08:01 / 13.07.2018
4 513

Энди шпаргалка ҳам, телефон ҳам ёрдам бермайди

Энди шпаргалка ҳам, телефон ҳам ёрдам бермайди
Фото: marifat.uz
Олий ўқув юртида таҳсил олиш ёшларнинг улуғ мақсадларидан бири. Айни кунларда олий таълим муассасаларининг қабул комиссиялари ана шу эзгу ниятни дилига туккан йигит-қизлар билан гавжум. Наманган давлат университетида ҳам талабалик орзусидаги ёшларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ишлари қизғин давом этяпти.

Университетда янги ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишларига 1865 та қабул квотаси ажратилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 365 та кўп, демакдир. Бир пайтнинг ўзида таълим йўналишлари ҳам олтитага ортиб,зооинженерия (балиқчилик), ижтимоий иш, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, спорт фаолияти бўйича футбол, волейбол ҳамда кураш мутахассисларини тайёрлаш йўлга қўйилди.

—Фаолиятимизни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори асосида олиб боряпмиз, — дейди университет қабул комиссияси масъул котиби Наримон Деҳқонов. — Қабул жараёнини самарали ташкил этиш юзасидан вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, Давлат тест маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тадбирлар режасига мувофиқ, университет ректори раислигида тажрибали, ҳалол, пок ва масъулиятли профессор-ўқитувчилардан иборат қабул комиссияси Талабалар тураржойида изчил фаолият кўрсатмоқда.

Қабул комиссиясида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, ҳужжат топшириш учун келган ёшларнинг ариза бланкаларини тўлдиришлари учун ажратилган махсус жойларда бир вақтнинг ўзида 120 нафар абитуриентнинг иши битади. Топширилган ҳужжатларни тезкорлик билан Давлат тест маркази базасига киритиш ва уларни текшириш ишлари техник воситалар ёрдамида амалга оширилмоқда. Бунда симли ва симсиз интернет тармоғига уланган иккита ВЕБ камера хонасидан унумли фойдаланилаётир. Ахборот-маслаҳат маркази қошида “Мурожаатлар маркази” ишлаб турибди.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилги қабул ва тест синовларида адолат ва шаффофликни таъминлаш юзасидан қатъий тадбирлар белгиланган.Тест синовлари учта павильон — Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуаси, Наманган Олимпия захиралари спорт коллежи ҳамда Наманган муҳандислик қурилиш институти академик лицейида ўтказилади. Унда биргина университетнинг ўзидан 140 нафар профессор ўқитувчилар кузатувчи сифатида иштирок этишади. Бир босқичда 600 тадан 800 тагача абитуриентни жойлаштира оладиган павильонлар замонавий кузатув ва узатиш камералари билан жиҳозланиб, ота-оналар ўз фарзандининг синовдан ўтиш жараёнини ҳовлида ўрнатилган йирик ҳажмли монитор орқали кўриб турадилар.

Шу ўринда тест синовларига киришда аввалги йилларда айрим абитуриентлар томонидан қўлланиб келинган ноқонуний хатти-ҳаракатларга бутунлай чек қўйиш имкониятлари яратилганлигини айтиб ўтиш зарур. Энг аввало, павильонларга шпаргалка,қўл телефони, бошқа қўшимча воситалар умуман киритилмаслигини таъминлаш мақсадида замонавий текширув қурилмаси ўрнатилади. Илгари тартибни бузган абитуриентдан тақиқланган восита олиб қўйилар, бироқ, у синовга кира олар эди. Энди талаб қатъийлашган,қоидабузарга нисбатан дарҳол далолатнома тузилади ва у синовдан бутунлай четлатилади. Бошқа бировнинг кимнингдир ўрнига кириши (ҳатто, эгизаклар бўлса ҳам) тўғрисида асло гап бўлиши мумкин эмас. Чунки, кириш жойида қўлланиладиган юқори даражадаги қурилма шахснинг юз қиёфасини ўта аниқликда ажратиб беради.

— Тўрт йилдан буён ҳужжат топшираман, бироқ омадим юришмайди, — дейди учқўрғонлик Умида Асқарова. — Бу йил тест синовларига жуда қаттиқ тайёрландим. Амалда жорий этилаётган янгиликлар, синовларнинг очиқ-ошкоралик шароитида ташкил этилиб, шаффофлик таъминланишидан умидим катта.

Абитуриентнинг фикрига қўшиламиз. Зеро, тест синовларида адолат тамойилларининг устуворлиги, қатъий жамоатчилик назорати, энг муҳими, замонавий кузатув ускуналаридан самарали фойдаланиш етарли билимга эга ёшларни саралаб олишда кутилган натижани беради, албатта.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

Манба: “Халқ сўзи”

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди шпаргалка ҳам, телефон ҳам ёрдам бермайди