09:43 / 25.03.2018
4 493

Она нидоси: «Қизим, қаердасан?..»

Она нидоси: «Қизим, қаердасан?..»
«Фарзанд доғи ҳеч бир ота-онани куйдирмасин». Шу жумлалар билан сўз бошлаган наманганлик Гулчеҳра ая билан суҳбатимиз деярли 3 соат давом этди. У тўрт йил аввал бедарак йўқолган қизи ҳақида KUN.UZ мухбирига сўзлаб берди.

Ёш қизининг эшикдан кириб келишини кутиб толган кўзларда кўп дард яшамоқда. Буни бир қарашда англаш ҳам қийин эмас. 31 март куни Гулчеҳра Мамасолиеванинг кенжа қизи, 1991 йилда туғилган Назира Ҳолматованинг уйдан чиқиб кетганига роппа-роса 4 йил тўлади. Гулчеҳра ая бу кунни жуда яхши эслайди.

- Қизим ҳаётга чанқоқ, тиришқоқ эди. Назиранинг бу ҳаракатларини кўриб, фармацевтика бўйича касб-ҳунар коллежида таълим олишига имконият яратиб бердим. Отаси вафот этган, ёнида суянчиғи қолмаган қизалоғим ўқишни тамомлагач, ишга тушди. Поп тумани марказига яқин жойлашган дорихонада иш бошлади. Назира бир кун у ишлаётган дорихонанинг қаршисида янги ва барча талабларга жавоб берадиган дорихона очилганини айтиб қолди. Мен рухсат бердим, у иш жойини ўзгартирди, - деб Гулчеҳра ая Назиранинг суратларини кўрсатди.

Ёшдан қизариб, аммо қуриб қолган кўзлар маъюс тортиб, лаблар титради. «Барчасига айбдорман, қиз болани ишлашга қўйдим. Уни ҳимоя қилиб ололмадим», дейди она шўрлик.

- Мурод исмли тадбиркорга тегишли дорихонада иш бошлагач, Назиранинг соғлиғи ёмонлаша бошлади. Гап шундаки, у кечки сменада ҳам меҳнат қилди, айрим пайтлари ўриндошлари ишга чиқмаса ҳам Назира ишлашга мажбур бўлди. Сурункали ишлаб юрган Назирам бирдан бетоб бўлиб, ётиб қолди. Шифохонада даволаниб чиққач, Муродга тушунтирдим: «Назира ишламай турсин, ёш қизнинг кучи етмаяпти», дедим. У ҳаммасини тушунган киши бўлиб, рози ҳам бўлди -, деб воқеани давом эттирди Мамасолиева.

Маълум қилинишича, Назира ҳақиқатан, оилавий поликлиникада бир муддат даволаниб чиққан. У тез-тез бош оғриғи, ҳолсизликдан шикоят қилаверган.

- Мурод бизнинг оиладан товар айлантириш учун жамғариб қўйган 800 долларимизни қарзга олиб кетганди. Назира ана шу пулни яхшиликча қайтарсин, кейин ишдан бўшайман, деб режа тузди. Аксига олиб, Мурод қизимнинг бўйнига катта қарздорликни қўйиб, кирим-чиқим хатларини қайта ҳисоблаш зарурлигини айтган. Балки қизимда айб бўлгандир, аммо ўша ишбилармоннинг қўрқитиши ва таҳдидидан сўнг, Назира уйга шошиб келдида, бир дам ўтиши билан кўчага чиқиб келай, деб сўради. Юрагим ниманидир сезди: хонага кирсам, қизим хат ташлаб кетибди, - деб хатни тутқазди.

Назира бедарак йўқолишидан аввал, хонада қолдириб кетган хатда у бу ишидан қаттиқ афсусда эканини билдирган.

«Аяжон, мени кечиринг. Мен сизни жуда яхши кўраман. Менга туҳмат қилишяпти, буни кўтаролмайман. Ўғри деди, мен ўғри эмасман. Ўзизни эҳтиёт қилинг. Телефонимни ҳам олиб қўйди, 8та қоғозни (800 доллар - таҳр.) ҳам қайтармади. Майли, Худога солдим. Ҳаммасига Мурод айбдор», деган мазмундаги хабар қолдирилганди хатда.

Гулчеҳра аянинг айтишича, Назиранинг телефони ҳақиқатан дорихона эгаси Муродда бўлган, ИИБ ходимлари уяли алоқа воситасини Муроддан олиб, Мамасолиева оиласига қайтарган. Кейинчалик, Мурод 800 долларни ҳам қайтариб берган.

- Қизим уйдан ҳеч нимани олиб кетмаган. Кийимлари, пуллар, ҳужжатлари ҳам хонасида қолган. Шу ўтган давр ичида уни қидирмаган жойимиз қолмади, - дейди она йиғлаб.

У бўлган ишларда ишбилармон Мурод исмли шахсни айблайди:

- Агар у таҳдид қилиб, қўрқитмаса, ишлашга мажбур қилмаса, шу воқеалар юз бермасди. Боз устига, у Назиранинг устида турли бўҳтонларни ўйлаб чиқарди. Турли уят ишларда айблаб, «шунинг учун Назира қочиб кетган» деб миш-миш тарқатди. Мен эса қизимнинг ўлиги ё тиригини кўрай деб яшаяпман, - деб сўйлайди она.

Наманган вилояти ИИБ Поп тумани Ички ишлар бўлими ходими фуқаро Назира Ҳолматовага тегишли фуқаролик паспорти ҳанузгача Поп туман Паспорт бўлинмасида сақланаётганини маълум қилди.

Бу воқеа бизнинг замонда юз бериб турган ҳодисаларнинг бир парчаси, аммо вазиятга бошқа нигоҳ билан қарайлик: энди ўсиб улғаётган ёш билан муомала қилганда, ишга қабул қилганда унинг психологик ҳолати инобатга олинадими? Иш жойида ёш кадрларга кўп топшириқлар бериб, уларни қийнаб, ишдан бездириб қўймаяпсизми? Оила бошлиқлари ҳам фарзандининг кечинмалари, айниқса ўтиш даврида у нималарни истаётгани билан қизиқадими? Албатта, ҳар ким шу саволларни ўзига бериши керак. Биз эса Назиранинг омон уйга қайтишини умид билан кутамиз.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Она нидоси: «Қизим, қаердасан?..»