ОТМларда контракт нархининг оширилиши кескин эътирозларга сабаб бўлди

  • Жамият
  • 11-07-2018, 16:12
  • 1 381
  • ОТМларда контракт нархининг оширилиши кескин эътирозларга сабаб бўлди
    Фото: Facebook / Акмал Умирзоқов
    Кеча Олий таълим муассасаларидаги тўлов-контракт нархлари энг кам ойлик иш ҳақига боғлангани ва бунинг натижасида тўлов-контракт нархлари ўртача 18,5 фоизга ошгани ҳақида хабар берган эдик.

    Ушбу қарор ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умирзоқов олий таълим муассасаларида тўлов контракт нархларининг кўтарилишига муносабат билдириб ўтди.

    “Ўзгарган контракт, Сендан бир ўтинч, энди ошма. Ошсанг шундоқ ҳам 8%и талаба бўлган 600000 ёшлар ўқишга қийналади. Сени ўзи ким белгилайди, белгилашда қайси мезонлар инобатга олинади-а? Оширишдан олдин Олий Мажлисниям фикрини олмабсанда. Олий Мажлисни фикрини нима қизиғи бор аслида. Битта КабМин (Вазирлар Маҳкамаси назарда тутилмоқда — таҳририят) қарори қонундан ҳам улуғку.

    Бу илм дегани анқони уруғию, фақат сараланганлар таҳсил оладими? Мақсад пули борга таҳсил олиш имконини беришми?

    Ўқимоқчимиш, нима, дунёни оберармидинг?!

    Ўқиган анави қўшнини боласими?! 3 та дипломи бор, иккитасини дунёни ТОП-100 Университетидан олган. Ҳозир пост ёзиб ўтирибди. Унгаям қийин!”, деб ёзган депутат ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

    Скриншот: Facebook / Акмал Умирзоқов
    Маълумотларга кўра, сўнгги жумлаларда депутат ўзини назарда тутмоқда, чунки Акмал Умирзоқов Тошкент давлат юридик институти, Глазго университети ва Япониянинг Цукуба университетида таҳсил олган.

    Шунингдек, ушбу масалага яқинда ўтказилган блогерлар чемпионати совриндори бўлган блогер Исроил Тиллабоев «Facebook»даги саҳифасида шундай пост қолдирди:

    «Олий Мажлис депутатларни таклифини оладими?!

    Саволим беъмани, тўғрими? Лекин биласизми, барибир кечадан буён бу саволга жавоб тополмаяпман, ўша шов-шувли КОНТРАКТ (катта ҳарфда ёзаверинг, туришига қараб) ҳақидаги қарордан кейин.

    Гап шундаки, баҳорда Олий Мажлис депутати Рашид Қодиров айнан контракт тўлови янгича усулини Олий Мажлисга ва «Facebook»даги фойдаланувчиларга тақдим этганди, депутатимиз тақдим этган таклифида биринчидан контракт тўловлари аввалгидан юқори бўлмайди, иккинчидан катта балл тўплаб лекин биринчилардан контрактга тушиб қолган билан энг охирги ўринда контрактга илинган бола билимига яраша ҳар ҳил контракт тўларди, учинчидан давлатга яхши тарафи шунда эдики, бу усулда илгариги усулдан қанчадир миллиард сўм кўп пул ҳам тушарди, халққа ҳам, давлатга ҳам фойдали таклиф эди...

    Афсуски, биз осонгина йўлни танлаб қўяқолдик, ойлигимиз 80 минг ошади, лекин эвазига контрактимиз 800 минг ошади, йилда 2 марта ойлик ошишини ҳисобга олсак, елкаси қавариб у контрактдан бу контрактгача чираниб яшаётган ота оналаримизнинг янада ачинарли аҳволини кўриш мумкин...

    Хуллас мен бир саволга жавоб тополмай қийналмоқдаман ўртоқлар — Олий Мажлис биз сайлаб қўйган депутатларимиз таклифини эшитадими ёки улар қарсак чалувчилар деб қараладими?!»

    » » ОТМларда контракт нархининг оширилиши кескин эътирозларга сабаб бўлди
    Яндекс.Метрика