазратим ҳокимнинг қабулига бориб, уни икки соат кутибди. Ҳоким ишдан ортмабди ва хонасида йўқ эмиш. Айюҳаннос кўтариб, дунёга жар солиб, ўша шўрлик ҳокимни халқни менсимасликда айблади. Оловга мой сепгич, тегирмонга сув қуйгич тоифа уни маъқуллаган бўлди. «Ҳақиқатталаб» интернет фойдаланувчисига хайрихоҳлик руҳидаги фикрлар оқими пайдо бўлди. Бироқ, масалага чуқурроқ разм солинса, аслида вазият умуман бошқача эканига, ўша ҳоким алоҳида бир кишини куттириб, пинакка кетмаганига аминман. Ҳокимлардан амалий иш талаб қиладиган тизим аллақачон жорий бўлган. Яна қайтараман, бугуннинг ҳокимлари кечаги бюрократ эмас. Бош қашишга вақти йўқ.

Жудаям истардимки, ақли ғовлаб, нуқул сассиқ танқидларга ўралашиб қолган блогер ошнолар, журналист ҳамкасблар, тармоқ фойдаланувчилари янги тизимнинг қандай ишлаётгани бўйича билимсизлик, бехабарликни ҳадеб намоён қилавермай, жорий вазиятдаги муаммо ва камчиликларнинг сабабига эътибор қаратишса...

Кўраяпманки, бизнинг журналистикамиз умумий танқидга уста, лекин жараённи эпизодларга бўлиб таҳлил қилиш, вазиятга микроскопдан қарашга келганда ажойибу ғаройиб сукунат...

Яқинда Манас қишлоғига бориб келдим. «Обод қишлоқ» дастури бўйича бажарилаётган ишлар билан танишдим. ТВдаги умумий гаплар, рақамлар шарҳига доир юзаки мулоҳазаларни айтмаганда, ўзбек матбуотида ва интернет нашрларида бир жўяли мақолага кўзим тушмади. Мудҳиш хабарлар, эшак гўшти каби мавзулар болалаб ётибди. Инкор қилмайман, бу мавзуларни ҳам ёритиш керак. Лекин қизиқарлилик – фойдали дегани эмас. Одамларга фойдали ахборот берган маъқулми ёки қизиқарли хабарлардан наф кўпроқми? Фойдали ахборотни қандай қилиб қизиқ усулда ёзиш мумкин? Биз мана шу масалалар устида мулоҳаза юритишга чоғланиб турганимизда амалиёт, воқелик журналистикадан минг километр олдинга кетиб қолди. Ортда қолдик.

Бугун расмий нашрлар стилистикаси интернет журналистикаси олдида ип эшолмай қолди. Шунданми, оғиркарвон нашрлар ҳам аста-секин, қадамма-қадам дастлаб интернет журналистикасида пайдо бўлган баъзи услубларни қўллашни бошлади. Аммо одамлар ҳузур қилиб ўқийдиган мақолалар ёзган, қалами равон журналистлар, айниқса бугун 25-35 ёшлар атрофидаги авлод «гўзал» сукунатга ғарқ бўлган. Яқинда шоир Фахриддин Ҳайитнинг «Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан» рукнида чоп этилган мақоласини ўқидим. Гапнинг рости, аввал ҳам шу туркумларда эълон қилинган матнларни — устоз журналист ёки адибларнинг «чап қўл билан ёзиб ташланган» матнларини, яшириб нима қилдим, андак истеҳзо билан ўқирдим. Сафга нисбатан ёш адибларнинг қўшилгани умумий ижтимоий тафаккуримизга янгича кайфият, маъно бағишласа, ажаб эмас.

«Марварид гўзал, лекин уни бир ипга тизганда янада гўзал», — дейди донолар. Юқоридаги мулоҳазаларни ёзишдан муддао шуки, фикрларимизни тартибга солиб, оммага улашиш тарадисига тушганда мўлжални кенгроқ олиб, ўзимизнинггина тоғорамизни ўйламай, юртимизда кечаётган ислоҳотлар манзарасидан нақадар хабардорлигимизни чамалаб кўришимиз керак...

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳокимларга осон деб ўйлайсизми?