11:24 / 20.05.2018
6 249

Наманганда рўзадор мактаб ўқувчиларига мажбурлаб сув ичирилгани ҳақида

Наманганда рўзадор мактаб ўқувчиларига мажбурлаб сув ичирилгани ҳақида
Совет давридаги динга бўлган муносабат ҳақидаги ҳикояларни тинглаганда асосан қуйидаги манзара кўз олдимизга келарди: намоз ўқиётган одамнинг жойнамозини тортиб олиш ва Рамазон ойида мактаб ўқувчиларига мажбуран сув ичириб, рўзасини очтириш. Қайсидир маънода бу худосизлар жамияти учун нормал ҳолдек кўриниши ҳам мумкин. Лекин бугун, барча соҳалар қатори динга ҳам эркинлик берилаётган бир пайтда болаларнинг рўзаси мажбурлаб очтирилганига нима дейсиз?

Azon.uz таҳририятига Намангандан етиб келган аудиохабарга кўра, Наманган вилояти, Чуст тумани, Варзик шаҳарчасида жойлашган 19-сонли ихтисослаштирилган мактабда ўқувчилар билан нохуш ҳодиса юз берган. Ўзини ўқувчилардан бирининг тоғаси деб таништирган фуқаронинг гувоҳлик беришича, мактаб ётоқхонасида 6, 7, 8 ва 9-синф ўқувчилари Рамазоннинг илк кунида рўза тутишади. Табиийки, рўзадор бўлганликлари сабаб эрталаб болалар нонуштага чиқишмаган. Бундан хабар топган мактаб директори Жўраев Низомжон ҳамма ўқувчиларни йиғиб, “Сенлар рўза тутмаларинг, оч ҳамманг” деб буйруқ берган.

Аммо ўқувчилар директорга қулоқ солишмаган кўринади, тушлик пайти ҳам ўқувчиларга тайёрланган палов ортиб қолган. Болалар ошпазга бориб: “Овқатимизни олиб қўяверинг. Кечқурун ифторга иситиб берасиз”, деб илтимос қилишган. Ошпаз ҳам бу таклифга рози бўлган. Шундан сўнг бу гап мактаб директорига етиб борган. Натижада синф раҳбарлари бошчилигида 60 нафар атрофидаги болани ошхонага йиғиб, мажбуран сув ичириш орқали рўзаси очтирилган.

Бу ҳаракатни нима деб аташга ҳам ҳайрон бўлади киши. Совет тузумидан қолган эскилик сарқитининг бундай тарзда ўзини намоён қилиши одамни сергак тортишга мажбурлайди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, мактаб директори ўқувчиларнинг эътиқодига дахл қилиш ҳуқуқига эга эмас. Ҳуқуқлари топталган фарзандларнинг ота-оналари хатти-ҳаракатларида қонун бузилиши аломатлари кўриниб турган мактаб директори устидан тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари мумкин.

Мактаб директори эса айни дамда кенг жамоатчилик олдидаги масъулиятни ҳис қилиб бу ҳолат юзасидан изоҳ бериши шарт. Ўз навбатида халқ таълими бошқармаси раҳбарияти ҳолатни ўрганиб чиқиши ва бу ходимга чора кўрилишини назорат қилиб, оммани бу ҳақида хабардор қилиши ҳам мақсадга мувофиқ. Чунки кўп гувоҳи бўлдикки, оммадан яширилган ва жазосиз қолган бундай қонунбузарликлар кейинчалик жамиятнинг бошқа қатламларида ҳам урчиб кетиши ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Президентимизнинг БМТ Ассамблеясида сўзлаган нутқидан кейин кўпчилик сиёсатчилар, “Шавкат Мирзиёевнинг катта минбардан туриб Ислом дини ҳақида айтган гапларини яқин орада ҳеч ким айтган эмас”, қабилида фикрлар билдиришди. Дарҳақиқат, ўша нутқ мусулмонлар қалбида узоқ вақт кул остида қолган чўғларни алангалатди. Халқда эртанги кунга, айниқса Президентга ишонч пайдо бўлди.

Аммо сўнгги пайтларда содир бўлаётган бундай ғалати воқеалар бу умумий манзарани жиддий равишда бузиб, халқнинг аксарини ташкил қиладиган мусулмон қатламда норозилик кайфиятининг пайдо бўлишига ва натижада олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан иккиланиш ҳисларининг илдиз отишига сабаб бўлмоқда. Атрофдагиларни бир савол қийнаяпти: Ўзбекистонда диний эркинлик бериляптими ёки диний эркинликлар чекланяптими?

Бу борада Намангандаги аҳвол чиндан ҳам ачинарли. Болалар масжидга қўйилмаса, рўза тутсаю, мажбурлар рўзаси очтирилса, бу қайси “халқ ҳокимияти” тамойилларига тўғри келади? Биз қанақа жамият қурмоқчимиз ўзи? Барча ҳуқуқлари таъминланган фуқаролардан иборат демократик жамиятми ёки ўз раҳбарлари ўзи сайлаган халқни таҳқирлайдиган жамиятми?

Биз бўлаётган воқеа-ҳодисалар ўта хавотирли эканини маълум қилган ҳолда бу ҳолатлар юзасидан мутасадди ташкилотлар, хусусан, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Халқ таълими вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигидан расмий изоҳ сўраб қоламиз. Зеро бу икки томонлама ислоҳотларни тушунмай иккиланиб турган халқ учун айни дамда жуда ҳам зарур.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Наманганда рўзадор мактаб ўқувчиларига мажбурлаб сув ичирилгани ҳақида