21:30 / 06.06.2018
5 074

Тўйлар ҳақида ўйлар ёхуд «Шунча бўлурми ҳай-ҳай?!»

Тўйлар ҳақида ўйлар ёхуд «Шунча бўлурми ҳай-ҳай?!»
Тўй. Ажабки, кишиларнинг не-не орзуси, қувончи, бахтиёрлигини ўзида жам этадиган ушбу маросим пародоксал ҳолатда турмушдаги турли иллатларга сабаб бўлаётгани ҳам бор гап. Табиатан меҳмондўст, қўли очиқ халқмиз. Элга ош бериш, кўпнинг дуосини олишга бўлган интилиш менталитет нуқтаи-назаридан миллий ўзлигимизнинг бир бўлагига айланган. Тўйларга етказсин, ҳар кунинг тўй бўлсин, деган тилак ҳар биримизга доимий ҳамроҳ…

Тўй учун уй боши мол боқади, йиғинади, теринади. Оналаримиз ўзи учун азиз бўлган нарсасини фарзанди ё набирасининг қувончли кунига ҳадя, деган ниятда сандиқнинг тубига ташлаб қўяди. Тўйга таниқли ҳофизларни чорлаб, тўйимнинг довруғини етти маҳаллага достон қиламан, деганлар ва уларга кўр-кўрона эргашаётганлар қанча. Аслида-ку орзуга айб йўқ. Ҳеч ким хурсандчилик кунининг бошқаникидан кам бўлишини истамайди. Халқимиз руҳиятидаги бу истакни, энг қизиғи, санъаткорлар ҳам билади. Ва мана шу билги бугун уларнинг тегирмонига сув қуяётгандай… Негаки, тўйлардаги дабдабалар, яллачиларнинг нарх-навоси бугун кўпчиликни, хусусан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ҳам хавотирга солмоқдаки, жамиятдаги бир оғриқли нуқта ўлароқ қолаётган мазкур масала тез-тез ҳақли мунозараларга сабаб бўлаяпти.

Тажриба

Таҳририят бу борада ижтимоий тармоқларда кечаётган мунозараларни ўрганишга қарор қилди. Бир тўй баҳонасида таниқли санъаткорлар билан боғланишга тўғри келингани ҳақида фикр ўртага ташланди. Бунга Наргиза Муродованинг «Xabar.uz»да чоп этилган «Нега хонандаларнинг хизмат ҳақи бунча қиммат?» номли мақоласи сабаб бўлди. Масалан, Улуғбек Раҳматуллаевнинг продюссери қўшиқчи тўйни тўлиқ ўтказиб беролмаслиги, дастури ярим ёки бир соатлик экани, соатига 3,5 минг доллар тўлов қилиш лозим бўлишини билдирган. Шаҳзоданинг продюссери ҳам худди шундай тартибда ­дастури мавжудлиги, бир соатлик хизмати 5 минг доллар атрофида эканини айтган. бошқаларнинг ҳам нархи шундан кам бўлмаслиги, битта тўйнинг ўзи қанчага тушиши-ю бу пулга қиш­лоқда икки-учта тўй ўтказиш мумкинлиги, тўйларда санъаткорлар хизматини қатъий тартибга солиш лозимлиги ҳақида долзарб пост қолдирилди.

Аксарият фойдаланувчилар ушбу фикрни қувватлаб, бу ҳолатни танқид қилиб чиқди. Кимдир келган «юлдуз» катта пул олса-да, фонограмма орқали куйлашини айтса, кимдир санъаткорларни солиққа тортиш лозимлиги, яна кимдир бунга одамларнинг ўзи сабабчи бўлаётганини таъкидлади, бошқа биров мавзунинг ўзга жиҳатларини очиқлади.

— Ўзимиз шу «юлдуз»ларни кўтарамиз ва яна норози бўламиз! Палончининг тўйига Озодбек келибди, палончиникига Юлдузхон, деб шов-шув қиламиз, — дейди жиззахлик Ҳаёт Қосимов. — Бойлар кўп, пулни нимага ёки қаерга сарфлашини билмайди, маҳалладаги камбағалга ёрдам беришга зиқналик қилишади (ҳаммасиям эмас). Бизнинг шаҳримиз кичикроқ бўлсаям, маҳаллаларда овози борлар бор, фонограммасиз айтишади, тўйга келган халқни роса ўйнатади! Пулига келсак ҳамёнбоп! Ҳамма айб ўзимизда, бир-икки ой ўша «юлдуз»ларни тўйга айтманг, ана кейин кўрасиз!..

— Мумтоз йўналиш ­бўйича Консерваторияда таҳсил олганман. Жонли ижро шиорим! Ўзимга яраша мухлисларим бор. Хонандалар ҳақида кўп танқидларнинг гувоҳи бўламан. Илтимосим, бундай қилишдан олдин уларнинг рек­лама учун сарфлаётган харажатлари билан ҳам танишинглар. «Ободим ёр» деб номланган қўшиғимни радио, телевидениеда айлантиришга бир ойлик ўртача реклама учун 15 000 доллар сарфланди. Ундан ташқари, бир йиллик лицензия 1000 доллар ҳисобида. Лицензия олганим учун ҳар ойда 180 000 сўм солиқ тўлайман. Қўшиқ клип ҳолига келгунча 6000 доллар кетди. Бу фақат битта қўшиқ учун сарфланган харажатлар, холос, — дейди Гулзода Худойназарова. — Раҳматжон Қурбоновлар даврида телевидениега хонандаларни чақириб, пул тўлаб чиқаришган. Ваҳоланки, бундай ижрочилар жуда-жуда кўп! Аммо уларда маб­лағ йўқлиги учун таниқли бўлиша олмаяпти. Тўртта фонограмма айтадиган «қиммат» санъаткорларни жазолаш мақсадида тўловлар янада оширилиши мумкин, аммо улар бу суммани тўлаб ижодини давом эттираверади. Буёқда яна жабр кўрадиганлар ҳақиқий жонли ижрочилар, ўзбек санъати фидойи­лари бўлади! Чунки уларда бундай маблағ йўқ…

Муҳокама мунозарага чорлади

Яқинда «Ўзбекконцерт» давлат муассасасида санъаткорларнинг тўй-маросимларда иштирок этиши масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда битта тўйда битта санъаткор бўлиши керак, деган мазмундаги таклифга шоир Бобур Бобомурод «Бир тўй учун битта санъаткорни жуда кам деб ўйлайман. Майли, йўналиш бўйича чақиришсин. Кимдир, албатта, устоз санъаткорни хоҳлайди, мақом хоҳлайди. Кимдир эса эстрадани хоҳлайди», дея фикр билдиргани ҳам кўпчиликнинг дилидаги гапларни ташига чиқарди.
Бу бўйича қуйидаги фикр ўртага ташланди: «Шоиримиз битта нарсани назарда тутган кўринади: битта санъаткор битта тўйни ўтказа олмайди!

Аниқроқ айтганда, ҳозирда жуда кўплаб қўшиқчилар (улар санъаткор эмас!) ярим соатлик фонограмма ­дискини олиб, тўйхоналарга ўзларини бирровга кўз-кўз қилиб кириб-чиқишади. У ерда санъат, ҳақиқий ижро, жонли ижро деган гапларнинг урвоғиям йўқ. Агар ҳақиқий санъаткор бўлса, ҳалоллаб меҳнатига яраша ҳаққини олсин. Етмишдан ошган Шерали Жўраев уч соат жонли концерт бераяпти, бундай хизмати учун санъаткорга муносиб ҳақ тўлаш керак. Аммо оғзини қимирлатиб, майнавозчилик қилиб кетаётган «юлдузча»ларнинг йўлини тўғри ўзанга солиш вақти келди. Талаб тўғри қўйилиши лозим. Биз санъаткорларнинг ҳалол меҳнатига муносиб баҳо берайлик, аммо халтурачиларнинг ҳам бу соҳадан кетиш вақти келганини қатъий туриб айтишимиз керак. Санъатни унинг ичидагилар бузмаслиги лозим…». Тармоқда қолдирилган ушбу пост ҳам қизғин мунозараларга сабаб бўлди.

— Нега кам бўларкан?! Жуда етади-да. Биз томонларда битта санъаткор билан ҳам тўй жуда маромида ўтади, — дейди ижтимоий тармоқнинг Гулчеҳра Шарипова исмли фойдаланувчиси. — Тошкентча одатнинг ҳечам кераги йўқ. Умуман, машҳур санъаткор келган тўйни тўй деб айтолмайман. Бу билан ҳеч кимнинг шахсиятига тегмоқчимасман-у, тўй тўй эмас, шоуга айланиб кетади. Айниқса, у билан расмга тушиш учун турнақатор бўлиб турган мухлислар, келин-куёвга тупуриб қўйган бойвачча меҳмонлар, пул қистириш илинжида «юлдузчалар» атрофида ширакайф рақсга тушаётган ёшлар… Хуллас, оддий битта яхши хонанда билан ўтган тўйга нима етсин? Пул ишлаш учун керак бўлса ўзи ҳам раққосалар олдида турволиб қилпанглайдиганларнинг кимга кераги бор?

— Тўйлар ҳақидаги ўйларни ўқир эканмиз, жамиятимиз қанчалар тубанлашиб кетганига қайта-қайта ишонч ҳосил қилмоқдамиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Азамат Зиё. — Юзаки қараганда, барча миллат, маънавият, санъат ҳақида қайғургандек, аслида эса «қассобга мой қайғу, эчкига жон». Фожиамиз ҳам шунда! Айнан шу сабабдан ҳам Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Ойбек, Беҳбудий, Фитрат….ва яна ­кўпларни қўлдан бердик. Лекин ақлимиз кирмади, кирмади. Тўй, ундаги отарчининг сони муҳимми ёки икки ёшнинг бахти, янги туғилаётган оила, бўлажак фарзандлар — ўзбекнинг эртанги куни, саодати муҳимми? Кўп гап — эшакка юк! Сафсаталар вақти ўтди. Шартта кесиб, оқилона тўхтамга келиш зарур. Кейин кеч ва оғир бўлади. Моҳият эътибори билан ­айтганда, тўй санъаткорсиз, жаноза имомсиз ҳам ўтади. Негаки, миллат бор экан, ҳаёт тўхтамайди. Қолган барчаси тўқликка шўхлик, маърифатсизлик ва худбинликдандир.

— Фалон минг доллар олиб тўйга бораётган қўшиқчини оқламайман, лекин ўшанча пул бериб уни тўйига олиб бораётган жоҳилдан хафаман, — дея ­куйиниб ёзади таниқли журналист Рўзибой Қўлдошев. — Бу каби айтишга ҳам уяладиган иллатларимиздан қачон ва қандай қилиб қутулар эканмиз-а?
Муҳокамага қўйилган фикрга аксарият фойдаланувчи тўй ўтказишга битта санъаткор етади деган гапни маъқуллаган. Ўз-ўзидан аёнки, бундай дабдаба ортидан қувиб, санъаткорларни турнақатор қилиб қўйиб, орзу-ҳавас ортидан бор-будини сочиб, эртаси кун бош чангаллаб ўтиргандан кўра, кетган маблағни ёшларнинг келажаги учун сарфлаган маъқул деган хулоса келиб чиқади…

«Овозаси оламни тутсин»

Истайдими-йўқми, яхши ният билан тўй бошлаган ҳар қандай киши кўнглига бир ўй келиши бор гап: бир тўй бўлсинки, овозаси оламни тутсин, душман кўзи ўйилсин. Ана шу «ҳою-ҳавас» азал-азалдан қон-қонимизга сингиб кетган, десак тўғри бўлар балки. Жадидлар даврида ҳам бу борада фикрлар билдирилгани, ўтган асрда суратга олинган «Маҳаллада дув-дув гап» фильми қаҳрамони битта қўзини ўнта қўй, дея мақтаниши ҳам шундан дарак беради. Ана шу «ҳавас» инсонни нималарга етакламайди. Оилада ҳамма нарса етарли бўлса, билинмас, аммо оқибати ўйланмай кўтарилган қарз-қавола ортидан пайдо бўлган нотинчлик, ёшларнинг ҳам келажак режаларини тузиб бахтдан сармаст бўлиш ўрнига тинчи бузилиши ва бошқа-бошқа дилхираликлар… Бу борада атрофимизда жонли мисоллар қалашиб ётибди.

Яна бир аччиқ ҳақиқат. Кўпчилик санъаткорни қўшиғи учун эмас, тўйимга фалон-фалон артистлар келди, дея мақтаниш учун айтаётгандек. У қандай қўшиқ куйлади ёки дискни қўйиб оғзини қимирлатиб кетадими, бу меҳмонларга ёқадими-йўқми буни хаёлига ҳам келтирмайди. Фақатгина тўйда ўша юлдуз кўриниш берса бўлди. У учун қанча-қанча маб­лағ сарфлаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди. Бунинг ортидан тўйнинг овозаси «оламга ёйилса»… Назаримизда, бу иллатдан қутулиш пайти келганини халқимиз онгига сингдириш керак бўлган пайт келди.

— Битта тўйда битта санъаткор бўлсин, деган ­фикрни ким айтган бўлса ҳам отасига раҳмат, — дей­ди филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов. — Бу қонун билан белгилаб қўйилса, нур устига нур бўларди. Аввало, бирровга келиб, ўн дақиқа айтадими-йўқми, отнинг калласидек пулни шилиб кетаётганлар ўзига келади. Нарх ҳам пасаяди. Ўртада рақобат кучайиб, ҳақиқий истеъдодлар ажралади. Бу соҳага адашиб кириб қолганлар «диск»ни бир жойга йиғиштириб қўйиб, чин касбини топади. Яъни, бутун бошли тўйда охиригача хизмат қилиш ҳақиқий истеъдод бўлмаса, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Кимлардир жонли ижро талаб қилиб қолса, «ҳунари» ошкор бўлиб қолишини яхши билади. Энг асосийси, халқимиз тўйимда фалон-фалон юлдузлар кўриниш берсин, деган шайтоний ўйдан қутулади. Ўзи ёқтирган яхши бир санъаткорни айтиб қўя қолади. Тўй ҳам тўйдек ўтади.

Тўй ҳам қадрият. Унинг ўзига хос қонун-қоидалари, ота-боболардан мерос урф-одатлари бор. Буни яхши тушунган киши асло кам бўлмайди. Шунга қараб ўзи, оиласи, халқи ва юртига манфаат келтирадиган режа асосида яхши кунини ўтказади. Ана шу ­хислати унинг маънавиятини кўрсатиш баробарида жамиятни ортидан эргаштиришга ҳам хизмат қилади. Ўзига тўқ хонадонлар бу борада манманликка берилиш ўзгаларга беҳурматлик эканини тушунади, бундайроқлари эса кўрпасига қараб оёқ узатади.
Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг тўйда дабдабабозликка берилиб, оқибатда қандай ҳолга тушиб қолган киши ҳақидаги ­сатрлари хаёлдан ўтади:

…Амаким шунақа тўй бериб элга,
Эртанги овоза гаштини сурар.
Топган-тутганини совуриб елга,
Эшик панасида бўзрайиб турар.

Дўппини бир четга қўйиб…

Шу ўринда ёшлигимда бўлган бир воқеани ёдга олсам. Қишлоқда бўлган тўйга воҳа тарафдан таниқли, ёши улуғ бахши келиб қолди. Одамлар унинг ширали овозидан маст бўлиб, қайта-қайта илтимос қилиб базм тугагунча жонли овоздаги достонлар-у дўмбира сеҳрига маст бўлиб ўтиришди. Қулоқни тешадиган мусиқа овози ютиб юбораётган маҳаллий санъаткорлар борлиги буткул унутилди. Бахши халқнинг бу эътибори-ю эътирофидан кўнгли тоғдек кўтарилган, қўйиб берса, туни билан ҳам куйлайдиган… Демак, халқнинг кўнглидан чиқиш, ўша тўйни узоқ вақт эслаб юриши учун битта ҳақиқий истеъдод етиб ортар экан. Буни дўппини бир четга қўйиб ўйлаб кўрадиган пайт келди.

Оғриқли нуқта… Инсонга асло тинчлик бермайдиган дард. Қачонки даволанса, кўнгил хотиржам бўлади. Аммо бу оғриқ биргина кишининг эмас, бутун жамиятники бўлса-чи? Бунга бутун эл биргаликда курашиб, шифо ахтармаса, у газак олиб кўпайса кўпаяди-ки, асло ортга чекинмайди. Халқимизнинг ўтмиш ва бугунги оғриқларидан бири бўлган тўй машмашасига ўз вақтида даво чорасини кўрмасак, эртага кеч бўлиши тайин. Ўзимиз эса келажакда ҳам ундай қилиш керак, бундай қилиш керак, деб юрган бўламиз.
Сиз нима дейсиз, қадрдон?
Салим АБДУРАҲМОНОВ

Манба: ishonch.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўйлар ҳақида ўйлар ёхуд «Шунча бўлурми ҳай-ҳай?!»