Танганинг иккинчи томони: қўриқчилар фаолияти қачон тартибга солинади? (фото, видео)

  • Жамият
  • 11-08-2018, 19:42
  • 1 259
  • Танганинг иккинчи томони: қўриқчилар фаолияти қачон тартибга солинади? (фото, видео)
    Юнусобод туманидаги сўнгги ҳодиса қатор ҳуқуқий масалаларни келтириб чиқарди.

    Ижтимоий тармоқларда видео тарқалди, унда тунги клуб қўриқчилари бу ерга келган шахсни ўласи билан калтаклашгани ва пичоқ билан зарбалар беришганини кўриш мумкин.

    Энди Ўзбекистондаги қўриқлаш хизмати ҳақида бир қатор саволлар туғилмоқда. Биринчидан, Ўзбекистонда қўриқчиларнинг фаолияти лицензияланмайди.

    Хорижий мамлакатларда Bouncer (doorman) атамаси бор - қўриқчи. Улар муассасанинг (бар, ресторан, дискотека ва бошқалар) хавфсизлиги учун жавобгардирлар.

    Масалан, Буюк Британияда қўриқчига айланиш учун шахс қуйидаги лицензияни олиши керак:

    Ўз навбатида, қўриқчилар ушбу лицензияни ўзи билан олиб юриши ва уни кўзга ташланадиган жойга тақиб қўйишлари керак. Лицензия бўлмаса, иш ҳам бўлмайди. Айтганча, Британия полицияси мунтазам равишда рейдлар ўтказиб, қўриқчиларда ҳужжат борлигини текширади.

    Лицензия олиш учун сиз бир қатор жараёнлардан ўтишингиз керак. Дарвоқе, Буюк Британияда қўриқчилик фаолиятини тартибга солиш билан махсус агентлик (SIA) шуғулланади.

    Лицензия олиш учун номзод агентлик сайтида рўйхатдан ўтиши, сўровномани тўлдириши, махсус тренингни тугаллаши, тестлардан ўтиши ва тегишли текширувдан ўтиши керак. Лицензия одатда 14 кун ичида берилади.

    Ўзбекистонда бу соҳани тартибга солиб, лицензияни жорий этиш вақти келди. Ушбу фаолият билан шуғулланадиган махсус ташкилотни ташкил этиш муҳимдир. Ўз навбатида, у ички ишлар органларига бевосита бўйсуниши керак, чунки Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги учун масъулдир.

    Ҳар қандай лицензиясиз фаолият қонун билан жазоланиши керак. Шунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига ўзгартириш киритиш муҳим.

    Шу билан бирга, назоратни кучайтириш учун қўриқчиларга профилактика инспекторига лицензиянинг нусхасини тақдим этиш мажбурияти қўйилиши лозим.

    Мисол учун, Юнусобод туманида «А» янги клуби очилди. Менежер қўриқчиларни ёллашга қарор қилди. У лицензияга эга қўриқчиларни қидиришга мажбур бўлади. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу қўриқчилар маълумот тренингдан ўтган ва ички ишлар органларида рўйхатдан ўтган бўлади. Шундан сўнг, қўриқчилар маҳаллий профилактика инспекторининг олдига бориб, ўз лицензиясининг нусхасини берадилар.

    Натижада, ички ишлар органлари бу объектни ким қўриқлаётганини билишади ва масъулиятни ҳис этадилар.

    Иккинчидан, тренингни профессионаллар ишлаб чиқиши керак.

    Тренинг жараёнига психология, биринчи тиббий ёрдам, мулоқот усуллари ва маъмурий, шунингдек, жиноий қонунчилик ҳақида қисқача таништирув курсларини киритиш лозим.

    Агар ташриф буюрувчи пичоқ билан ҳужум қилса, уни қуролсизлантириш лозим, бироқ, шу билан бирга, дарҳол ички ишлар органи ходимларини, айниқса профилактика инспекторини чақириш керак.

    Видеога эътибор беринг. Қўриқчилар бундай фаолият учун профессионал тайёргарликдан ўтмаганлиги аниқ кўриниб турибди.

    Кимдир сизнинг ҳамкасбингизга пичоқ билан жароҳат етказди, лекин бу уни ўлдириш кераклигини англатмайди. Қуролсизлантириш ва ички ишлар органи ходимларини тезда чақириш мумкин эди.

    Дарвоқе, қўриқчилар ҳам қайси ҳолларда куч ишлатиш мумкинлигини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш нима эканини билишлари керак. Чунки, барча ҳаракатлар учун улар қонун олдида барибир жавоб берадилар.

    Кимдир шишани синдирди ва ўзига жароҳат етказди. Қўриқчи биринчи ёрдамни кўрсатишга тайёр бўлиши керак.

    Ушбу соҳани фақатгина лицензиялаш йўли билан тартибга солиш мумкин.

    Ҳа, қўриқчилар кучли, лекин, катта эҳтимол билан, улар маъмурий ва жиноий қонунчилик ҳақида умуман маълумотга эга эмаслар, ҳеч қандай махсус тренингдан ўтишмаган.

    Ҳуқуқ-тартибот органларидаги айрим экспертлар билан суҳбат чоғида маълум бўлдики, қўриқчилар одатда «кўчадан» олинади. Бу мунтазам равишда залларда ёки мактабларда спорт билан шуғулланадиган йигитлар. Кечаси объектни қўриқлашади, кундузи эса спорт билан шуғулланишади ёки ўқишади. Асосан, турли хил дорилар ва спорт озуқа қўшимчаларини истеъмол қилиб, ўз гавдалари ҳақида қайғуришади. Ҳеч қандай профессионал малака йўқ - шунчаки гавда.

    Келинг, очиқ айтайлик. Ўзбекистонга бу каби «разборкачилар» умуман керак эмас. Бизга нормал лицензияланган қўриқлаш хизмати керак. Албатта, куч ҳам керак, лекин ақл ҳам зарар қилмайди.

    Айтганча, лицензияни пуллик қилиш мумкин. Масалан, бир йил учун - энг кам иш ҳақининг 20 баравари (3 миллион 686 минг сўм). Олинган маблағларни маҳаллий профилактика инспекторлари фаолиятини яхшилашга йўналтириш керак.

    Ўзбекистонда қўриқчилик фаолияти легал касбга айланиши даркор. Тегишли ташкилотлар ҳаракатга қандайдир чоралар кўрмаса, бундай ҳодисалар фақат ортиб боради. Яна бир бор таъкидлаймиз, ҳаммаси қонуний бўлиши лозим, қўриқчилар ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши керак.
    Улуғбек Акбаров

    Манба: Kun.uz

    » » Танганинг иккинчи томони: қўриқчилар фаолияти қачон тартибга солинади? (фото, видео)
    Яндекс.Метрика