08:04 / 29.03.2018
3 942

Шавкат Мирзиёев: "Афғонлар — уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар" (видео)

Шавкат Мирзиёев: "Афғонлар — уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар" (видео)
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида ўтказилган халқаро конференциядаги нутқи давомида Афғонистоннинг 40 йиллик уруш даврида вояга етган халқи «бой берилган авлод» эмас, балки уруш ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар эканини таъкидлаб ўтди.

Биз шу кунларда баҳор ва янгиланиш байрами бўлган Наврўз айёмини кенг нишонламоқдамиз. Азал-азалдан бу фаслда уруш-жанжаллар тўхтатилган, одамлар эски гина-кудуратларни унутиб, бир-бирини кечирган ва ҳатто энг мураккаб, ҳал этиб бўлмайдигандек туюлган масалалар бўйича ҳам келишиб, ҳамжиҳатликка эришган.

Ишончим комил, бугун биз ҳам давримизнинг энг ўткир минтақавий ва глобал муаммоларидан бири – Афғонистондаги қарама-қаршиликни ҳал этишни амалий руҳда муҳокама қилиб, биргаликда умумий бир ечим ишлаб чиқишга қодирмиз.

Минг афсуски, жафокаш Афғонистон заминидаги бу тўқнашув қарийб 40 йилдан буён давом этмоқда.

Маълумки, «уруш олови» афғон халқига четдан тиқиштирилди, бу – унинг танлови эмас.

Ана шу йиллар мобайнида юз минглаб тинч аҳоли уруш қурбонига айланди, миллионлаб инсонлар ўз уйларини ташлаб кетишга ва бошқа мамлакатлардан бошпана излашга мажбур бўлди.

Бу можарога янги-янги кучларнинг жалб этилиши унинг мислсиз даражада кескинлашиб кетишига олиб келди. Ушбу уруш нафақат Афғонистоннинг муаммоси, балки тобора мураккаблашиб бораётган халқаро муаммога айланди.

Афғонистонда халқаро террорчи гуруҳлар сонининг кенгайиши, зўравонлик ва қон тўкишлар, наркобизнеснинг барҳам топмаётгани – буларнинг барчаси бу мамлакатдаги вазиятни жаҳон жамоатчилиги томонидан инкор этилишига йўл қўйиб бўлмаслигини кўрсатмоқда.

Энг ёмони, Афғонистондаги қуролли қарама-қаршилик ва зўравонлик шароитида бутун бир авлод вояга етди. Лекин бу, айрим экспертлар андишасизларча таъкидлаётганидек, «бой берилган авлод» эмас. Улар уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар, холос. Улар ўзаро низоларга чек қўйиб, тинч ҳаётга, ўз мамлакатини тараққиёт ва фаровонликка олиб борадиган бунёдкор меҳнатга қайтишни хоҳлайди ва шунга интилади.

Мен қатъий аминман: афғон халқида ўз фарзандлари ва келажак авлодларнинг бахт-саодати йўлида янги, тинч ҳаётни бошлаш ва барпо этиш учун куч-ғайрат, донишмандлик, мардлик ва матонат етарли
.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: "Афғонлар — уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар" (видео)