21:20 / 01.05.2018
5 073

Даҳрийни мот қилган талабалар

Даҳрийни мот қилган талабалар
ТошДУда бир профессор бизга фалсафа фанидан дарс берарди. Атеист эди...

Биздан бир курс олдин ўқиётган ўшлик йигитга баҳо қўйиб бермай, ўқишдан ҳайдалишига сабаб бўлган экан.

Сочлари оппоқ етмиш ёшлардаги одам десам кўз ўнгингизда нуроний сиймо гавдаланади, аммо унинг на юзида, на кўзида нур бор эди...

Курсдошларим гувоҳ, одатда лексияларида жон бўлмаган ўқитувчиларнинг дарсига кирмас – вақтимга ачинардим. Кутубхонада ё ётоқхонада китоб ўқиб ўтирардим. Аммо ўша атеистнинг ҳаётдан минглаб километр узоқликда бўлган тузсиз гапларини эшитиб ўтиришга маҳкум эдим...

Ўзининг бир китоби бор эди, хоҳ ишонинг, хоҳи йўқ, уни бизга ёддан--сўзма сўз даражада лекция қилиб берарди. Шу қадар ўлик гаплар эдики, ўлгудек зерикарли дарс эди. Гоҳида ўта сиқилганимдан, қолаверса, балл олиш учун домланинг гапини бўлиб, саволлар ёғдириб ташлардим. Курсдошларим ҳам бир ўзларига келиб оларди.

Бир куни ўта жонга текди, сабрим тугади:

– Домла, бизга атеистик руҳда дарс ўтишга ҳаққингиз йўқ. Ўзбекистон мустақил бўлганига тўрт йил бўлди, виждон эркинлиги ҳақида қонун қабул қилинди, бу ерда ўтирган қора кўзлар ҳаммаси мусулмон, биз Худога ишонамиз, – дедим...

– Мен кўрмаган нарсамга ишонмайман, – деди домла.

Доска ёнида чироқ ёқадиганнинг очиқ кабели бор экан, кўрсатиб:

– Бу нима, – деб сўрадим.

– Сим, – деди.

– Ушлангчи унда, – дедим.

– Йўқ, ток уради, – деди.

– Шу токни кўролмаган кўзингиз Аллоҳни қандай кўради, – дедим.

Меҳди деган турк курсдошимиз:

– Домла, онгингиз борми, бўлса, кўрсатинг, – деди.

Домла “онг бу...” деб опқочаётганди, Меҳди “кўрсатасизми”, деса домла “онг кўринмас”, деди.

Меҳди “менам кўрмаган нарсамга ишонмайман, демак сиз онги йўқ аҳмоқ экансиз”, деворди шартта. Аудитория кулгидан портлади.

Шартта чиқиб кетдик ва деканатга арз қилдик, аммо бошқа муаллим йўқлиги баҳона, яна ўзи дарс ўтадиган бўлди.

Ҳамма биз ҳақимизда хавотирда тушиб қолди. Энди домладан баҳо ололмайди деб. Аммо...

Менга биринчи бўлиб 4 баҳо қўйди, ўзбекчани аранг тушунадиган Маҳдий эса беш баҳо олди...

Энди...Минг профессор бўлсаям, Аллоҳ ҳидоят бермаса, қийин экан...

Дунёдаги энг ақлли миллат дея эътироф этиладиган японлар қуёшга сиғинади.

Ҳиндистонликлар сигирга...

...ва ҳоказо...

Одам минг йил ўзини роса одобли кўрсатиши, ҳатто ўзича аҳлоқ нормаларини ишлаб чиқариши, бировга ақл бўлиши мумкин. Аммо иймону тақво бўлмаса, киши мункиллаган чол бўлгандаям ўзини ўзи шармандали ҳолатга солиб қўяди. Чунки қалб – палағда....

Ундайлар фақат галдир одамларгагина ибрат – эталон бўлади...

Қурбақага маҳлиё бўлиб, ботқоққа тушдингми, энди булбулга тош отма!!!

Баттар шарманда бўласан, ўзингни жоҳиллигингни, довдирлигингни ошкор қилиб қўясан. Дўсту ёронлар ҳам юз буради сендай нодондан...

Тўғри булбулниям, қурбақаниям Аллоҳ яратган, худди жаннату дўзахни яратгандай, аммо булбулни сев, унга интил, албатта бўстонга борасан...

Аҳли иймонни сев, керак бўлса, жон нисор айла! Дунёю охиратда мартаба бўлади...

Аллоҳим, барча дўстларимизни сен учун севиш саодатини насиб эт, икки жаҳонда ўз дўстларингни севдир ва улар билан бирга қил!

Амийн!..
Абдулазиз МУБОРАК

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Даҳрийни мот қилган талабалар