08:57 / 28.03.2018
4 979

ТВ ўйинлар ёхуд маънавий тутқунликнинг бир кўриниши

ТВ ўйинлар ёхуд маънавий тутқунликнинг бир кўриниши
Телевидение орқали ўтказиладиган пул-ютуқ ўйинлари битта асосий тизим ва мақсад устига қурилади – томошабиннинг моддий орзу “марказлари”ни “қитиқлаш” орқали уларни манипуляция қилиш.

Бу шоуларнинг стандарт сценарийси инсон психологиясини яхши билган, аммо билимини суистеъмол қилганлар томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бундай технологиялардан бехабар кўпчиликнинг имкон қадар кўпроғидан пул ўндириш учун мўлжалланган.

Бош ютуқни қўлга киритган “бахтиёр инсон”нинг чақнаган кўзларини оммага кўрсатиш – бу сценарийнинг кулминацион нуқтасидир. Зеро айнан шу лаҳзада ҳийлани пайқамаган томошабин қалбининг орзу, ҳавас ва истак торлари кучли чертилади ҳамда бунинг оқибатида ҳосил бўлган “мусиқа” киши онгини батамом қамраб олади. Киши ўзини ўша “бахтиёр”нинг ўрнига ўзи билмаган ҳолда қўйиб кўради, у ҳис этиб турган ҳисларни туяди (бу психология фанида маълум бўлган эффектдир) ва алал оқибат... ўйинда иштирокчи бўлиш учун талаб этилган пулни у ҳам тўлайди.

Тўлов баъзида катта бўлса, баъзида арзимас бўлиб туюлади. Бироқ ҳар қанча бўлса ҳам бундай ҳолат кишини нотўғри ҳолга, салбий, руҳий тарбия устозлари қалб ҳасталиги деб атаган таманний (ҳавойи орзу)га мубтало қилади, меҳнат қилмасдан нарсага эга бўлиш хоҳишидек хавфли маънавий вирусга чалинтиради. Бу “вирус”ни илинтириб олган кишининг воқеликка адолатли (объектив) баҳо бериш тизими талофат кўради, зеро ҳар бир ақли расо инсонга берилган, воқеликни таҳлил қилишдек муҳим марказлар таманний “вирус”и ҳужуми оқибатида фалаж бўлади. Ҳалол топган пули оиласига эмас, лотереячиларга кетаётгани, бундай “тадбир”ларда тўпланадиган маблағларнинг бир чимдимигина ютуққа қўйилиши, қолгани мўмай даромад эканлигини англашдан киши узоқлашади. Бу эса маънавий тутқунликнинг бир кўринишидир.
Муҳаммад ШАКУР

Таҳририят изоҳи: Бундай ўйинларда кўпчиликнинг пулини таваккалчилик кўринишида бир одам олиб кетгани учун қимор ҳисобланади. Қиморнинг шариатдаги ҳукми эса ҳаммага маълум.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ТВ ўйинлар ёхуд маънавий тутқунликнинг бир кўриниши