ХДП ЎзЛиДеПни сайлов кампанияси давомида қонунни бузганликда айблади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

ХДП ЎзЛиДеПни сайлов кампанияси давомида қонунни бузганликда айблади

Жамият 23-12-2014, 15:02 1 235
ХДП ЎзЛиДеПни сайлов кампанияси давомида қонунни бузганликда айблади

Халқ демократик партияси Ўзбекистон Либерал-демократик партиясини қонунни бузишда айблади. Бу ҳақда партиянинг парламент сайловлари якуни бўйича бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 21 декабрь, якшанба куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари дастлабки натижаларига кўра, ХДП 21та ўрин олишга эришди. 4 январь куни эса 22та округда қайта сайловлар бўлиб ўтади.

ХДП етакчиси Ҳотамжон Кетмоновнинг сўзларига кўра, ўтган сайловларда партия ўз олдига “катта вазифалар қўйган эди ва уларга эришиш йўлида қоун талабларига риоя этган ҳолда тарғибот ишларини олиб борди”.

“Лекин бошқа айрим сиёсий партиялар фаолиятида сайловларнинг қонунийлик ва адолатлилик каби асосий тамойилларига тўлиқ риоя қилмаслик ҳолатлари кузатилди. Хусусан, ЎзЛиДеП тарғибот-ташвиқот жараёнларида қонунни четлаб ўтган ҳоллар кўзга ташланди”, – дея партия етакчисининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ХДП расмий сайти.

Айнан қандай қонун бузилиши ҳоллари кузатилгани ва энди уларга нисбатан қандай чора кўриш лозимлиги хабарда келтирилмаган.

Манба: Kun.uz


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.