23:20 / 01.06.2018
5 797

Парпиевнинг биринчи ўринбосари ҳибсга олинган

Парпиевнинг биринчи ўринбосари ҳибсга олинган
Ўзбекистон давлат солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Абдусалом Йўлдошев 28 май куни қўлга олинган ва Фарғона водийси вилоятларидан бири орқали Тошкентга келтирилган.

Бу борадаги маълумотларни Kun.uz’нинг манбаси тасдиқлади.

Айни пайтда 51 ёшли Абдусалом Йўлдошев Давлат хавфсизлик хизматининг тергов изоляторида ушлаб турилибди.

Жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида иш бошлаган А.Йўлдошев айнан қайси жиноий иш доирасида қўлга олинганига Kun.uz манбаси аниқлик кирита олмади.

А.Йўлдошев ўз меҳнат фаолиятининг турли йилларида Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган. 2012 йилнинг февралидан Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

А.Йўлдошев қўлга олинганидан бир кун ўтиб, 29 май куни президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида Давлат солиқ қўмитаси собиқ раҳбари, 11 май куни лавозимидан озод қилинган Ботир Парпиев ва у етакчилик қилган тизимдаги аҳвол ҳақида гапирган эди.

Президент Ш.Мирзиёев видеоселектор мажлисида Ботир Парпиев тўғрисида бундай деган:

«Яна бир муҳим масала — маҳаллий бюджетга тушум ҳажми. Давлат солиқ қўмитаси раҳбарини (Ботир Парпиевни — таҳ.) алмаштирганим бежиз эмас, сабаби — бизда солиқ тизими йўқ. Ҳали иш кўп».

«Солиқда ҳам кўп ўйинлар бўлгани, раҳбарияти қандай ишлар билан шуғулланганидан ҳайрон қолдим. Ҳали уни ҳам халқимизга етказамиз», — деган президент видеоселектор мажлисида.

«Солиқчининг савияси йўқ, десак, бу ҳам адолатдан бўлади. Шунинг учун бугун топшириқ бердим, тегишли қарор тайёрланади, ҳаммасини нолдан бошлаш керак — солиқ тизимидаги Академияни ҳам, бошқасини ҳам. Қуйи поғонадаги солиқчилар нима қилиш керак, қандай ишлаш кераклигини билмайди. 70 фоизи коррупция билан боғлиқ, мана шуни ҳамма билиши керак», — деган Шавкат Мирзиёев.

2004 йилдан буён Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган 72 яшар генерал Ботир Парпиев жорий йилнинг 11 майида президент Ш.Мирзиёев томонидан ўз вазифасидан бўшатилиб, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Парпиевнинг биринчи ўринбосари ҳибсга олинган