Шавкат Мирзиёев — сирдарёлик отахонга: Сизни бу йил оилангиз билан менинг ҳисобимдан Ҳажга жўнатамиз (видео)

  • Жамият
  • 16-04-2018, 13:38
  • 1 238
  • Шавкат Мирзиёев — сирдарёлик отахонга: Сизни бу йил оилангиз билан менинг ҳисобимдан Ҳажга жўнатамиз (видео)
    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида истиқомат қилувчи нуроний Бахтиёр ота Тоғаевни ўз ҳисобидан Ҳаж зиёратига юборишини маълум қилди. Бу ҳақда 13 апрель куни Сайхунобод туманида Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтилди. «Ўзбекистон 24» телеканали ушбу йиғилишдан репортаж намойиш этди.

    Йиғилишда сўзга чиққан Бахтиёр ота Тоғаев Президентнинг асаларичилик тўғрисидаги 2017 йилги қароридан сўнг уч қути асалари олиб боққани, ҳозирда уларнинг сони 40 қутига етганини маълум қилди.

    «Уйда бекор ўтирмайлик деб, бир хайрли ишга қўл урдик. Бахт шаҳри билан Сайхунобод орасида канал билан йўл бор, ўртаси қаровсиз ер эди. Нарса экиб бўлмайди. Ўша ернинг оралиғи бир километр. Мен шу ерга терак эксак, деб сўрадим. Водийдан кўчатлар олиб келиб, ерга қадаб, экдик, бир чиройли маскан бўлди. Туманимизга келган меҳмонларнинг ҳаммаси ҳавас қилиб кетади», — деди Бахтиёр Тоғаев.

    Унинг бу сўзларига жавобан Президент шундай деди: «Мен ҳам кўрдим, мен ҳам ҳавас қилдим». Отахон сўзида давом этди: «Раҳмат! Мана энди терак экилган ернинг давоми бор, шунча йил турди, ҳеч ким қарамади, илтимос қилиб, у ерни ҳам олдик-да, бу йил 12 мингта терак кўчати экдик. Ният қилиб қўйдик — Худо хоҳласа, мана шу теракларимиз етилса, умр йўлдошимизни ёнимизга олиб, Ҳаж ибодатини бажариб, элимизга, халқимизга дуо қилиб келиш ниятидамиз».

    Отахоннинг сўзларидан мамнун бўлган Шавкат Мирзиёев уни ибрат қилиб кўрсатди, ўз навбатида, шундай деди: «Сиз бир ният қилдингиз — юртимизнинг тинчлиги, осойишталиги кўз тегмасин-да, одамларимизнинг бағрига салгина бўлса ҳам манфаат тегсин, салгина бўлса ҳам тирикчилиги ўзгарсин, деган ниятда яшаймиз. Шунинг учун менинг бир истагим, ниятим бор — бу йил сизни оилангиз билан ҳар бир мўмин-мусулмон ният қилган жойга — Ҳажга жўнатсак, ўзимнинг ҳисобимдан».

    Яндекс.Метрика