23:20 / 11.07.2018
5 384

1916 йилдаги Ўрта Осиё мусулмонлари исёни ва қирғини (видео)

1916 йилдаги Ўрта Осиё мусулмонлари исёни ва қирғини (видео)
1916 йилнинг 25 июнида Россия императори Николай II “ғайритабаа аҳоли”ни фронт ортидаги ишларга сарфарбар қилиш ҳақидаги “олий фармон”га имзо чекди. Унда 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркакларни Биринчи жаҳон уруши фронти ортидаги ишларга жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, фармон биринчи навбатда Туркистон аҳолисига тегишли эди. Бугунги кунда тарихчилар мазкур қарорни қўпол ва таҳқирловчи деб аташади.

Фармон Ўрта Осиёнинг туб аҳолиси ўртасида кенг кўламли қўзғолонларнинг бошланишига туртки берди. “Ғайритабаа аҳоли” ўзини Россия империясининг тўлақонли қисми сифатида ҳис қилмас, чунки давлат Туркистон аҳолисига ўз фуқароси сифатида эмас, паст табақадаги инсонлар сифатида қарар эди. Масалан, серҳосил ерлар туб аҳолидан тортиб олиниб, Россиянинг марказий қисмларидан келганларга тортиқ қилинган ҳолатлар кўп бўлган.

Меҳнат сафарбарлиги Рамазон ойи арафасига тўғри келди. Бу эса Туркистон аҳолисига аниқ сигнал эди: уларнинг урф-одатлари ва динлари эътиборга олинмаяпти. Устига-устак, ўша кезлар деҳқонлар далада банд бўлиб, ҳеч ким ишини ташлаб, ўзи учун тушунарсиз бўлган урушга йўл олишни истамасди.

Ўша дамда Туркистон аҳолиси ўртасида норозилик кучайиб борди. Ўлганнинг устига дегандек, яна бир бемаъни фармон чиқарилди: туркистонликлар Россия ҳарбийлари ва мулозимларини кўрганда бош кийимларини чиқаришлари керак. Турган гапки, бу маҳаллий одамларга ёқмади. Қолаверса, чор амалдорлари баъзан диний қадриятларга тажовуз қилишдан тап тортмас, ҳатто ҳажга боришга тақиқлаб қўяр эди.

Шундоқ ҳам камбағал бўлган аҳолининг иқтисодий аҳволи тобора ёмонлашиб борарди. Солиқлар уч-беш баравар ошиб кетди. Ўтроқ ўзбеклар ва тожиклардан пахта ҳосилини ошириш талаб қилинди. Кўчманчи қозоқлар ва қирғизлардан эса гўшт ва чорваси олиб қўйилди. Солиқ йиғими зўравонликлар билан амалга оширилар эди. Энг яхши ерларнинг аста-секин россиялик келгиндилар қўлига ўтиб бориши туркистонликларнинг ғазабини қўзғамай қолмади.

Худди шу пайт ўша машҳур “олий фармон” чиқди: 250 минг ўзбеклар ва тожиклар ҳамда 230 минг қозоқлар ва қирғизлар фронт ортидаги ишларга сафарбар этилиши керак эди. Бу эса юз минглаб оилаларнинг боқувчисиз қолишини англатарди. Шундоқ қилиб, туркистонликларнинг сабр косаси тошди.

1916 йилнинг июлида қўзғолонлар бошланди. Қўзғолонни бостириш учун артиллерия ва пулемётлар билан қуролланган 30 минг аскар ва зобит жалб этилди. Ўша йилнинг 22 июлида Туркистон генерал-губернатори лавозимига генерал-адъютант Алексей Николаевич Куропаткин тайинланди. Муаммонинг илдизини кўра олган Куропаткин кундалигида шундай ёзган эди:

“Амалдорлар қирғизларнинг ер таъминоти меъёрларини ўзбошимчалик билан белгилашган, ерларни шудгорлар, қўтонлар, экинзорлар, суғориш тизимлари билан бўлиб ташлашган... Нафақат экин экишга, балки чорва боқишга мос ерларни ҳам тортиб олишган. Айнан ерларни адолатсизлик билан тортиб олиш қўзғолонга олиб келди”.

Бироқ генералнинг хабардорлиги қатъий, таъбир жоиз бўлса, қақшатқич сиёсатга асло таъсир кўрсатмади. Жазо отрядлари чинакам қирғин ўтказди. Генерал-губернаторнинг фармонига биноан барча отрядлар ҳузурида ва шаҳарларда ҳарбий-дала судлари ташкил этилди. Улар кетма-кет қатл ҳукмларини чиқара бошлади. Кўпинча қўзғолончилар ҳеч қандай судсиз отиб ташланган ёки қўриқлаб олиб кетилаётганида ўлдирилган. Тинч аҳолига қарши артиллерия, пулимётлардан кенг фойдаланган, бутун бошли қишлоқлар ёқиб юборилган.

Пировардида чор ҳукумати ўз олдига қўйган режасини бажара олмади: “ғайритабаа аҳоли”дан 480 минг ўрнига 100 мингдан ортиқ киши мардикорликка жўнатилди, холос. Ярим миллион туркистонлик Хитойга қочиб кетди, минглаб инсонлар йўлда совуқдан ва очликдан ўлиб кетди, тоғ йўллари жасадлар билан тўлди.

1916 йилдаги ҳодисалар муносабати билан Қирғизистонда ҳар йили Тарих ва аждодларни хотирлаш куни ўтказилади.


Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 1916 йилдаги Ўрта Осиё мусулмонлари исёни ва қирғини (видео)